Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЧОРИЕВ

29.06.2017


БЎШ ТУРГАН ЕРЛАР “ХЎЖАЙИНИ” СУДНИНГ “ҚОРА КУРСИ”СИГА ЎТИРДИ

Бунинг ўзига хос сабаблари ҳам бор, албатта. Шуҳрат Фозилов Қарши шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармасида ишларди. Шундай экан, ер участкаси олиш истагида юрган кишиларнинг унга тез-тез рўбарў келиши тасодиф эмас. Ёш бўлишига қарамай, фирибгарлик илмини яхши ўзлаштириб олган Шуҳрат эса бундай пайтда уларни дарров тузоғига илинтирар, шаҳардаги бўш турган ерлардан бирини кўрсатиб, шу жойнинг ўзига тегишли экани, сотиш истагида юрганини айтарди. Масъул идорада ишлаётгани боис барча ҳужжатларни унинг ўзи тезда ҳал қилиб беришига ишонган содда фуқаролар эса ҳеч иккиланмай келишилган пулни “мулкдор” қўлига тутқазиб кетаверди.

Шуҳрат Фозиловнинг ёлғонларига ишонган ана шундай фуқаролардан бири Олмос Шавкатовдир. Унинг ер участкаси олиш истагида эканини эшитган Шуҳрат унга Қарши шаҳар Жайхун кўчаси  “Невро мед” клиникаси ён томонидаги бўш турган ерни тавсия этди. Ер ўзига тегишли эканини айтиб, барча ҳужжатларни расмийлаштириб бериши, бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини таъкидлади.

Шундан сўнг Олмос Шавкатов келишилган 9 минг АҚШ долларини Шуҳратнинг қўлига тутқазди.

Орадан бир неча кун ўтиб, Шуҳрат Фозиловга ер олиш истагида юрган яна бир фуқаро – Шамси Қораев дуч келди. Бунга қадар Шуҳрат Жайхун кўчаси “Наво” тўйхонаси ёнидаги яна бир бўш турган жойни кўз остига олиб қўйганди. Иккинчи “ўлжа”га у худди шу ерни тавсия этди. Унга ҳам ер ўзининг номида эканини билдириб, бир-икки ҳафта ичида ҳужжатларни расмийлаштириб беришини ваъда қилди. Ернинг баҳоси 10 минг АҚШ долларига келишилгач, Шамси Қораев айтилган пулни келтириб берди. Бироқ ҳадеганда ишнинг битишидан дарак бўлмасди. Шуҳрат эса на ҳужжатларни тўғрилаб беришни, на пулни қайтаришни истар, ўзи яқинда аниқлаган, Қарши шаҳри Амир Темур кўчаси “Боғишамол” ресторани ёнидаги бўш турган жойга харидор излаш билан банд эди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай бу жойга ҳам харидор топилди. Шуҳратнинг ёлғонларига чув тушган  навбатдаги фуқаро Алим Ботиров эди. У ҳам келишилган 8 минг АҚШ долларини келтириб бердию, ерни ҳужжатлаштириб олиш ҳақидаги режаси хом хаёллигича қолиб кетаверди.

Шунингдек, Қарши шаҳар Равоқ маҳалласида жойлашган яна бир ер майдони фуқаро Эшмат Болтаевга 3 минг АҚШ доллари эвазига пулланди. Бу билан у ҳам на пулни қайтариб ололмай, на иши ҳал бўлмай, Шуҳратнинг изидан эргашиб юрган навбатдаги “мижоз”лардан бирига айланди, холос.

Олинган пулларни аллақачон ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юбориб, унга ишонган кишиларни турли баҳоналар билан алдаб юрган Шуҳрат Фозиловнинг найрангларига ҳам ниҳоят чек қўйилди. У нафақат ўзлаштирган маблағларини ўз эгаларига қайтарди, балки тегишли тартибда жиноий жавобгарликка ҳам тортилди.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг очиқ суд мажлисида Шуҳрат Фозилов томонидан содир этилган жиноий қилмиш юзасидан тўпланган далиллар кўриб чиқилиб, унга нисбатан ойлик иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда бир йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Б.ЧОРИЕВ,

Қарши шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси

 

 

Report typo