Сараланган сатрлар
"Инсон боласи енгилиб, енгилганига рози бўлиб кетавериш учун яратилмаган. Одамзодни янчиб ташлаш мумкин, лекин уни енгиб бўлмайди". Эрнест Хемингуэйнинг инсон матонати, буюк курашига бағишланган "Чол ва денгиз" асари айни шу ғоя устига қурилган бўлиб, қайсидир муаллифлар том-том китоблар ёзиб, макулатурани бойитишга ҳисса қўшган бир чоғда америкалик адибнинг ҳажман катта бўлмаган қиссаси 1954 йилда Нобель мукофотига лойиқ кўрилади.
Асар қаҳрамони Сантьяго исмли чол бўлиб, азалда омади бароридан келган балиқчининг кейинги вақтларда иши юришмай қолган. 84 кундирки, тўрига балиқ илинмайди. Унга ёрдамчи бўлиб юрган бола эса Сантьягонинг кучли шахс, моҳир балиқчи эканини билиб, гарчи ота-онаси қаршилик қилса-да, қариянинг ёнидан бери келмайди. Атрофдагилар эса гоҳ ачиниб, гоҳ устидан кулиб назар солишади.
Пешонасига турли-туман тузоқлар, тўрлар ва инсон ҳийла-найрангларидан узоқроқда, зим-зиё океан тубида яшамоқлик ёзилган кекса балиқчи кунларнинг бирида "одам боласининг нималарга қодир эканлиги ва ҳамда нималарга дош бериб, чидаши мумкинлигини кўрсатиб қўйиш" аҳдида денгизга тушади. Қуруқликдан жуда узоқлаб кетганига қарамай улкан балиқни қандай бўлмасин қўлдан бой бермаслик ҳаракатида бўлади. Машаққату минг азоблар натижасида эса ўз мақсадига етиб, инсонни қарилик забт этишига қарамай, сабр-бардош чек-чегарасиз эканини исботлайди.
Қуйида дунёга машҳур, у асосида кўплаб бадиий фильмлар суратга олинган қиссадан парчаларни эътиборингизга ҳавола этяпмиз. Ўйлаймизки, ўқилиши оддий ва ғояси кучли асар мутолааси маънавий оламингизни бойитади.
* * *
Чол ориқ ва ҳолдан тойган, энсасини чуқур ажинлар тилиб ўтган, бетлари эса қуёш нурининг тропик денгиз юзидан акс этиб чиқишидан пайдо бўладиган беозор тери ракининг жигарранг доғлари билан қопланган эди.
Доғлар чўзилиб гарданигача тушган, йирик балиқларни тортиб олаётганда, чизимчалар ўйиб юборган қўлларида чуқур чандиқ излари кўринарди. Аммо бу излар ичида янгиси йўқ, ҳаммаси ҳам узоқ сувсизликдан қақраб ётган биёбон дарзлари сингари кўҳна эди. Чолда нимаики бор бўлса, бари ҳам эски, фақат денгиз тусини олган мовий, мардона одамларникига хос қувноқ кўзлари бундан мустасно эди.
* * *
- Сен мен учун нақ қўнғироқ соатнинг ўзисан, - деди бола.
- Мен учун қариликнинг ўзи қўнғироқ соат. Чоллар нега жуда барвақт туришаркин-а? Наҳотки, буни қолган умрларидан бир кунини бўлса ҳам чўзиш ниятида қилишса?
* * *
Сўнгги пайтларда унинг тушига на тўфонлар, на хотинлар ва на буюк воқеалар, на улкан балиқлар ва на жанжал-суронлар, на куч синаш мусобақалари ва на ўз хотини кирарди. Энди тушида узоқ ўлкалар ва қирғоққа чиқаётган шер болаларинигина кўрарди, холос. Улар худди мушукчалар сингари ғира-шира тун қўйнида ғужғон ўйнашар ва чол болага қанчалик муҳаббат қўйган бўлса, буларни ҳам шунчалик севар эди.
* * *
Чол қушлар ва айниқса, бетиним озиқ ахтариб учган, аммо деярли ҳеч қачон уни тополмайдиган жимит ва нозик денгиз қалдирғочларига ачиниб кетар ва "Қушлар турмуши, қиринқора ва катта, кучли қушларни ҳисобга олмаганда, бизнинг кун кечиришимизга қараганда ҳам жуда оғир. Океан гоҳида шу қадар ҳам бераҳм бўлар экан, нима учун қушларни мана бу денгиз қалдирғочлари сингари нозик ва шикаста қилиб яратганлар.Океан сахий ва гўзал, аммо у гоҳо тўсатдан шундай шафқатсиз бўлиб кетадики, унинг устида озиқ илинжида чарх уриб шўнғиб, ожиз ва мунгли овоз билан бир-бирларига жўр бўлиб учган бу қушлар унга нисбатан бениҳоя заиф ва мўрт кўринади", деб ўйларди.
* * *
У ҳар доим денгизни, унга муҳаббат қўйган ҳамма кишилар каби хаёлидан испанчасига la mar деб атарди. Айрим пайтларда денгизга меҳр қўйган одамлар, у ҳақда бадҳазм гаплар айтишади, аммо доимо бу гаплар денгиз эмас, гўё аёл устида бораётганга ўхшайди. Акула жигарининг нархи ошиб бораётган кунларда сотиб олинган моторли қайиқларда юриб, қармоқларига пўпак ўрнига буй ишлатадиганлар хилидан бўлган ёшроқ балиқчилар эса денгизни Vel mar деб атайдиган ва унга эр кишига қарагандай қарайдилар. Уларнинг наздида денгиз гўё, ҳудудсиз бир сайҳон, гўё бир рақиб, гоҳида эса, ҳатто бир душман бўлиб кўринади.
