31 август - Қатағон қурбонларини ёд этиш куни
Босқинчи ўзи мўлжалга олган ҳудуд тараққиётга эришсин, деб жанг қилмайди. Бутун вужуди билан ўзига ёвлик қилаётган кишилар билан оға-ини бўлиб кетишига ҳам кўзи етмайди. Унинг мақсади битта бўлади: юртни эгаллаш, унинг бойликларига эгалик қилиш, халқдан ишчи кучи сифатида фойдаланиш. Кимдир бу мақсадига қарши чиқса, дарҳол қўли қуролга югуради, йиллар, асрлар давомида бош кўтаришмасин, деб ора-орада қатағон-қирғинлар уюштириб туради, токи одамларнинг кўзи қўрқсин, эрк, озодлик ҳақида ўйлаб ҳам кўрмасин...
Халқимиз 130 йилдан ошиқ вақт давомида ана шундай кўргиликлардан боши чиқмади.
Мана бу рақамларга эътибор беринг: 1931 йилда Қашқадарёда 72 минг 160 та хўжалик бўлиб, улардан 600 та хўжаликни "қулоқ" қилиб, кўчириш кўзда тутилган. 1932 йил майда Косондан 180, Шаҳрисабздан 200, Яккабоғдан 75, Беҳбудий (Қарши) шаҳридан 30, Ғузордан 50, Чироқчи округидан 600 хўжалик бошлиғи сургун қилинади. Совет ҳокимиятининг душмани сифатида қаралган киши қулоқ қилинди, дегани - бор-буди, ер-суви, уй-жойи, мол-ҳолидан маҳрум бўлиб, инсоний ҳуқуқларини йўқотишини англатарди.
Бинобарин, 1928-1929 йилларда Қашқадарё воҳасида 7151 фуқаро "қулоқ" қилинган.
Юртимиз тарихида 1937 йил шўролар қатағонлари энг чўққисига чиққан мудҳиш йил сифатида эсда қолган. Манбаларга кўра, 1937-1938 йилларда умумий ҳисобда 1 миллион 575 минг 259 киши қамалган. Шундан 681 минг 692 нафари терговдан сўнг отувга ҳукм қилинган.
Биргина 1937 йилда мамлакатимизнинг турли вилоятларидан 5700 дан зиёд зиёли: илм-фан намояндалари, шоир ва ёзувчилар, журналистлар, тил ва адабиёт усталари, педагоглар озодликдан маҳрум қилинган ва 4811 нафари отиб ташланган.
НКВД мамлакат бўйлаб ўзининг барча тузилмаларига "Собиқ қулоқлар, жиноятчилар ва бошқа ёт унсурларни маҳв этиш" ҳақидаги буйруғини жўнатади. Шундан сўнг бутун мамлакат бўйлаб одамларни сиёсий айблар билан қамоққа тиқиш авж олади.
Оила аъзоларидан кимдир "қизил"ларга қарши курашган бўлса кифоя - уни "Ватанга хиёнат"да айблаш учун шунинг ўзи етарли бўлган. Сўнгра қариндошлари орасида "ёт унсурлар" борларини, "душманлар" билан бирга ишлаганларни, диний билимга эга бўлганларни сиёсий айблар билан қамашга ўтилган. Ўша вақтда Қарағандада "Алжир" (Акмолинский лагерь жён изменников родины) деб номланган лагерь фаолият кўрсатиб, бу ерда 1938-1946 йилларда "Ватан хоинларининг оила аъзолари"дан саналган 6500 нафар аёл жазо ўтаган.
Мамлакат бўйлаб чақимчилар кўпайган. Кимдир НКВДчиларга яхши кўриниш учун, кимдир мансаб дардида, кимдир яна бошқа сабаб билан чақув хатлари ёзган. Токи фашистлар Германияси СССР ҳудудига бостириб киргунга қадар мамлакат бўйлаб жуда кўплаб кишилар қамоққа тиқилган.
