Бугуннинг гапи
Маълумки, Ҳаж ибодати Ислом динининг беш арконидан бири ҳисобланади. Дунёнинг турли бурчакларидан мусулмонлар Ҳаж ибодатини бажариш учун Макка-и-мукаррама шаҳрига йўл оладилар. Бу йил ҳам ўн беш минг нафар юртдошимиз Ҳаж амалларини бажариш учун Мадина-и-мунаввара ва Макка-и-мукаррамага йўл олдилар. Ҳаж маросими бошланаётган бир пайтда юртимиздан борган зиёратчилар хурсанд бўладиган иш содир бўлди.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг раиси, муфтий ҳазратлари билан телефон орқали суҳбатлашдилар. Давлатимиз раҳбари бу йилги Ҳаж зиёратини ташкиллаштириш ишлари, юртимиздан борган зиёратчиларнинг кайфиятлари, уларга яратилган шароитларнинг қандайлиги билан қизиқдилар. Муфтий ҳазратлари бу йилги Ҳаж юқори савияда ташкил этилганлиги, ибодатчилар яратилган шароитдан мамнун эканликларини маълум қилдилар.
Мана, Ҳаж маросимлари ҳам тугаб, яқин кунларда юртдошларимиз Ватанимизга қайтадилар. Ҳар йилгидек улар юқори савияда кутиб олинади. Ҳожиларни кутиб олишда, улар хонадонларига келганда турли дабдабабозлик, “хўжакўрсин” амаллар ва исрофгарчиликларга йўл қўймаслигимиз лозим. Зеро, бундай ишлар динимизда қайтарилган амаллардан ҳисобланади. Қуръони каримда: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!” (Исро сураси, 26 оят) дейилади. Ҳадиси муборакда: “Эй инсонлар, енглар, ичинглар, садақа-эҳсон қилинглар, лекин уларга исроф ва такаббурлик аралашмасин”, дейилади. Яна бир ҳадисда: “Сени икки хислат: фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”, дейилади. Дунёда ҳали ҳеч ким мол-мулкини исроф қилиб, бирор мартаба ёки бирор яхшиликни қўлга киритган эмас. Бу ҳақда Имоми Аъзам розияллоҳу анҳу: “Хайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир” дейдилар.
Ҳақиқатни тан олиш керакки, айрим кишилар Ҳаж ибодатидан қайтиб келган ҳожиларни кутишни “ҳожи тўйи”га айлантириб юборадилар. Аслида, бундай йўл тутиш, турли хил риёкорлик кўринишидаги ишларни қилиш, исрофгарчиликка олиб борадиган дастурхонлар ёзиш Ислом динида бўлмаган амаллардир.
“Ҳожи тўйи” қилиб исрофгарчилик, дабдабабозлик, риёкорликлар қилиш бизни оғир гуноҳлар қаърига, шайтоннинг йўлига чорлаётган бўлади. Қуръони каримда: “Чунки улар молларини риёга сарфлашади ва Аллоҳга ҳам, қиёмат кунига ҳам ишонишмайди. Кимнинг дўсти шайтон бўлса, у қандайин ёмон дўстдир”. (Нисо сураси, 38-оят). Қатода розияллоҳу анҳу айтади: “Банда қачон риё билан (хўжакўрсинга) амал қилса, Аллоҳ таоло айтади: “Бандам мени масхара қилаётганини кўринглар!” дейди. Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам риё, кибр, манманлик каби иллатларни кичик ширкка ўхшатганлар. Эҳсонини, амалини бошқалар кўриши учун, риёкорлик билан қилувчилар ҳам шайтон йўлидан юрган ҳисобланишади.
Шуни ҳам таъкидлашимиз лозимки, сўнгги пайтларда яратилаётган эркинликлар ортидан кўплаб фуқаролар оиласи, фарзандлари билан Ҳаж зиёратларига бориб келганларидан сўнг атрофдагилардан алоҳида эътибор, ҳурмат талаб қилмоқдалар. Дабдабабозликка, ҳаддан зиёда исрофга йўл қўймоқдалар. Бу масалада шариатимизга амал қилиб, унинг кўрсатмаларини ҳаётга татбиқ этишимиз лозим.
Ахир, Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам қилиб яратиб, унга кўп фазилатлар ато этди, улардан бири камтарликдир. Динимиз таълимоти мўмин-мусулмонларни ушбу сифатга эга бўлишга тарғиб қилади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган: “Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен (оёқларинг билан) зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан” (Исро сураси, 37-оят).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Бир-бирингизга нисбатан камтар бўлинг, токи бирон кимса бировга нисбатан такаббурлик қилмасин, бирон кимса бошқа кимсага зулм қилмасин” (Муслим ривояти).
Юқоридаги ҳадиси муборакларда камтар, хокисор бўлиб, кибру ҳавога берилмасдан, ҳаддини унутмасдан, мол-дунёга, мансаб-мартабага, шон-шуҳратга эришганда, бошқаларга паст назар билан қарамасдан, барча инсон Яратганнинг бандаси эканини унутмасдан ҳаёт кечириш зарурлиги таъкидланмоқда.
Камтарлик ва хокисорлик сифатига эга бўлган киши нафақат эл-юрт олдида, балки Аллоҳ таоло даргоҳида ҳам мақтовга лойиқдир. Бундай инсонлар ҳар қачон ўз ҳурматларини сақлай билиш билан бир қаторда, ўзгаларнинг қадр-қимматларини ҳам ўрнига қўяди.
Инсоннинг тупроқдан яратилишининг ҳикматларидан бири тупроқда вазминлик, камтарлик, хокисорлик хусусиятлари мавжуд.
Бир киши Ҳаж зиёратига гуноҳларини кечирилиши учун борсада, у гуноҳлари кечирилган ҳолда келганида яна динимизда гуноҳ бўлган ишларни бошлаб юборса, бу яхши амал ҳисобланмайди.
Дабдабабозликка, риёкорликка, исрофга пул-маблағларимизни сарфлашдан тийилиб, уни иқтисодий жиҳатдан қийналган кишиларга, муҳтож кишиларга, кам таъминланган оилаларга ёрдам сифатида берсак, катта савобларни қўлга киритган бўламиз.
Демак, ҳожиларимизни кутиб олар эканмиз, дабдабабозликдан, исрофдан, риёкорликдан, кибр ва манманликдан сақланайлик! Ҳаж амалларини бажариб эсон-омон қайтиб келган ҳожи онахон-отахонларнинг дуоларини олиш ҳаммамизга насиб қилсин!
Раҳматилла УСМОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили