Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

31.03.2020


АЖДОДЛАР МАТОНАТИ ВА ЖАСОРАТИ АВЛОДЛАР УЧУН НАМУНАДИР

Фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги олдидан

Бу йил инсоният тарихидаги энг машъум, энг шафқатсиз урушлардан бири - Иккинчи жаҳон уруши тугаганига 75 йил тўлади.

Ўтаётган йиллар бизни тарихнинг бу мудҳиш саҳифасидан қанчалик узоқлаштирмасин, у етказган зиён-заҳматлар, йўқотишлар авлодлар қалбида мангу муҳрланиб қолади.

Иккинчи жаҳон урушининг қирғинбарот жангларида иштирок этган боболаримизнинг қуйидаги ҳикоялари ҳам инсонларни тинчлик учун курашишга, дориломон кунларнинг қадрига етишга, шу билан бир қаторда, доимо сабр-матонатли, иродали бўлиш, қийинчиликларга ён бермасликка ундайди.

106,6-РАҚАМЛИ ТЕПАЛИК УЧУН КЕЧГАН ЖАНГ

Қарши шаҳрида истиқомат қилаётган 96 ёшли Аҳмад бобо Жалилов урушнинг бор даҳшатларини бошидан кечирган.

- 1943 йилнинг 3 май куни урушга отланган эдим, - дейди Аҳмад бобо ўша машъум йилларни хотирлар экан. - 6 ойлик тайёргарликдан сўнг Калининград шаҳрида жангга кирганман. Мени ўқчилар дивизонига олишганди. Икки йил давомида кўплаб аёвсиз жангларда иштирок этдим. Улардан бири Калининград шаҳридаги 106,6-рақамли тепалик учун бўлган.

Бу тепалик атрофни кузатиш ва келаётган душман қўшинларига аниқ зарба бериш учун ўта стратегик аҳамиятга эга бўлиб, уни фашистлар эгаллаб олганди. Шу боис бизнинг қисмимизга қандай бўлмасин тепаликни қўлга киритиш вазифаси қўйилди. Аввалига жуда қийналдик, чунки баланддан атрофни аниқ кузатиб турган фашист аскарлари окопдан чиқишингиз билан нишонга оларди. Ҳатто улар кундуз куни ўқ отилган жойларни эслаб қолиб, кечалари ҳам ўша томонга қарата вақти-вақти билан ўқ узиб туришарди. Бу бизни ўзларига яқинлаштирмаслик учун ўйлаб топилган чора эди. Шунда бизнинг командиримиз ҳам душманнинг ҳийласига қарши бошқа бир айёрлик топди. Режага кўра, қоронғи тушиши билан биз окопдан чиқмасдан туриб, бараварига "Ура" дея бақирардик. Бизни бостириб келаяпти, деб ўйлаган немислар эса ҳар сафар шу овозни эшитиши билан гир атрофга қаратиб ўқ ёмғирларини ёғдирарди. Охири улар айёрликни тушунди ва ўқ отишни тўхтатди, биз эса пайтдан фойдаланиб, тепаликка чиқиб бордик.  Кўп сафдошларимиз ана шу жангда ҳалок бўлди, лекин немис қисмини тор-мор этиб, тепаликни қўлга киритдик. Бу жангда кўрсатган қаҳрамонлигим учун менга "Қизил юлдуз" орденини беришди. Бу илк орденим эди. Шундан сўнг яна кўплаб тўқнашувларда иштирок этиб, кўплаб орден ва медаллар олганман.

УРУШНИНГ ҲАР ДАҚИҚАСИ МУСИБАТ

Раҳмат бобо Аҳмедов 1924 йилда Қарши туманининг Кўчкак қишлоғида туғилган. Иккинчи жаҳон уруши бошланган вақтда у ҳали ўсмир йигит эди. Урушнинг илк кунлариданоқ жангга отланган.

- Бизни дастлаб Қозоғистоннинг Россия билан чегарасидаги бир шаҳарга олиб боришди, - дейди Раҳмат бобо. - У ерда икки ой давомида қуролдан қандай отишни, снаряд портлатишни ўргатишди. Бу жойда мендан ташқари яна икки нафар қўшни йигит ҳам бор эди. Учаламиз бир-биримизга анча далда бўлиб, ёрдам беришга ҳаракат қилардик. Кейин бизни алоҳида-алоҳида қисмларга бўлиб юборишди. Мен Украина ҳудудидан жангга қўшилдим. Жангга кирган илк кунимдаёқ оғир тўқнашувда иштирок этганман. Фашистлар ва бизнинг қисмимиз ўртасида аёвсиз жанг бўлди. Ҳамма ёқни снарядлар портлаши, ўқ овозлари тутиб кетганди. Бир неча сафдошларим ҳалок бўлишди. Бу воқеалар ҳамон кўз ўнгимдан кетмайди. Кейин яна кўплаб шундай шафқатсиз тўқнашувларда қатнашдим. Бир неча маротаба жароҳат олиб, даволаниб чиққач яна жангга кирганман.

Ҳамон у кунларни эсласам юрагим эзилади. Урушнинг ҳар дақиқаси шафқатсизлик, ҳар дақиқаси мусибат. Урушни биз кўрдик, бошқа авлод кўрмасин. Яратган эгам юртимизни ҳеч қачон мана шундай фаровон кунлардан айирмасин.