Чол бўлса, доимо денгиз тийилганда, гоҳ тенги йўқ саховатлар инъом этиб, гоҳ тумтайиб туриб олувчи хотин кишини кўз ўнгига келтиради. Агар у енгилтак ёки хунук ишлар қилиб қўйса, нима ҳам қилиб бўларди, табиати ўзи шунақа демоқликдан бошқа иложи йўқ.
* * *
"Мен қармоқларимни доимо бехато ташлайман, - деб ўйлади чол. - Ўзи ишим ўнгидан келмаяпти. Яна ким билади? Эҳтимол, бахт бугун менга ҳам кулиб боқар. Ҳар куннинг ўз таомили бор. Албатта, кишининг иши юришиб турганига нима етсин. Аммо мен ўз ишимнинг пухта бўлишини маъқул кўраман. Бахт келган чоғда, уни кутиб олмоққа тайёр тураман".
* * *
Кўпчилик одамлар тошбақаларга бераҳм муносабатда бўладилар. Ахир, бу жониворни ўлдириб, нимта-нимта қилганларидан кейин ҳам, унинг юраги анчагача уришдан тўхтамай туради-ку. "Аммо - лекин, - деб ўйлади чол, - юрагим юрагидан фарқ қилмайди, қўл-оёқларим бўлса, унинг панжаларига жуда ҳам ўхшаб кетади".
* * *
Денгизда ҳуда-беҳудага гапиравермаслик одат тусига кирган. Нурли-нурсиз гапларни чолнинг ўзи ҳам ёқтирмас ва шу одатни ҳурмат қиларди. Мана энди бўлса, у, ўз ўйларини жуда кўп марта овоз чиқариб такрорлар, нафсиламрга бунинг бировга айил ботадиган ўрни ҳам қолмаган эди.
- Агар ўзим билан ўзим гаплашётганимни битта-яримта эшитиб қолганда, у мени жинни-пиннига чиқариб қўярди, - деди чол. Аммо мен эсдан оғмаган эканман, кимнинг бу билан қанчалик иши бор? Давлатмандларнинг хўп ҳам ошиғи олчи-да: қайиқларида радиолари бор, уларга ҳар турли воқеаларни сўзлаб беради, бейсбол янгиликларини эшиттириб туради.
* * *
"Кексайганда, киши ёлғиз ўзи кимсасиз қолмасин экан, - деб ўйларди у. - Аммо бу кўргиликдан қочиб қутулиб бўлармиди.
* * *
"Турган-битгани мўъжиза-ку бу балиқнинг. Унинг дунёда неча йил умр сурганини худойимнинг ўзи билади. Менинг қўлимга ҳеч қачон бунақанги кучли балиқ тушмаган. Ўзини тутишини қаранг, ақл бовар қилмайди-я бунга. Эҳтимол, унинг сакраб чиқмаётгани ҳам бениҳоя ақлли бўлганидандир. Агарда у бор кучи билан олдинга интилса ёки сапчий қолса борми, тирик қўймасди мени, ахир. Аммо, балки бу унинг қармоққа биринчи марта тушиши эмасдир ва у жонини сақлаш учун мана шу алпозда курашмоқни аъло билар. Ўз мухолифи ёлғиз бир киши, у ҳам бўлса, чол эканини қаердан билсин".
* * *
"Тасаввур қилиб кўргин-а, одам узун кун ойни бўғизлашга ҳаракат қилиб юрса! Ой бўлса, ундан қочиб кетади. Бу ҳам майли-я, агар одамга ҳар куни қуёшни овлашга тўғри келиб қолганда, нима бўларди? Йўқ, нима десанг ҳам бизнинг толеимиз бор", деб ўйлади у.
* * *
Умидсизлик - ҳалокат, - деб ўйларди у. - Бунинг устига, фаҳмимча, умидсизлик ҳатто - гуноҳ.
* * *
Қуёшнинг ботиши ҳар қандай балиққа ҳам ёмон таъсир қилади.
* * *
Бахт деган нарса одам боласига турланиб келади, уни билиб бўлармиди? Борингки, мен қандай бўлиб келмасин, ўзимга жиндаккина бахт олган бўлардим ва унинг эвазига нима сўрамасинлар, икки қўллаб бахш қилардим.
* * *
"Гарчи адолатдан бўлмаса-да, - фикран давом этди у, - мен одам боласининг нималарга қодир эканлиги ва ҳамда нималарга дош бериб, чидаши мумкинлигини кўрсатиб қўяман".
У аллақачон буни юз карра, минг карра амалда исбот қилган эди. Нима бўлибди энди? Яна қайтадан исбот қилиш керак бўлса, исбот қилаверади. Бунинг саноғи ҳар сафар янгидан бошланади: шу сабабдан ҳам у бирон нарсани қилаётганда, ҳеч қачон ўтиб кетган нарсаларни эслаб ўтирмас эди.
НАСРИДДИН тайёрлади.