Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

24.08.2017


БЎШ ТУРГАН ИШЛАБ ЧИҚАРИШ МАЙДОНЛАРИ УЧУН 218 ЛОЙИҲА

Бироқ, қайд этиш жоизки, ҳамма мулкдорлар ҳам ўз эгалигига олган мазкур қурилиши тугалланмаган объектлар ва ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил эта олмаяпти. Таҳлиллар шуни кўрсатаяптики, баъзида бунга зарур маблағнинг етишмаслиги сабаб бўлаётган бўлса, бошқа ҳолларда мулкдорларда ишбилармонлик қобилиятининг йўқлиги, бозор конюктурасига мослаша олмаётгани кўзга ташланаяпти. Натижада мавжуд ресурс ва имкониятлар узоқ муддат ишга солинмасдан қолаётганди.

 Мана шундай корхона ва объектларни хўжалик фаолиятига дарҳол жалб қилиш, уларнинг мулкдорларига муаммоларини бартараф этишда яқиндан ёрдам бериш, пировардида жойларда юқори ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш долзарб масала ҳисобланади. Аввало, бунинг самарасида қўшимча иш ўринлари яратилишига эришилади. Қолаверса, истеъмол бозорини харидоргир маҳсулотлар билан тўлдириш имконияти ошади.   Президентимизнинг 2017 йил 23 февралдаги "Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борадаги ишлар натижадорлигини янада оширишни кўзда тутади. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, илгари хусусийлаштирилган қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини тезкорлик билан тадбиркорлик фаолиятига жалб этишнинг самарали механизми жорий этилди.

- Мазкур механизм давлат мулкини хусусийлаштириб олган, аммо бугунги кунда  ишлаб чиқаришни ташкил этишда муаммо ҳамда тўсиқларга дуч келаётган мулкдорларни қўллаб-қувватлаш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш имкониятини оширди, - дейди Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Улаш Мардаев. - Унга асосан ҳозирги вақтда уч босқичда иш олиб борилаяпти. Биринчи навбатда аввал хусусийлаштирилиб, эндиликда мақсадли фойдаланилмаётган объектлар рўйхати шакллантирилди. Бунда ушбу мулкларга эгалик қилувчи юридик шахсларнинг бир йил давомида фаолият юритмаганлиги, ишлаб чиқариши ҳажми камайганлиги, молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаганлиги каби жиҳатлар эътиборга олинди. Кейинги босқичда мулкдорлар билан биргаликда қурилиши тугалланмаган ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларидан оқилона фойдаланишни кўзда тутувчи инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилди. Уларни рўёбга чиқариш борасида ташаббускорларга кўмак кўрсатилмоқда. Шунингдек, тегишли лойиҳа тақдим этмаган ёки уни ўз муддатида амалга оширмаган мулкдорларга нисбатан муайян солиқ солиш тартиби қўлланилиши белгиланган.

Бошқарма томонидан берилган маълумотларга кўра, айни вақтга қадар вилоятимиздаги 4109 та давлат кўчмас мулки ва қурилиши тугалланмаган объект хусусийлаштирилган. Шунинг 2283 тасида хўжалик фаолияти ташкил этилган, улардан мақсадли фойдаланилмоқда. 1551 объект эса бузилган. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори талаблари асосида ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, қолган 275 та илгари хусусийлаштирилган қурилиши тугалланмаган объект ва корхона бир муддат фаолиятсиз бўлгани ёки паст қувват билан ишлаётгани аниқланди. Мулкдорлар билан олиб борилган тушунтириш ишлари самарасида 215 та объект мулкдори тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга қаратилган 218 та лойиҳани илгари сурган. Мазкур истиқболли бизнес-режаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида жами 128 миллиард 750 миллион сўм инвестиция сарф этилиши назарда тутилган. Шунинг 35 миллиард 931 миллион сўми ташаббускорларнинг ўз маблағи бўлса, қолгани тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар ҳиссасига тўғри келади. Яратиладиган янги иш ўринлари сони эса 1715 тага етади.

Қарши шаҳридаги "Давр темир-бетон сервис" масъулияти чекланган жамияти ҳам анча илгари давлат мулкини хусусийлаштириб олган тадбиркорлик субъектларидан биридир. Унга қарашли объектнинг умумий майдони 9 гектардан ошади. Ўтган даврда корхона томонидан мавжуд ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича катта ишларга қўл урилди. Жумладан, чет элдан замонавий технологиялар келтирилиб, объектнинг бир қисмида   темир-бетон буюмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Жамият томонидан таклиф этилаётган 25 турдаги қурилиш материаллари ички бозорда ўз харидорини топиб улгурган.