ЯККАБОҒДАН ЖАНГГА ОТЛАНИБ, БЕРЛИНГАЧА БОРГАН СОБИҚ ПИЁДА АСКАР

Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, Яккабоғ туманининг чекка Татар қишлоғидан ҳам йигитлар бирин-кетин фронтга жўнаб кета бошлади. 1924 йилнинг 9 май куни туғилган Жаббор Маҳмудов эса орадан роппа-роса бир йил ўтиб, 18 ёшга тўлган куниёқ жангга отланди.

- Бизни дастлаб Қарши - Бухоро - Актобе - Москва йўналиши бўйича фронторти тайёрлов лагерига олиб боришди, - дея эслайди бобо. - Бир муддат шу ерда тайёргарлик ўтадик. Сўнг мени пиёда аскарлар қисмига ўтказишди. Шундан сўнг Тула, Томал, Корстин шаҳарлари орқали Брест шаҳрига ўтиб бориб, шу ердан жангга қўшилдик. Бу пайтда уруш энг авжига чиққан, ҳақиқий қирғинбарот бўлаётган кунлар эди. Қисқа фурсатда жуда кўплаб оғир тўқнашувларда иштирок этдик. Кўплаб сафдошларимни йўқотдим. Бир неча пиёда аскарлар қисмларида хизмат қилдим, ҳаммасида ўқчи вазифаси юклатилган. Боиси, бу ишни жуда яхши уддалардим. Орадан икки йил ўтиб, фашистларнинг шашти пасая бошлади. Кўплаб ҳудудлардан уларни қувиб чиқармоқда эдик. Бизнинг қисм ҳам Варшава йўналиши билан Берлинга қадар душманни таъқиб этиб борди. Уларнинг кўплаб аскарларини, офицерларини асирга олдик, стратегик иншоотларини йўқ қилдик. Жангларда кўрсатган қаҳрамонликларим учун бир қатор орден ва медаллар билан мукофотланганман.

Ғалабадан сўнг Жаббор Маҳмудов Берлин шаҳрини тозалаш ва қайта қуриш ишларида қўриқлаш қисмида ҳам тўрт  йил мардонавор хизмат қилиб, 1949 йили  ўз юртига қайтган.

"ТИНЧЛИК ДАВРИДАГИ БОР ҚИЙИНЧИЛИКЛАРНИ УРУШНИНГ ЯРИМ СОАТЛИК АЗОБИГА ТЕНГ КЎРМАЙМАН"

Шаҳрисабз тумани Қўччи қишлоғида истиқомат қилаётган Сайдулло бобо Жабборов бу йил 100 ёшни қарши олди. Отахон биз билан суҳбатлашар экан, бир пайтлар бугунгидек тинч, дориломон кунларда яшаш бахти насиб этишини ҳатто тасаввур ҳам қилмаганини таъкидлайди:

- Бундан 75 йил аввал уруш бошланибди, деган ваҳимали хабар биз яшайдиган чекка қишлоқда ҳам яшиндек тарқалди, - дейди Сайдулло бобо. - Мен ҳам биринчилардан бўлиб рўйхатга ёзилиб, 1941 йилда урушга жўнадим. Аввал артиллерия дивизионида "замбарак" ўқловчи бўлдим. Сталинград остонасидаги жангларда иштирок этдим. Жароҳат олдим, соғайиб яна жангга қайтдим. Уруш учун инсон ҳаётининг заррача аҳамияти йўқ экан. Бир кунда юзлаб сафдошларимиздан айрилардик. Не-не азаматлар ана шу урушда эрта хазон бўлиб кетишди. Уларнинг ичида турли миллатга мансуб кўплаб дўстларим бор эди...

Вақт ўтгани сари душманнинг ҳам шашти сўниб, ортга тисарила бошлади. Бу пайтда мени танкчилар қисмига ўтказишган, Латвия ва Литва ҳудудларида жанг қилардик. 1945 йил бошларига келиб, фашистлар кўплаб ҳудудлардан тамомила чекинди. Бизнинг қисмимиз бу пайтда Рига шаҳридан душманни қувламоқда эди. Шу пайт уч-тўртта фашист аскари яшириниб ётган пистирмага дуч келдик. Чорасиз қолган душман жон ҳолатда ўт очди. Мен ҳам оғир жароҳат олиб, ҳушимни йўқотган эканман. Орадан бир неча кун ўтиб Воронеждаги ҳарбий госпиталда ўзимга келдим. 1946 йилда эса икки қўлтиқтаёқда госпиталдан чиқиб, уйга қайтдим.

Урушдан қайтгандан сўнг ҳам қийналган, бошимга ташвиш тушган, яқин инсонларимни йўқотган вақтларим бўлди. Лекин тинчлик даврида кўрган барча қийинчиликларимни урушнинг ярим соатлик азобига тенг кўрмайман. Бу қаттол урушни биз кўрдик, бошқа авлод кўрмасин. Тилимда ҳам, дилимда ҳам Яратгандан тинчлик абадий бўлишини сўраб юраман.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: уруш қатнашчилари.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

 

Report typo