Вилоят ҳокимлигида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят, туман ва шаҳарлар комиссиялари аъзолари, жойларда сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тузилган ишчи гуруҳлари учун уюштирилган семинарда ана шу саволлар ва мавзуга оид қатор масалалар юзасидан фикрлашилди.
Аниқ ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, ўзини ўзи бошқариш органларида ўтажак жорий сайловларда вилоятимизда 767 нафар фуқаролар йиғини раиси сайланади. Жараён Президент томонидан 2018 йил 15 октябрда имзоланган Ўзбекистон Республикасининг "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида"ги Қонуни янги таҳрири тамойиллари асосида ташкил этилади. Яъни бу борада қатор ўзгаришлар бор. Хусусан, аввалги сайловларда бевосита овоз беришда иштирок этадиган вакиллар йиғилиши иштирокчилари сони тегишли кўмаклашувчи комиссия қарори асосида белгилаб берилган бўлса, янги тартибга кўра, муайян ҳудудда яшовчи сайлов ҳуқуқига эга фуқароларнинг камида 12 фоизи ушбу жараёнга жалб этилиши шарт. Уларнинг учдан икки қисми овоз беришда иштирок этсагина сайлов ўтган ҳисобланади, аксинча йўқ.
Яна бир муҳим ўзгариш шундан иборатки, энди ўзини ўзи бошқариш органида ўтадиган йиғин оқсоқоли сайловида овоз бериш қатъий яширин усулда ташкил этилади. Авваллари бу масала вакиллар йиғилишига юборилган кўпчилик хоҳиши асосида ҳал қилинган.
Йиғин раиси ваколатининг аввалги икки ярим йилдан уч йилга узайтирилиши ҳам аҳамиятли бўлиб, шу асосда бундан буёғига ўзини ўзи бошқариш органларига бўладиган асосий сайловлар фақат аниқ бир вақтни кўзда тутади.
"Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг янги таҳририда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссия ваколатлари билан бир қаторда, унинг ўзини ўзи бошқариш органларига кейинги сайлов эълон қилингунга қадар фаолият кўрсатиши белгилаб қўйилди. Аввалги сайловларда мазкур комиссия жараён якунланиши билан фаолиятдан тўхтаган. Натижада турли сабабларга асосан муддатидан олдин ўз ваколатларини топширган оқсоқоллар ўрнига навбатдан ташқари сайловлар эълон қилиш амалиёти кузатилмаган. Бўшаб қолган ўринлар шунчаки тайинлов асосида тўлдириб келинган.
Шунингдек, май ойида ўтадиган жорий фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловида сайлов ўтказиш, сайлов ва номзодлар тарғиботини ташкил қилиш тадбирлари учун бюджетдан маблағ ажратилиши кўзда тутилди.
Дарҳақиқат, бу борада ўзгаришлар кўп, улардан фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларини самарали таъминлаш билан бир қаторда, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштириш, маҳалла институти мавқеини юксалтириш каби мақсадлар кўзлангани аҳамиятли.
Савол-жавоб руҳида ўтган семинар иштирокчилари саволларига Олий Мажлис Сенати девони масъул ходими Абдураҳмон Бобоев, Қонунчилик палатаси депутати Турсунпўлат Норбоев батафсил жавоб қайтардилар.
К.ҲАКИМОВ