ХХ аср 20-йиллариданоқ Қарши шаҳридаги мадрасалар қамоқхонага айлантирилган эди. Хусусан, Қаршидаги Одина масжиди 1930-йиллардан то мустақилликка эришилгунга қадар қамоқхона вазифасини ўтаган. 1929-1939 йиллар орасида фақат биргина Қарши шаҳрининг ўзида 105 та масжид ва мадраса фаолияти тўхтатилиб, бинолари бузиб ташланган. Бухородаги Абдулазизхон мадрасаси ва хонақоси авахтага айлантирилиб, ҳибсга олинганлар аёвсиз қийноқларга солинган.
Хўш, бу вақтларда халқнинг аҳволи қандай эди? Тарихий ҳужжатларга кўра, 1937 йилда Қашқадарё округидаги мингдан ортиқ рўзғорда томорқа бўлмаган. Колхозчиларнинг 45 фоизида ақалли битта сигир йўқ эди. Яъни жамоа хўжалиги аъзоларидан 21 минг 380 кишининг моли йўқ, 800 хонадон эса қўш (омоч) тортиш учун иш ҳўкизларига эга эмасди.
Бу нимадан далолат беради? Совет арбобларининг калтабин сиёсати халқни хонавайрон қилганди.
Аҳвол шу қадар аянчли бўлишига қарамасдан советлар ғоявий курашларга ҳам алоҳида эътиборда эди. Ўзбекистон компартияси марказий қўмитасининг 1937 йил 21 июлдаги махфий топшириғида тақиқланган китоблар рўйхати келтирилган. Эътиборлиси, йўқ қилиниши кўрсатилган китоблар рўйхатида Файзулла Хўжаев асарлари, Усмон Носирнинг "Меҳрим" номли тўплами ҳам бор. Яна бир ҳужжатга кўра эса Фитрат, Чўлпон, Усмон Носир асарларини йўқ қилиш вазифаси топширилган.
Бу даврдаги қатағонлар ҳақида архив ҳужжатлари, рақамлар, далиллар баробарида Шомурод бахшининг "Уйинг куйсин, Меккам чол, йигит ўлгур Меккам чол, Худо ургур Меккам чол" деган аламли мисралари кўпроқ таъсир қилади.
Биласиз, Шомурод бахшининг отаси Тоғай шоир оиласи Сибирга сургун қилинган. Ўшанда Шомурод 6 ойлик чақалоқ бўлган, 9 ойлигида онаси вафот этган. Бирин-кетин акалари тупроққа қўйилган. "Детдом"да Александр Туманов деган ном билан хўрликда бўйи чўзилган.
Ажал бўлиб паймонамни тўлдирдинг,
Учар эдим қанотимни қайирдинг,
Юрар эдим, оёғимдан тойдирдинг.
Хўш, бахшининг бутун нафрати қаратилган Меккам чол ким эди? Қатағонлар бошида турган Сталин халқ орасида "Мийлиқ" (яъни мўйловлик), "Меккам" (пўлатдек мустаҳкам - "стал" сўзининг ўзбекча маъносига ишора) лақаблари билан аталган. Ўз навбатида бу лақаблар турли қарғишлару қўшиқларга қўшиб куйланган...
Урушдан кейин, Сталин ўлиб ҳам халқ қатағонлардан қутулмаган. 60-йилларда Хрушчевнинг "Американи қувиб ўтиб, ундан ўзиб кетамиз" деган сиёсати сабаб "бир йилда уч йиллик гўшт планини бажариш" учун уйлардаги қўй-эчкилар давлат ҳисобига олиб қўйилишидан ташқари озмунча одам қамалганми? 80-йилларга келиб "ўзбек иши", "пахта иши" ўйлаб топилди. Бу терговдан Қашқадарё вилояти аҳолиси ҳам қаттиқ азият чекади. Қарийб 10 минг нафар қашқадарёлик айбланади. Жиноят иши очилганлар сони кўп бўлгани, Қашқадарёдаги мавжуд ҳибсхона ва лагерларга сиғмай қолганлиги сабабли вилоятнинг Косон шаҳрида янги лагерь - зона очилади. Қамоққа олинган қашқадарёликларнинг маълум қисми Тошкент турмасида, республикадаги бошқа турмаларда азоб тортдилар, Москва ва марказнинг бошқа шаҳарларида ҳибсда сақландилар.
Хўп, халқ шунча хўрлик, қама-қама, қатлга шоҳид бўлибди, наҳотки бирор марта бош кўтариб, норозилик билдирмаган бўлса, деган фикрлар хаёлдан ўтади.
Тарихчиларнинг қайд этишича, Туркистоннинг чоризм томонидан мустамлака қилинган ҳудудларида 1856-1916 йилларда 4922 марта катта-кичик ғалаён бўлиб ўтган. Бу ғалаёнлар тинкаси қуриган, хор-зор қилинган, азоб ва азиятдан, зулм ва бедодликдан сабр косаси тўлган оддий халқнинг исёнлари эди. Чунки босқинчилар зулмининг оғир тошлари асосан улар бошига тушганди, оқ подшога қарши қаратилган бундай исёнлар чор амалдорларига ёқмас, шунинг учун бош кўтарганларни қурол кучи билан маҳв этардилар. Бунда қанчадан-қанча эрксевар ўғлонлар, бегуноҳ одамлар ҳалок бўлди. Биргина 1916 йилда бўлиб ўтган қўзғолонларда 677 минг киши ўлдирилган, 163 минг киши Сибирга сургун қилинган. Бир миллиондан зиёд аҳолининг мол-мулки қўзғолонни бостиришда қатнашган рус аскарлари ва деҳқонларга бўлиб берилган.
У кунлар ҳақида бугунги ёш авлод кўп нарса билмайди. Ваҳоланки, Президентнинг тегишли кўрсатмалари асосида Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ Қарши шаҳрида Қатағон қурбонлари хотираси музейи фаолияти йўлга қўйилган. Музей ўзига муносиб ва тарих сир-синоатларини жамлаган Одина масжидида жойлашгани ҳам эътиборга молик. Бу ерда "Совет давлати қатағон сиёсатининг бошланиши (1926-1936)", 1937-1938 йиллардаги "Катта қирғин" оқибатлари, "1940-1950 йилларда Ўзбекистон жанубида амалга оширилган сиёсий қатағонлар", "1980 йиллардаги қатағон. "Пахта иши" кампанияси" каби кўргазмалар ўз аксини топган.
Музей маълумотларида акс этишича, биргина "пахта иши" кампанияси пайтида юртимизда 25 минг кишига нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, улар расмий суд ёки тергов-суриштирув ҳаракатлари ўтказилмасдан қамалган, 4 минг 500 киши жиноий жавобгарликка тортилиб, 3 минг 600 кишига турли даражадаги жазо чоралари қўлланган. Қатағон даҳшатларидан кексалар, болалар, ҳомиладор аёллар ҳам четда қолмаган. Фото ва видео материаллар, қўлёзмалар, тарихий хариталар, китоблар, суратлар яқин тарихимизнинг аёвсиз кунлари ҳақида яққол тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
Тарихни билиш келажак сари тўғри қадам ташлашга ёрдам беради, йўлдан адаштирмайди. Тинч-осойишта кунларнинг қадрига етишга ундайди. Қатағон қилинганлар миллатнинг ёрқин юлдузлари эди, бошқалар уларга қараб манзилдан адашмасди. Мустабид тузум шуни англаган ҳолда ҳаракат қилди...
Шундай экан, Қатағон қурбонлари хотираси музейи фақат сана муносабати билан ёдга олиниши эмас, доим ёшлар, зиёлилар қадами аримайдиган масканга айланиши зарур. Зеро, файласуф Жорж Сантаяна айтгани каби "Тарихини унутганлар уни қайта яшашга маҳкумдир".
Манбалар асосида НАСРИДДИН тайёрлади.