Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

17.04.2017


БЎЛАЖАК ОФИЦЕРЛАР ҚАНДАЙ СИНОВЛАР АСОСИДА САРАЛАБ ОЛИНАДИ?

ТАНЛОВ ШАРТЛАРИ НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?

- Олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагидаги фуқаролар жойлардаги мудофаа ишлари бўлимларига барча зарур ҳужжатларни топшириб, ҳужжатлари ўрганилиб, номзодлар сафига ўтганидан сўнг, улар асосан уч босқичли синовлар асосида саралаб олинади.

Биринчи босқич синовлари апрель ва май ойларида мудофаа ишлари бўйича бошқармалар ва ҳарбий қисмлар (муассасалар)да ташкил этилиб, бу босқичда уларнинг индивидуал-психологик ва умумжисмоний тайёргарлиги синаб кўрилади. Тиббий кўрикдан ўтказилади. Ушбу босқичдан муваффақиятли ўтган номзодларнинг ҳужжатлари тегишли олий ҳарбий таълим муассасаларига юборилади.

Иккинчи босқичда эса номзоднинг ҳужжатлари мукаммал ўрганилиб, қайта тиббий кўрикдан ўтказилади. Ёзма иш олиниб, компьютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологияларига оид билими даражаси текширилади. Ҳар бир номзод билан якка тартибда суҳбат ўтказилади. Ушбу синовлардан муваффақиятли ўтган номзодларга кейинги босқичга ўтиш, яъни тест синовларида қатнашиш учун рухсат берилади.

Тест синовлари худди бошқа олий ўқув юртларида бўлгани сингари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказилади. Унда керакли баллни тўплаган номзодлар олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинади.

КИМЛАР ИМТИЁЗГА ЭГА БЎЛАДИ?

- Таъкидлаб ўтиш жоиз, олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришга номзодлар учун ҳам бир қанча имтиёзлар амал қилади. Улар қуйидагилардан иборат:

- Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига киришда муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига эга бўлган фуқароларга тест имтиҳонларида тўплаган баллининг 50 фоизи миқдорида;

- "Илғор сержант" номинацияси ғолиблари бўлган сержантлар тест синовлари топширмасдан ўқишга қабул қилинади.

Сержантлар таркиби лавозимларида 5 йил бенуқсон хизмат қилган сержантларга эса ижобий тавсифномалар, қўмондонлик, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликда эришган ютуқлари бўлган тақдирда тўпланиши мумкин бўлган энг кўп баллнинг 20 фоизи миқдорида;

- ҳарбий академик лицейлар битирувчиларига олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга қабул қилишда тўпланиши мумкин бўлган энг кўп баллнинг 10 фоизи миқдорида қўшимча балл берилади.

Агар номзод бир вақтнинг ўзида юқоридаги барча имтиёзларга эга бўлса, улар томонидан тўпланган баллар йиғиндисига имтиёзлар бўйича энг юқори балл қўшилади. Шунингдек, хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг болалари дастлабки ва ҳарбий-профессионал танлаш натижалари ҳамда вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари тақдимномалари асосида Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарори билан тест синовларисиз олий ҳарбий таълим муассасасига қабул қилинади.

Бундан ташқари, халқаро ва республика олимпиадалари ғолиблари олий ҳарбий таълим муассасаларига кириш учун белгиланган тегишли синов ва талабларнинг аввалги босқичлардан ўтган тақдирда, олий ҳарбий таълим муассасасига тест имтиҳонларисиз қабул қилинади.

Ж.БОЙМУРОДОВ ёзиб олди

Report typo