- Мулкимизнинг асосий ҳудудини цехлар, маҳсулот сақлаш омборлари эгаллаган, бир томонда мини футбол майдони ва теннис корти ишлаб турибди, - дейди корхона раҳбари Аҳрор Облоев. - Шундай бўлса-да, бу ерда бўш турган майдонлар сақланиб қолаётганди, уларни тўла ишлатишга эса қурбимиз етмаётганди. Бу борада тегишли ишчи гуруҳига ўз таклиф ва режаларимизни билдирдик. Унга кўра, келгусида уч йўналишда иш олиб бормоқчимиз. Аввало мавжуд қозонхонани реконструкция қилишни режалаштирганмиз. Гап шундаки, темир-бетон маҳсулотларимизни қуритиш билан боғлиқ муаммо сабаб совуқ кунларда ишлаб чиқаришимиз вақтинча тўхтаб қолади. Илк лойиҳамизни амалга оширсак, бунга ечим ҳам топилади. Натижада қурилиш материалларини пар ёрдамида қуритишни ташкил этамиз. Бунга 500 миллион сўм маблағ талаб этилади. Бу маблағ ҳисобидан хориждан замонавий ускуналар харид қиламиз. Бундан ташқари, 1 гектар жойда Жанубий Корея технологияси асосида иссиқхона барпо қиламиз. Бунақанги иншоотда маҳсулотлар тўлиқ компьютерлаштирилган ҳолда парвариш қилинади. Лойиҳамиз 1 миллион долларга баҳоланган. Қолаверса, 2018 йилда пишиқ ғишт ишлаб чиқаришни бошлаймиз. Шу мақсадда Хитойдан махсус линия олиб келиб ўрнатамиз, ғишт пишириш печи қурамиз. Ушбу лойиҳаларимиз муваффақиятли рўёбга чиқса, қўшимча равишда 70 нафардан ортиқ кишини иш билан таъминлаймиз.

Аҳамиятлиси, жорий йилнинг 1 август ҳолатига кўра, амалга оширилиши белгиланган 8 лойиҳа устидаги ишлар тўлиқ якунланди. Улар асосида жойларда маҳсулот ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатишга киришилди. Мисол учун, Яккабоғ туманида жойлашган, илгари хусусийлаштирилган собиқ "Яккабоғ механизациялашган кўчма колоннаси" негизида ташаббускор "Азизов Улуғбек Агротехнологияси" масъулияти чекланган жамияти томонидан 0,15 гектар бўш ер майдонида омборхона ва 1200 тонна сиғимга эга совуткич қуриб битказилди. Уларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жойлаштириш бўйича иш олиб борилаяпти. Катта миқдорда инвестиция киритилиши натижасида корхона даромад келтирувчи фаолият билан шуғуллана бошлади. Ўз навбатида 10 нафарга яқин киши фойдали меҳнат билан банд этилди.

- Қарши туманида жойлашган собиқ 19-сон "Агроқурилиш трестига қарашли 23-автохўжалик корхонаси" бизга 2014 йилда мулк қилиб берилганди, - дейди "Уста Жасур" хусусий фирмаси ҳисобчиси Урал Арслонов. - Мазкур объектдан мақсадли фойдаланиш бўйича салмоқли ишларни бажардик. Жорий йил бошидан буён бунинг учун ўз ҳисобимиздан 350 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Ҳозирда корхонамизда гипс, алебастр, шпаклёвка, темир-бетон буюмлари каби қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ташкил этилган. Маҳсулотимизни қурилиш ташкилотларига, аҳолига етказиб бераяпмиз. Янги қувватлар ишга туширилиши натижасида 10 та янги иш ўрни яратишга эришдик.

Таъкидлаш керакки, тегишли қарорда инвестиция лойиҳасини амалга оширмаганлиги тўғрисида хулоса олган мулкдорлар бир қатор имтиёзлардан маҳрум этилиши қайд этилган. Жумладан, хусусий мулк қилиб берилган қурилиши тугалланмаган ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари шу вақтга қадар соддалаштирилган солиққа тортилган бўлса, кейинги ойдан бошлаб мулкдорлар умумўрнатилган тартибдаги солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни тўлашга ўтказилиши, тегишли объект учун мулк ва ер солиқларини икки карра оширилган ставка бўйича тўлаши ҳақида огоҳлантирилади.

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Улаш Мардаевнинг билдиришича, тегишли рўйхатдан жой олган 60 та қурилиши тугалланмаган объект ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдони мулкдорлари хўжалик фаолиятини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳасини тақдим этмаган. 6 нафар мулкдор ўзига тегишли хусусийлаштирилган мулкни сотиш истагида эканини маълум қилган. Қолган 54 та объект эгасини умумўрнатилган тартибдаги солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни тўлашга ўтказиш юзасидан вилоят давлат солиқ бошқармасига маълумот йўлланган.

Хулоса ўрнида айтганда, илгари хусусийлаштирилган қурилиши тугалланмаган объектлардан ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларидан самарали ҳамда оқилона фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар бугунги кунда  бу борада муаммо ҳамда тўсиқларга дуч келаётган мулкдорларни қўллаб-қувватлаш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш, фаолиятсиз корхоналарни тадбиркорлик фаолиятига жадал жалб қилишга қаратилган. Зеро, юртимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш имконини берувчи бу чора-тадбирлар самарасида жойларда замонавий ишлаб чиқаришлар ташкил қилиниши ва шу аснода янги иш жойлари барпо этилишига кенг шароит ҳозирланади.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Суратда: "Давр темир-бетон сервис" масъулияти чекланган 

жамияти фаолиятидан лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo