Биз ҳайит деб атайдиган байрам араб тилида "ийд", яъни "қайтиш", "такрор келиш" маъноларини англатади. Баъзи уламолар: "Бу байрам инсонларга уларнинг қийинчилик ва ғам ташвишларига қарамасдан ҳар йили хурсандчилик ва шодлик билан қайта-қайта келгани учун "ийд" деб номланган, деганлар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келдилар. Уларнинг (мадиналикларнинг) ўйнаб ҳордиқ чиқарадиган икки кунлари бор эди. У зот алайҳиссалом: "Бу икки кун қандай кун?", дедилар. Мадиналиклар: "Биз жоҳилиятда бу икки кунда ўйнаб ҳордиқ чиқарар эдик", дейишди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Албатта Аллоҳ таоло сизларни бу иккисидан яхшироқ кунларга алмаштирди, ийдул азҳо ва ийдул фитр", дедилар".
Ушбу икки ҳайит байрами исломнинг икки улуғ рукнлари ортидан келади. Улардан бири Рамазон рўзаси тугаганидан сўнг, иккинчиси Ҳаждан кейин, яъни ҳожилар Арафотда турганларидан сўнг нишонланади.
Ҳайит барча мусулмонлар шодлик ва хурсандчилик изҳор қиладиган кунлар ҳисобланади. Бу кунларда мўминлар Аллоҳ таолога берган сон-саноқсиз неъматлари учун шукрона сифатида садақаи фитрларни берадилар, ҳайит намозларини адо этадилар.
Ҳайит мусулмонларнинг азиз байрами бўлгани боис бу айём шоду хуррамлик, хурсандчилик қилинадиган, кексалар, ота-она, қариндошлар зиёрат этиладиган, беморлар ҳолидан хабар олинадиган, кўплаб хайр-эҳсон улашиладиган кундир.
Ҳайит кунлари оила ичида ҳам байрам кайфиятини тиклаш керак. Рўзғор учун амалга ошириладиган харажатларни одатдагидан яхшироқ қилиш даркор. Иложи бўлса, совға ва махсус ҳадялар улашилса, янада яхши бўлади. Шу кунларда беморларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳам ҳайитни нишонлашларига кўмаклашиш айни савоб бўлади. Ҳайит кунлари силаи раҳм қилиш, қариндош-уруғ, қуда-андаларни зиёрат қилишнинг ҳар қачонгидан ҳам кўра савоби кўпроқ бўлади.
Узоқлашиб кетган қариндошлар билан, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим. Зеро, силаи раҳмни узган ёки инсонларга гина қилган кишиларга фазилатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида ривоятлар бор. Шу боис, бунга жиддий қараш керак.
Болаларга муносиб ҳадя ва совғалар улашилса, айни мақсадга мувофиқ бўлади. Фарзандларимиз йил давомида ҳайитни эслаб юрсин, уни орзиқиб кутсин, буюклигини ҳис қила билсин. Бу каби ишлар фарзандларимиз онгида миллий-диний қадриятларимизга нисбатан эҳтиром туйғуси шаклланишида, уларнинг Ватан ва миллатга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади. Таниш-билиш, ёру дўст ва ҳар бир мусулмон кишини ҳайит билан табриклаб, уларга хурсандчилик ва шодлик изҳор қилиш гўзал ишлардандир.
Ҳайит арафасида кўни-қўшниларга меҳр-мурувват кўрсатиш билан бирга моддий ёрдамга муҳтож кишилар, яъни кам таъминланган оилаларга хайр-эҳсон қилинса, уларнинг хонадонларига ҳам байрам шукуҳи кириб келган бўлади.
Ҳайит кунлари дуолар қабул қилинадиган кундир. Бу кунда баъзи жойларда одамлар тўп-тўп бўлиб қабристонга, азадор хонадонларга бориши, йиғи-сиғи қилиши шаръан дуруст эмас. Бундай ношаръий амаллардан қайтайлик, ўзимизни ортиқча бидъат амаллардан сақлайлик. Бунинг ўрнига Аллоҳнинг тинчлик, хотиржамлик каби неъматларига шукр қилиб, эрта тонгдан ҳайит намозини адо этиб, кўпчилик билан қўлларимизни дуога очсак, қалбимиздаги истакларимизни Яратгандан сўрасак, иншааллоҳ, бунинг савоби ўзимизга ҳам, биздан умидвор бўлиб ётганларга ҳам етиб боради.
Уламолар жума намозини адо этиш фарз бўлган кишиларга ҳайит намозларини адо этиш вожиб бўлади, деганлар. Ҳайит намозига чиқишда ғусл қилиб, тоза-озода бўлиб чиқилади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда қуйидагича хабар берилган: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайити кунида ва Қурбон ҳайити кунида (албатта) ғусл қилар эдилар". Шунингдек, ҳайит намозига ювиниб, тоза-озода мушк ва атирлар билан хушбўйланиб чиқилади.
Ҳайит кунида имкони бор киши янги кийим кийиши мустаҳаб саналади. Чунки бу иш Аллоҳ таолонинг бандасига берган неъматларини изҳор этиш, шоду хуррамлигини намоён қилиш бўлади. Бунга имкони йўқлар энг яхши тоза-озода кийимларини кийиб чиқадилар.
Рамазон ҳайити байрамида намозгоҳга чиқиш олдидан бирор ширинлик тановул қилиш суннат ҳисобланади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда бундай хабар берилган: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғиз очиш кунида (Рамазон ҳайитида) бир нечта хурмо емасдан (намозгоҳга) чиқмасдилар".
Агар бирор узр бўлмаса, ҳайит намозига пиёда юриб бориш ҳам суннатдир. Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда чиқар эдилар. Азон ва иқоматсиз намоз ўқир эдилар. Сўнгра бошқа йўлдан уйга қайтар эдилар". Шунга кўра, бирор касаллик ёки узоқлик, ёки қору ёмғир сингари бирор узр бўлмаса, намозгоҳга пиёда бориш суннат бўлади.
Шунингдек, уламолар ва толиби илмларни зиёрат қилиш ҳам ҳайит байрамидаги фазилатли амаллардан саналади. Албатта, бунда уларнинг вақтларига риоя қилиш лозим.
Умуман олганда, ҳайит байрамининг жамият вакиллари орасидаги гина-адоватлар ва турли кўнгилсизликларни кетказиш ҳамда улар ўртасида меҳр оқибат ришталарини янада мустаҳкамлаш сингари ҳикматлари кўпдир.
Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ҳайитини муборак қилсин. Кейинги ҳайит байрамларига ҳам соғлик-саломатлик, хурсандчиликда етишимизни Яратган барчамизга насиб этсин! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Раҳматилло УСМОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби