Американинг ёввойи табиатни ҳимоя қилиш хизмати бўйнидаги автомобиль резина ғилдираги билан ўрмонни кезиб юрган буғуни тутишга икки йил уринди. Ниҳоят, ўтган ҳафта охирида жонивор кераксиз оғир юкдан халос қилинди.
Colorado Parks and Wildlife табиатни ҳимоя қилиш давлат агентлиги ходимлари ўзларининг Facebook саҳифаси орқали шанба куни Колорадо штати маркази Денвер шаҳридан жануби-ғарбда "бўйинбоғ"ли буғу юрган жойни аниқлашгани ва унинг ортидан кузатиб, ҳайвон танасига вақтинча ухлатувчи дори воситаси юборишга муваффақ бўлишгани ҳақида маълум қилган.
Тўғри, улар резина чамбарак асосидаги пўлат симларни тез ва хавфсиз кесишнинг уддасидан чиқолмагач, уни олиб ташлаш учун жонивор шохларини арралашга мажбур бўлган.
Ўрмон ҳайвони шохлари, бўйнига илиниб қолган резина ғилдирак ва унинг ичида тўпланган чиқиндилардан халос бўлгач, тахминий ҳисоб-китоблар бўйича 16 килограммга енгиллашган.