Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
30 январь, пайшанба. 2025 йил                         Махсус версия RU

АБДУЛЛА

19.12.2024


АЖАБ САОДАТ ЭРУР...

Тўйхат ўрнида

Ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг   "Бу гулшан ичраки, йўқдур бақо гулига сабот, Ажаб саодат эрур, чиқса яхшилик била от", деган мисраларини кўпчилик билади, эшитган. Аммо ЯХШИ ОДАМ деган ўзига хос рутбага эришганлар у қадар кўп эмас. Тўғри, одам катта бойлик, яхши мансаб, мартаба эгаси бўлиши мумкиндир, аммо яхши инсон сифати ҳаммагаям насиб этмаган. Бунинг учун ҳаёт синовларига мардонавор туриш, доим олға интилиш, ўз устида ишлаш, илм-ҳунар эгаллаш, нафақат ўзи, ўзгалар бахти учун ҳам қайғуришни муҳим маслак деб билиши керак киши. Шундай инсонлардан бири Шодиёр Хўжаназаровдир.

Шодиёр Хўжаназаров 1944 йилда Чироқчи (ҳозирги Кўкдала) туманидаги Оқтўнли қишлоғида туғилган. Унинг болалик ва ўсмирлик даври Иккинчи жаҳон урушидан кейинги қийинчилик йилларига тўғри келди. Кўплаб оилалар уруш туфайли боқувчисиз қолган, борлари ҳам фронтдан ногирон бўлиб қайтган қийин даврлар эди. Хўжаназар аканинг оиласида беш ўғил, икки қиз, укаси Бобоқамбардан қора хат келиб, унинг бола-чақаси, ўзининг ота-онаси ва уч синглисиям унинг қарамоғида эди. Хўжаназар ака хўжаликда чорвачилик бўлимининг бошлиғи вазифасида ишласа-да, бундай катта оила аъзоларини едириб-ичириш ва кийинтириш ўша даврда осон кечмасди.

Шундай оилада ўсган Шодиёр Хўжаназаров ўқишга кириб, Самарқанд давлат университетини биология-физиология ихтисослиги бўйича аъло баҳоларга тугатди. 1966-1973 йилларда собиқ иттифоқ Фанлар академиясининг Ленинград бўлимида илмий ходим сифатида иш фаолиятини бошлади. Аспирантурада ўқиб, биология фанлари номзоди илмий даражасини олди.

1973-1986 йилларда Бутуниттифоқ пахтачилик илмий тадқиқот институти Қашқадарё филиалида илмий ходим, илмий котиб, директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари ва директор вазифаларида фаолият юритди. Ўша даврда илмий тадқиқот институтида Шодиёр аканинг кўмаги ва маслаҳати билан қирқдан ортиқ ёш илмий ходимлар номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, соҳада етук олимлар жамоаси    шаклланди.

У бу даврда чўл шароитида пахта етиштириш технологиясини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этиб, 1983 йилда институт қошида ғўза селекцияси ва янги навлар агротехникаси бўлимини ташкил қилди. Сафдошлари билан бирга "Қашқадарё-1", "Қашқадарё-5", "Қашқадарё-7", "ЎзПИТИ-2601" сингари ғўзанинг эртапишар ва сувсизликка чидамли янги навларини яратишди. Ўзбекистон Фанлар академияси олимлари билан ҳамкорликда "Қарши-1", "Қарши-2", "Қарши-7", "Қарши-8", "Қарши-10" ва "Насаф" навларини яратиб, вилоятимизнинг чўл зоналаридаги катта майдонларга экилишига эришди.

1986-1991 йилларда у вилоят агросаноат бирлашмаси раисининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб, фан ютуқларини қишлоқ хўжалигига татбиқ этиш учун тинимсиз изланди. Вилоятда деҳқончилик маданиятини юксалтириш, ердан унумли фойдаланиш мақсадида алмашлаб экишни жорий этиш, чўл шароитида қишлоқ хўжалигида минерал, айниқса, микро ўғитларни қўллаш  меъёрлари ва муддатларини тўғри белгилаб, ҳосилдорликни ошириш устида тинимсиз изланди.

Ўз билимини янада ошириш ва тинимсиз изланишлар олиб бориш мақсадида 1987 йилда Тимирязев номидаги Москва давлат академиясининг "Бутуниттифоқ агросаноат экономикасини планлаштириш ва бошқариш" курсида таҳсил олди.

Экологик инқирозлар даврида табиий экотизимлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш энг асосий вазифалардан бири экани ҳеч кимга сир эмас. Бунда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, ушбу тизимдаги қўриқхона, миллий табиат боғларининг аҳамияти катта. Шодиёр Хўжаназаров 1991-1997 йилларда вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи вазифасида фаолият юритди. У нафақат мавжуд ўрмонзорларни, ундаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини сақлаб қолиш, "хато"лари ўрнига янги кўчатлар экиш, балки  янги ўрмонзорлар барпо этиш, уларни кенгайтириш йўлида тинмай ҳаракат қилди, изланди. Ўша йиллари Қумдарё, Жовуз, Қўштол ўрмон хўжаликларини барпо этишда жонбозлик кўрсатди, Косон, Миришкор ва Касби туманларида кўчатчиликка ихтисослаштирилган участкалар ташкил этди, доривор ўсимликларни экиб кўпайтириш ва қайта ишлашни йўлга қўйди.

