Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

16.06.2022


БАЪЗАН БИРОВГА ЭРТАЛАБ ЯХШИЛИК ҚИЛИНИБ, КЕЧҚУРУН ЮЗИГА СОЛИНАДИ

Сараланган сатрлар

Одатда ўгай она дейилганда, кўпчилигимизнинг кўз олдимизда "Зумрад ва Қиммат" эртагидаги баджаҳл, ёмон она гавдаланади. Беш қўл баробар бўлмаганидек, барча ўгай оналар ҳам жоҳил эмас, улар орасида иймон-диёнатли, охиратини ўйлаб, етимлар бошини силашга қодир аёллар ҳам кўп.

Турк адиби Аҳмад Лутфи Қозончининг "Ўгай она" асарида айни шундай солиҳа аёл хусусида сўз боради. Аллоҳ розилиги учун гап-сўзларга эътибор бермай, хотини вафот этган одамга турмушга чиққан Фотимахоним тутуми, рўзғор юритишдаги оқилалиги кўп хотин-қизларга ўрнак бўлгулик.

Қолаверса, асарда даврнинг ёшлар тарбияси, маънавиятига таъсири ҳақида ҳам сўз борадики, бунинг ечими ўлароқ келтирилган фикрлар эътиборга лойиқ.

Қозончи китобхонлар орасида "Саодат асри қиссалари" асари билан анча машҳур. Ўйлаймизки, "Ўгай она" ҳам сизни бефарқ қолдирмайди.

* * *

Одамлар илк баҳор қуёшини аскарликдан қайтган ўғлини ёки ғурбатга узатилган, яъни узоққа келин бўлиб тушган қизини кутиб олган ота-она каби қаршилайдилар. Кузги қуёш эса бамисоли байрам таътилида келган меҳмон - лоақал яна бир кунга қолиши исталган суюкли фарзанд...

* * *

Истайманки, Аллоҳ мени уялишимга сабаб бўлган ҳолатда кўрмасин. Ўзи амр этган, рози бўладиган қиёфада кўрсин.

* * *

Ўз боласини парвариш қилиш ҳайвоннинг ҳам қўлидан келади. Инсон бир поғона устун бўлиши керакмасми? Инсоннинг ҳайвондан устунлиги ғариб етимни боласидай бағрига боса олишида эмасми? Зулмнинг ҳар қандай тури ҳам ёмон, аммо етимга қилинган зулм, золимни, яъни зулм қилгувчи инсонни ҳайвондан пастроқ тушириб кўйса керак.

* * *

Йиллар бўйи инсон қўли тегмаган, парваришдан узоқ, бегона ўтлардан кўринмас ҳолга келган боғча билан исталган маҳалла ва ҳаттоки шаҳар аёллари аҳволи ўртасида катта ўхшашлик бор. Бу боғчада етишган нарсаларнинг кўпи истеъмолга яроқли маҳсулот бўлиб етишиши қийин. Боғбон тарбияси боғча учун бегона эди. Шу сабабдан ҳар ниҳол, ўзича - қандай йўл топса, шундай ўсиб ётарди.

Маҳалла аёллари ҳам шундай. Кичик ёшдан қулоқлари тарбия учун бурилмаган. Фақат бетакаллуф бир турмушнинг бепарво тарзи қулоқларига қуйилиб, қалбларига қадар ўрнашган. Шу сабабдан улар ҳисларига, орзуларига тўғри келган нарсаларни ўзлари билганича, ўзлари хоҳлаганича қойиллатиб бажаришарди. Фақат ақл ва мантиқ заруратига, ахлоқ ва фазилат амрига келганда лоқайд қолишлари кўзга ташланади. Ўтириб бировни ғийбат қилишда, чоғиштиришда, чақимчиликда, баҳслашишда, урушишда барча маҳоратларини ишга солиб, ўртага чиқарадиганлар кўп. Аммо ўзларини бундан сақлайдиган аёллар оздир. Аёлларнинг ҳаммаси шундай дейиш инсофдан бўлмаса керак. Улар орасида ҳам орзу-умидлари, мақсад ва туйғулари, фаолиятларини Аллоҳ ризоси учун қиладиган, иродасини ҳислари қаршисига қудратли бир қўмондон каби оладиганлар бор.

* * *

Инсонда бир дард бор. Амалларини бошқаларга билдириш дарди. Бу дард баъзан тарбия ва одоб доирасидан чиқиб кетади. Инсон бир яхшилик қилади. Фақат бу яхшилик мукофотини Аллоҳдан кутмасдан, бошқаларнинг бошларини қотириб, кулоқларига етказмагунча роҳат топмайди. Келажак наслларга қандай етказишади? Бунинг ҳам чораси бор, йўли осон. Дарҳол мармар лавҳага кўрсатилган ёрдам ва ўзининг исмини ёздиради. Тамом. Ким нима дейди? Баъзан бировга эрталаб яхшилик қилиниб, кечқурун юзига солинади. Лекин бу жаҳонда билдирмасдан яхшилик қилиб, бу яхшилигини ёдида сақлаб юрмайдиганларнинг ҳам борлиги аниқ.

* * *

Ота кўнгли бир аёл билан тўлиши мумкин. Фақат бола кўнглини оладиган, кўнглини тўлдирадиган аёл энди дунёда йўқ. Ота севгиси бир инсонга бўлган севгидан иборат, боланинг меҳр-муҳаббати эса фақат онага боғлиқдир. Она ер юзида бир донадир, ягонадир.

* * *

Гўдак ўзи учун бениҳоя севимли бўлган она кўкрагини тарк этади-ку. Ақли жойида, иродасига ҳоким инсон сигаретни тарк этиши мушкул ишми? Иродасига ҳоким бўлмаганлар учун мушкул бўлиши мумкин.

* * *

Инсоннинг ичида кечадиган шундай туйғулар борки, таърифига тил ожиз, таърифлаш саноқли кишиларгагина насиб этган.

* * *

Ҳайвонни алдасак бўладими, қўзим? Чақирсак, бир нарса бермоқчи деб югуриб келади, бизда эса ҳеч нарса бўлмаса, яъни алдасак, ҳеч нарса бермасак, гуноҳ бўлади, Инсон бугун ҳайвонни алдаса, эртага ўзига ўхшаш инсонни алдайди. Бу бечора ҳайвоннинг ҳеч кими йўқ. Биз нима берсак, ейди. Югур, оналар айтган ишни дарров бажариш керак.

* * *

Ўлган кундошига чин дилдан ҳурмат кўрсатган хонимлар сони бир шаҳардаги маҳалла бошлиқларидан озроқдир.

* * *

Инсонлик мезони хафа бўладиган, қайғули ҳодисалар олдида ғам чекиб-чекмаслик эмас, бу ҳодисаларни сабр ва матонат билан қаршилаш ва афв этишдир.

* * *

Биронта маҳаллада миш-миш тўхтади дейиш - бугун қуёш чиқмади дейиш билан баробар. Буни икки хотин учрашганда беихтиёр қулоғингизга кирган сўзлардан ҳам билишингиз мумкин. Бундай суҳбатларда яхши-ёмон дўстлари ортидан фақат эзгу мақсадлар, одоб ва ахлоқдан сўз очган фазилатли аёллар унчалик кўп эмас.

* * *

Тўғри гапни тан олиш осонми? Туғри сўзга мойиллик билдирувчи топиладими? Уларга ҳар қанча асоссиз бўлмасин, ўртада ғийбат қилишга ярагулик мавзу бўлса бас. Қилинган ёки қилинмаган гуноҳлари учун кимларнингдир пўстакларини қоқишлари керак. Сақичдай чайнаб ғийбат қилишлари керак.

* * *

Болаларга муносабатининг сохталик ва ўзгаларга яхши кўриниш билан ҳеч бир алоқаси йўқ. Пайғамбаримиз отасини кўрмаганлигидан, олти ёшда онадан ҳам етим қолиб,шу олти йилнинг ҳам анча қисмини сут онаси қўлида ўтказгандан хабардор эди. У зот ҳурмати учун етимга оналик қилиш шафоатга сазовор этишини, ҳатто жаннатда Пайғамбарга жуда яқин, қўшни бўлишига олиб келишини биларди, шундай умид билан болаларни бағрига олганди.

