Эркаклар баҳс олиб борган "Фьючерс" туркумидаги, аёллар беллашган ITF таснифига кирувчи мусобақаларни мухлису мутахассислар катта қизиқиш билан кузатиб борди. Айниқса, бош соврин учун кечган ҳал қилувчи баҳслар унутилмас онларга бой бўлди.
"Фьючерс" турнири яккалик баҳси финалида мусобақанинг саралаш бос-қичларида ишончли ўйин кўрсатган ҳамюртимиз Жўрабек Каримов белоруслик теннисчи Илья Ивашка билан ғолиблик учун куч синашди. Таъкидлаш жоиз, у иккинчи даврада бельгиялик Сандер Жиллени 4:6/6:4/6:4, чорак финалда белоруслик Яраслав Шилани 6:3/6:1 ҳамда ярим финалда яна бир ўзбекистонлик спортчи Ҳумоюн Султоновни 6:4/6:2 ҳисобида мағлубиятга учратган эди. Аммо ҳал қилувчи ўйинда ҳамюртимизга бироз омад етишмади. Шу тариқа, Илья Ивашка 6:3/1:6/6:1 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақа бош совринини қўлга киритди.
Ушбу турнирнинг жуфтлик ўйинлари ҳам қизғин кечди. Эътиборлиси, бу финалда ҳам ҳамюртларимиз Санжар Файзиев ва Жўрабек Каримовдан иборат жуфтлик Сумит Нагал (Ҳиндистон) ва Чен Ти (Хитой Тайпейи) дуэтига қарши баҳс олиб борди. Афсуски, ушбу ўйин вакилларимиздан бири олган жароҳат боис муддатидан олдин якунланди. Шундай қилиб, Ҳиндистон ва Хитой Тайпейи вакилларидан иборат жуфтлик ғолиб, деб топилди.
Аёллар ўртасида ўтказилган мусобақа ғолиблари ҳам аниқланди. Турнирнинг яккалик баҳслари финалида сербиялик Нина Стоянович словакиялик Ребекка Шрамковадан устун келди ва шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин эгаллади.
Эслатиб ўтиш керак, бош соврин эгаси мусобақа давомида мамлакатимизнинг биринчи рақамли аёл теннисчиси Нигина Абдураимовани курашдан чиқариб юборганди.
ITF таснифига кирувчи ушбу турнир жуфтлик баҳси финалида эса Наталья Дзаламидзе ва Вероника Кудерметова (иккаласи ҳам Россия Федерацияси вакили) дуэтига тенг келадиган рақиб жамоа топилмади.
Мусобақалар якунида ғолиблар тантанали тарзда тақдирланди.
Азизбек НОРОВ.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.