Вилоятда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш мақсадида 1999 йилда Шодиёр Хўжаназаровни вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасига тайинлашди. 2003-2018 йилларда вилоят ғўза уруғчилиги бирлашмаси раиси лавозимида ва 2018-2021 йилларда вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида ишлаган даврида ҳам ерлардан самарали фойдаланиш, соҳага янгича ёндашув асосида уруғчилик тизимини тубдан янгилаш, навларнинг биологик хусусиятлари ва туманларнинг иқлим шароитидан келиб чиқиб жойлаштириш бўйича самарали фаолият олиб борди.

Шодиёр Хўжаназаров ташаббуси билан 2008 йилда вилоятимизда бошоқли дон экинлари селекцияси ва уруғчилиги илмий тадқиқот институтини ташкил этиш бўйича Президент қарор қабул қилди. Ўша пайтда Бош вазир вазифасида ишлаган Шавкат Мирзиёев қарорни ҳаётга татбиқ этиш, ҳомийлар кўмаги билан институтнинг моддий-техника базасини мутаҳкамлаш, илмий ходимларни иш ҳақи билан таъминлаш ишига бош-қош бўлди. Ўзи Президент этиб сайлангач эса мазкур институт бешта вилоятга хизмат қиладиган Жанубий деҳқончилик илмий тадқиқот институти сифатида қайта ташкил этилди. Шодиёр Хўжаназаров 2021 йилдан то ҳозирги кунгача институт директорининг илм-фан ва илмий фаолият бўйича маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

Дарҳақиқат, мазкур институт бошоқли дон экинларининг янги навлари яратиладиган, таҳлил ва хулосалар қилинадиган чинакам илм ўчоғи ҳисобланади. У тегишли асбоб-ускуналар билан мукаммал жиҳозланган. Институтда айни пайтда 6 нафар фан доктори, 28 нафар қишлоқ хўжалиги фанлари фалсафа доктори, 37 нафар докторант ва таянч докторант фаолият юритиб келмоқда.

Яна бир гап. Вазирлар Маҳкамасининг "2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан Лангар ота зиёратгоҳи ва масжидини таъмирлаш, ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга ошириладиган бўлди.

Вилоят ҳокимининг қарори билан бу ердаги кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишининг боришини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Шодиёр Хўжаназаров зиммасига юкланди. Қисқа фурсатда қаровсиз ётган мақбара ва масжид тикланиб, чиройли кошинлар билан безатилди. Ён-атрофда яшил ўтлоқлар, гулзорлар ва боғ-роғлар барпо этилди.

Заҳматкаш олимнинг 200 дан ортиқ мақолалари илмий журналларда (хорижий журналларда 18 та) чоп этилган. Шунингдек, 3 та монография, 14 та услубий қўлланма ва 18 та тавсиянома муаллифи ҳисобланади. Қолаверса, у вилоят телерадиокомпаниясининг "Агросабоқ" ва бошқа кўрсатувларида қишлоқ хўжалигида амалга оширилиши лозим бўлган агротехник тадбирлар тўғрисида деҳқону фермерларга кўрсатмалар, деҳқончиликда ҳосилдорликни ошириш сирларидан сабоқ бериб боради. Шодиёр Хўжаназаров 6 марта халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати этиб сайланган. 25 йил вилоят деҳқонлар кенгашига раҳбарлик қилган.

Шодиёр Хўжаназаров қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун 2021 йилда "Дўстлик" ордени билан, 2022 йилда "Қишлоқ хўжалиги фидойиси" ва 2023 йилда I даражали "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Ватани сийлаган, эли эъзозлаган олимнинг бахти шундай улуғ бўлади. Буни ортиқча таърифу тавсиф қилишга ҳожат йўқ.

Шодиёр Хўжаназаров - серфарзанд оила бошлиғи, ғамхўр ва меҳрибон ота. У Шарофат ая билан уч ўғил, тўрт қизни вояга етказиб, элга қўшишди. Набираларининг бири Сингапур университетида, бирови Жанубий Кореяда, икки набираси Миллий университетда, бир набираси Тошкент иқтисодиёт университетида, яна бири эса Тошкент транспорт институтида таҳсил олмоқда.

Шу киши ҳозир 80 ёшга кирди. Тарих учун бу вақт жуда қисқа фурсатдир, аммо одамларга келтирилган наф, манфаат ва ибрат ҳали кўплаб ҳаёт йўлларини нурли этажак.

АБДУЛЛА

Report typo