* * *

Болани замонга мувофиқ ва муносиб қилиб тарбиялаш шарт. Ақлу заковати жойида, истиқболи порлоқ ёшларни алмисоқдан қолган, замонавий бўлмаган ишлар билан машғул қилиш нобакорликдир. Унда фақат ота-онасининг эмас, бутун бир миллатнинг ҳаққи бор. Унга яхши таҳсил бермаслик эса миллат ҳаққига хиёнат саналади.

* * *

Ҳам Аллоҳига қул, ҳам миллатига хизматчи бўлмоқ менимча, қолоқлик ёки жангарилик эмас.

* * *

Онани хафа қилиш тўғрилигини қайси китобда ўқидинг? Она сени эзгуликка даъват этаркан дўстларимни ранжитмай деб онани хафа қилсанг, Аллоҳ рози бўлармикан? Сенга сигарет чектириб ёки сенинг ёнингда чекишдан бошқа ҳунари йўқ, сенга инсонликни унуттирадиган, онага бош кўтартирадиган ошнани лўлиларнинг орасидан ҳам топа оласан. Аммо сен учун кеча-кундуз дуолар қилган, сендан зиёда тушунишга, ўйлашга ҳаракат қиладиган онани, тахминимча, топишинг мушкул.

* * *

Баъзан дунёнинг энг кучли лашкарига бош эгмаган миллатнинг болалари тафаккур, маърифий-маънавий жиҳатдан шундай бузиладики, кўриб ишонгингиз келмайди. Бу китоблар ичида қароқчилик, ахлоқсизлик ва шунга ўхшаш турли разолатлардан намуна топишингиз мумкин. Аммо инсонга инсонийлик йўлида бир одим оттирадиган, уни миллий одат ва анъаналарга бир қадар яқинлаштирадиган бирор нарсани топиш мумкин эмас. Оталар болам қувонсин дея олиб келган бу китоблар ўзларига қарши болалари қўлига тутқазилган тўппончалардир. Балки тўплардир.

* * *

Қандай инсон ўзи учун қимматли бўлган кишини ноўнғай, уяладиган ҳолга келтиради? Дўстини яхши кўрган одам уни уялтирадиган ҳолга туширмайди, балки бундай ҳолда бўлса, қутқаришга ҳаракат қилади. Дўст юзига лой чаплаш эмас, унинг юзидаги ғуборни артиш бизнинг вазифамиз эмасми?

* * *

Уйингизда ўтириб дарс қилишга кучингиз етмайди, сабр қилолмайсиз, ялқовликка, ишламасдан, чарчамасдан дам олишни, кўнгил очишни истаган нафсингизга ҳоким бўлолмайсиз, натижада ҳаққингиз бўлмаган нусха кўчиришга, яъни нотўғри ишга қўл урасиз.

* * *

"Бу йил оёқ кийимларнинг товони бир қарич бўлармиш, либосларнинг этаги тиззасидан бир қарич юқори чиқармиш, сочлар фалон шаклга кирармиш", дейилганидан сўнг паст пошнали оёқ кийим, этаги тиззани, оёқни бекитадиган либос қидириб кўринг-чи. Модага берилгани учун ўзини маймундай турли қўринишга солган қанчалаб кишиларнинг аслида уйида ейишга тузук-қуруқ таоми йўқ... Лекин биз уларни эмас, модани бошлаб берадиган бойларни айбдор деб биламиз. Илгари вақтларда тўйга кета туриб фақирлар ўксинмасин дея зийнатларини тақмаган, ҳавасланиб, кўнгли тушмасин, оғринмасин, харажатга қийналмасин деб ҳашамдор кийинмаган олижаноб инсонлар бўлган экан. Энди эса ўзидан бошқани ўйламайдиган, барча фазилати чўнтагидаги пулдангина иборат бўлган бойларимиз бор. Бугун ҳар тўй учун алоҳида кийим тиктирмаса уяладиган, ўн беш, йигирма бош кийимни кам дейдиган аёлларимиз мавжуд.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo