Мамлакатимиз мустақиллик остонасига илк одимларини қўя бошлаган чоғлардаёқ Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатимизда миллий анъаналар ва жаҳоннинг илғор технологияларини ўзида мужассам этган, чинакам иқтидорли ва истеъдодли авлодни тарбиялаш ва таълим беришга қаратилган, бутунлай янгича тамойилларга асосланган таълим тизими барпо этилди. Бу тизим асосида миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топган, маънан ва жисмонан етук, мустақил фикрлайдиган, замонавий янгилик ва технологияларни ўзлаштирган кадрлар тайёрлаш амалга ошириб келинмоқда.
Ўз навбатида мазкур эзгу ишларнинг рўёбида ўқитувчи ва мураббийларнинг муносиб ўрни бор. Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган байрам табригида ҳам “Сизларнинг ёшларимиз қалби ва онгига она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини сингдириш, уларни турли таҳдидлардан асраш, комил инсон этиб вояга етказиш йўлидаги беқиёс хизматларингизни барча ота-оналар, жамоатчилигимиз, бутун халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди”, дея эътироф этилгани соҳанинг барча вакили сингари мени ҳам тўлқинлантирди, ҳаяжонга солди.
Байрам табригида ўқитувчиларга алоҳида ишонч билдирилиб, мамлакатимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган янги авлод кадрларини вояга етказишга қаратилган ишларни изчил давом эттириш муқаддас бурч эканлиги ва бунда биринчи навбатда биз – ўқитувчи ва мураббийларнинг билим ва малакамиз, тажриба ва маҳоратимизга таянилиши таъкидлангани барчамизга улкан шараф ва масъулият бағишлайди. Бу жуда катта ишонч. Юртнинг эртасига, келажагига дахлдор бўлган ишонч. Чунки биз вояга етказадиган интеллектуал салоҳиятли ёшлар юртга таянч бўлади, ёрқин келажакни таъминлайди.
Кўрганмиз, кузатганмиз – дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларида ҳам ўқитувчиларига бу қадар юксак ишонч билдирилмаган. Яқинда ана шундай давлатлардан бирида бир ўқитувчи ҳукумат раҳбарига соҳадаги шароитлар хусусида сўзлаб, иш ҳақининг камлигидан шикоят қилганида, ҳукумат раҳбари мавжуд аҳволни ўрганиб, тегишли чора-тадбир белгиланишини айтиш ўрнига, ундай бўлса, касбингизни ўзгартиринг, деган жавобни берди. Мана, ўқитувчига бўлган муносабат. Бизда-чи? Ҳар йили Мустақиллик айёми, 1 октябрь санаси ўқитувчи ва мураббийларга қўша-қўша орден ва медалларни, юксак унвонларни туҳфа этади. Бугун ўқитувчи ва мураббийнинг даври келган. У ҳаётидан рози, эртанги кунга ишончи зўр, шунинг учун шогирдлари юқори натижаларни кўрсатаяпти. Мамлакат номини дунёга таратаяпти.
Шунингдек, байрам табригида Биринчи Президентимизнинг Ватанимизни буюк муҳаббат билан севиш, халқимизга садоқат билан хизмат қилиш борасида биз учун юксак ибрат мактабини яратиб кетгани алоҳида таъкидланди. Чиндан ҳам Ислом Каримов мамлакатимиз бугунги ва эртанги кунининг ҳал қилувчи кучига айланиб бораётган ёшларимизнинг онгу тафаккури ва дунёқарашини бутунлай ўзгартирган, навқирон авлодни тарбиялаб вояга етказишнинг янги принципиал тизимини ташкил қилиш ва уни ҳаётга жорий этиш ишларига бевосита раҳбарлик қилди. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури доирасида қад ростлаган замонавий таълим муассасалари, спорт иншоотлари навқирон авлоднинг бахту камолига хизмат қилаяпти.
Биргина ўзим эришган натижаларни олайлик. 2014 йилда “Йилнинг энг фаол ёш ўқитувчиси” танловининг республика босқичида 1-ўринни эгалладим. “Ёш мутахассислар” II республика форумида ғолибликни қўлга киритиб, Италиянинг Турин шаҳрида малака оширдим. Касаба уюшмалари фаолиятига ёшларни жалб этиш бўйича Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида ўтган халқаро семинарда иштирок этдим.
Имконияти чекланган шахслар учун веб-сайт яратиш устида иш олиб бораяпман. Мазкур сайтда ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар МР3, сурдо ёзувли видео шаклида жойлаштирилади. Шунингдек, имконияти чекланган шахслар учун форум ҳам ташкил этилади.
Мен нимагаки эришаётган бўлсам, барчаси истиқлол шарофати, мамлакатимизда Биринчи Президентимиз бошлаб берган оқилона сиёсат натижаси деб биламан. Бахтимиз шундаки, қилинган меҳнат муносиб қадрланади, эътироф этилади. Ўқийман, изланаман, юрт равнақига ҳисса қўшаман, деган киши учун барча шароит муҳайё. Бундан фойдаланмай бўладими?
Яратилган шароит ва имкониятларга жавобан, айни пайтда зиммамиздаги улкан масъулиятни чуқур англаган ҳолда бор куч-ғайратимизни аямаймиз. Бу борада бизни, бутун Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларини шахсан давлат раҳбарининг ўзи қўллаб турганлиги маррани янада юксакроқ қўйишимизга асос бўлаяпти.
Нодира УМИРОВА,
Муборак ахборот технологиялари ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси