Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
12 март, чоршанба. 2025 йил                         Махсус версия RU

Абдураҳмон ПИРИМҚУЛОВ

06.02.2025


ҲАЗРАТНИНГ БИЗ  БИЛМАГАН ҒАЗАЛЛАРИ

 Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллигига

Ҳазрат Алишер Навоий лирик меросининг асосий қисмини тўрт мустақил девондан иборат "Хазойин ул-маоний" куллиёти ташкил этади. Куллиётнинг сўнгги таҳрири 1498 йилда улуғ шоирнинг ўзи томонидан амалга оширилган. Навоий даврида ва кейинчалик ҳам бу муаззам мажмуа "Чор девон" номи билан шуҳрат қозонган. Шоир куллиёт устида олиб борган узоқ ва машаққатли ижодий меҳнат якунидан кейин ҳам табиийки ижоддан, хусусан, бадиий ижоддан ҳам сира тўхтамаган. "Чор девон"нинг XVI асрда кўчирилган ва ундан кейинги нусхаларида  ҳам 1498 йилдан кейин ёзилган шеърлар учрамайди. Негаки, мажмуанинг ички тузилиши муаллиф томонидан ниҳоятда пухта ўйлангани ва тартиб берилгани учун кейинги давр хаттотлари унинг бирор бир жойига ўзгартириш киритиш номақбул юмуш бўлишини яхши англаганлар.

Навоийнинг нурли қалами остида қоғозга тушган,  бироқ яратилиш даврига кўра шоир вафотидан бир, икки йил аввал ёзилган ғазаллар тақдири бизни изланишга чорлайди. Демак, муайян ва маълум сабаблар билан куллиёт мундарижасига кирмаган "тарқоқ" ғазаллар ҳақида маълумот берувчи манбаларни аввало улуғ шоирнинг ўз меросидан излаш мақсадга мувофиқдир.

Маълумки, Ҳазрат Навоийнинг "Мезон ул-авзон"  номли рисоласи аруз назарияси муаммоларига бағишланган. Шоир аруз вазнининг маълум бир баҳри хусусида сўз очар экан, далил учун бир неча йирик шоирлар ижоди жумласида гоҳо ўз байтларидан ҳам намуна келтиради. Масалан, шоир туркий арузнинг "тавил" ва "басит" баҳрлари хусусида сўзлаб, намуна ўрнида ўзининг қуйидаги матлаъларини қайд этади. Дастлаб "тавил"нинг икки рукнига тегишли икки байтни ёзади:

Десам: оразу зулфинг ул ўтдур, тутундур - бу,

Дер: ондин сенга куймак, бу  бирдур қаро қайғу.

Кейингиси:

Чеҳрадин бурқаъ очиб, ўтқа куйдурдунг мени,

Чун кул ўлди пайкарим, кўкка совурдунг  мени.

Шундан сўнг "басит" баҳрининг ҳам икки рукни мавжуд деб, бирига:

Ишқинг мени туну кун мажнуну зор айламиш,

Кўнглумни зору ҳазин, жисмим низор айлам -

деган матлаъни асос қилиб кўрсатади. Тилга олинган байтлар билан бошланадиган ғазалларнинг бирортаси ҳам машҳур куллиёт таркибида учрамайди. Шундай экан, ғазалларнинг тугал варианти қаерда бўлиши мумкин деган ҳақли савол туғилади. Ахир шоир уларни тамомига етган, бадиият ва ички шеър ўлчовлари жиҳатдан бўлиғ асарлар сифатида қайд этяпти-ку! Шунга ўхшаш ҳолат Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг арузга тегишли рисоласида ҳам кузатилади. Жумладан, "Рисолайи аруз"нинг "рамал"  баҳрига тегишли саҳифаларида Бобур Мирзо мисол сифатида Амир Навоийнинг қирқ олти ғазалининг матлаъсини тилга олади. Шулардан фақат биттаси, яъни:

Кимники ёр айладинг бўлди гирифторинг сенинг,

Рашкдин ваҳ дея олмасман: худо ёринг сенинг -

деган сатрлар билан бошланадиган ғазал йирик тўплам таркибида учрамайди.

Навоий қаламига мансуб, бироқ тайинли манзили бўлмаган навбатдаги ғазал мақтаъси билан биз шоирнинг яна бир кичик замондоши Ҳасанхўжа Нисорийнинг "Музаккири аҳбоб" тазкираси орқали танишамиз. Нисорий ёшлик чоғларида бир сафар тушида ҳазрат Навоий билан кўришганини, суҳбат чоғида устознинг "бизнинг ашъоримиздан ҳам билурмусан?" деган саволига жавоб сифатида "фақир аларнинг бу муборак мақтаъларин ўқудум" дейди ва улуғ шоирнинг:

Эй Навоий, сен киму меҳробу масжид истамак,

Қайдаким, хўблар аёғин қўйса,  сен бошингни қўй -

деган сатрларини келтиради. Ушбу тугалланма байт билан куллиёт девонлари ичидаги ғазаллар солиштирилса, бунинг ҳам тугал тақовули мавжуд эмаслиги ойдинлашади.


Cуратда: Қарши давлат университети талабаси, Навоий номли давлат стипендияси стипендиати Севинч Уроқова.

Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган сурат.


XVI асрда яратилган Мирзо Муҳаммад Маҳдихоннинг "Санглоҳ" деган луғатида ҳам Навоий ижодидан ўнлаб  мисоллар келтирилади. Лекин Маҳдихон тилга олган олти матлаънинг тугал шакли "Чор девон" таркибида мавжуд эмас.

Навоийнинг турли муносабат билан куллиёт таркибига кирмай қолган бир неча ғазаллар бизгача қатор мухаммаслар орқали ҳам етиб келган. Бу жиҳатдан, айниқса, XIX аср шоирлари алоҳида маҳорат намойиш этишган. Жаҳон Отин Увайсий, Мирмаҳмуд Қорий, Роқим ва Юсуф Сарёмий меросидаги тахмисларнинг асосий қисмига замин бўлган ғазаллар куллиётда бор. Аммо уларнинг баъзи бир тахмисларига замин бўлган ғазаллар машҳур куллиётда кўзга ташланмайди. Сарёмий ижодидаги икки тахмис (бири "Дуторчи қизлар" дастаси айтадиган машҳур "яли-яли" қўшиғига асос бўлган)нинг асоси девонларнинг бирортасида ҳам мавжуд эмас. Навоийнинг мажмуада бўлмаган:

На янглиғ айлади тасвир оразинг наққош

Ки, наътинг айтғали айлар кўнгул тил ила талош -

матлаъли ғазалга  ҳам Қорий, ҳам Сарёмий ниҳоятда гўзал тахмис боғлаган. Демак, ўзаро замондош бўлган икки ижодкор бизга номаълум бир манбадан, эҳтимол битта баёздан фойдаланган бўлиб чиқади. Хулоса қилиш мумкинки,  баъзи бир мумтоз шоирларимизнинг мухаммаслари орқали биз улуғ шоир куллиётига кирмаган ғазаллар билан яқиндан танишишимиз мумкин. Бироқ Навоийнинг ўзи "Мезон ул-авзон"да, Бобурнинг "Рисолайи аруз"ида ва Нисорийнинг "Музаккири аҳбоб" тазкирасида, шунингдек, Маҳдихоннинг "Санглоҳ" луғатида  тилга олинган бир неча ғазалларнинг тўлиқ шакли ва манбаси бизга ҳали ҳануз номаълум бўлиб келмоқда.

Яна бир мулоҳаза борки, устоз навоийшунослар бу борада эътироф этса арзийдиган ишларни амалга оширганлар. Профессор Ҳамид Сулаймонов йирик тўпламга кирмаган ўттиз тўртта шеърни аниқлаб, 1960 йилда охирги - "Фавойид ул-кибар" девони таркибига илова сифатида киритган бўлса, профессор Фозила Сулаймонова бу рўйхатга яна бир неча намуналарни киритиб, 1995 йилда алоҳида "Айёми висол ўлди яна" номи билан  Ғафур Ғулом номидаги  адабиёт ва санъат нашриётида чоп эттирган. Профессор Абдурашид Абдуғафуров эса бу мавзуда жиддий кузатишлар олиб бориб, шоирнинг куллиётга кирмаган асарларининг умумий ҳажмини алоҳида тўплам қилса,  бир китоб бўлишини, олимларимиз аниқлаган асарлар эса бизга номаълум шеърларнинг учдан бир қисми эканлигини катта ишонч билан таъкидлайди.      

Унутмаслик лозимки, устоз навоийшунослар куллиётга кирмаган ғазалларни якдиллик билан 1498 йилдан кейин, яъни куллиёт устидаги ғоят машаққатли ижодий меҳнат тамомига етганидан сўнг ёзилган, чунки уларнинг кўпчилигида шоир қарилик ва хасталикдан шикоят қилади ва шу боис ҳам улар девонларга киритилмай қолган деб ҳисоблайдилар. Агар биз девонлар ва умуман куллиётнинг ички структураси ва композицион тузилиши ("Бадоеъ ул-бидоя" дебочасида шоир девон тузишнинг ўзига хос принциплари ҳақида сўзлаганини эсга олайлик)га  диққат қилсак, шоирнинг ўзи  онгли равишда, эҳтимол, ўзга манбалар орқали ёзиб қолдиришни режа қилгани учун куллиётга киритмаган бўлиб чиқади. Чунки шоир "тарқоқ" ғазалларнинг ҳаммасида ҳам, юқорида кўрганимиздек, қарилик ва хасталикдан шикоят қилавермайди. Улар орасида чақмоқдек чақнаб турган шундай ишқий сатрлар борки, бу айнан кекса Навоийнинг эмас, балки ошиқ Навоийнинг шахсий дард ва армонларининг поэтик талқинидек жуда яхши таассурот пайдо қилади. Ҳар ҳолда шоир куллиётга  киритиш лозим топганини киритган, лозим топмаганини эса онгли равишда тушириб қолдирган. Чунки бу ҳол муаззам мажмуанинг ички тузилишига путур етказиши мумкинлиги шоир томонидан жиддий инобатга олинган.

Абдураҳмон ПИРИМҚУЛОВ,

филология фанлари доктори

 

 

 

 

Report typo