Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

15.05.2017


БАХТ ВА САОДАТ МАСКАНИ

Бироқ бугунги кунда айрим Ғарб давлатларида оилалар чуқур таназзулни бошдан кечирмоқда. Яъни айрим ахлоқсиз, инсоний туйғуларга мутлақо зид фикр ва ғоялар ёшларнинг ижтимоий ҳаётида тузатиб бўлмас муаммоларни юзага келтириб, оилалар бузилишига сабаб бўлмоқда.

Шуни эътиборга олган ҳолда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 сентябрдаги ялпи йиғилишида 1994 йилдан бошлаб 15 май - Хал­қаро оила куни сифатида белгиланди. Кўзланган мақсад битта - инсоният диққат-эътиборини одамларнинг орзу-умидлари, бахт-саодати ҳамда тинчлигини таъминлайдиган маскан - оиланинг мустаҳкам бўлишига қаратишдир.

Муқаддас китобларимизда оила­­ларда тинчлик ва аҳилликни сақлашга эътибор қаратилган. Эр ва хотиннинг бир-бири устидан ҳақ­лари, мажбуриятлари қатъий белгилаб берилган. Динимизда ҳам, қонунларимизда ҳам ҳар бир оилавий келишмовчиликни, энг аввало, тинч йўл билан ҳал этиш лозимлиги кўрсатилган.

Шунингдек, муборак ҳадисларда айтилишича, мубоҳ, яъни рухсат берилган амаллар ичида Яратганга энг хуш келмайдигани талоқ (ажрашиш) экан. Бу сўз айтилганда ҳатто Арши аъло ҳам ларзага келиши қайд этилган.

Бундан кўриниб турибдики, диний ва дунёвий ҳаёт тарзимизда оила эзгулик, эътиқод, бахт ва боқийлик масканидир. Уни асраб-авайлашда оиладаги муҳит, меҳр-муҳаббат, ўзаро ҳурмат, тинчлик-тотувлик, ота-онанинг билим савияси, илм-маърифатдан хабардорлиги муҳим омил саналади. Бироқ сўнгги йилларда мамлакатимизда оилавий ажримлар сонининг кўпайиб бораётгани ачинарли ва анча ташвишланарли ҳолдир. Маълумотларга кўра, ўтган йили вилоятимизда 1 минг 832 та оилада ажрим қайд этилган. Бу 2015 йилга нисбатан 78 тага кўпдир. Хўш, бунинг сабаби нимада? Нега ажрашишлар сони йил сайин ошмоқда?

- Оилаларнинг бузилиш сабаблари ўрганиб чиқилганда, ёшларимизнинг оила қуришга тайёр эмаслиги, улар соғ­лиғига эътиборсизлик, йигитларнинг оилани бошқариш, рўзғорни моддий таъминлашга етарлича эътибор қаратмасликлари, қизларнинг эса уй бекаси, оналик вазифасини тушунмаслиги, аксарият ҳолларда қайнона ва келин ўртасидаги можаролар туфайли юзага келаётганлиги маълум бўлди, - дейди вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Рисолат Эшқобилова. - Шуларни ҳисобга олган ҳолда маҳалла фаоллари иштирокида масаланинг ана шу жиҳатларига эътибор қаратаяпмиз. Чунки келишмовчилик ва оилавий жанжаллар жамиятга ҳамда оилага ҳам иқтисодий, ҳам маънавий зарар келтиради. Барбод бўлган оилаларда вояга етган фарзандларнинг маънавий тарбияси жамиятнинг оғриқли нуқтасига айланади...

- ўтган йили ҳамкор ташкилотлар билан турли корхоналарда, вилоятимизнинг шаҳар ва қишлоқларида кенг қамровли тадқиқотлар ўтказдик, - дейди вилоят “Оила” илмий-амалий маркази раҳбари Замира Маманазарова. - Талаба ва ўқувчилар учун очиқ дарслар, оилага бағишланган иншолар танловлари ташкил этилди. Қўша қариб, қадр топган табаррук инсонларнинг оилавий ҳаёт тарзи ўрганилиб, тарғиб қилинди. Оилавий спорт мусобақалари, кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш каби тадбирлар бўлиб ўтди. Шунингдек, ҳар бир туманда “Ҳунарманд келинлари бор оила”, “Оилаларни яраштиришга энг кўп ҳисса қўшган фаол”, “Томорқасида энг кўп гуллар ва кўчатлар етиштирган оила”, “Келинининг олий маълумотли бўлишига ёрдам берган оила”, “Қўшнилари билан аҳил яшаётган кўп келинли оила” каби мавзуларда танловлар ўтказиш одат тусига айланган.

Тўғри, бу каби тадбирлар оилалар мустаҳкамлиги ва тадбиркорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Бироқ бу орқали барча оилани қамраб олиш жуда қийин. Шунинг учун барчани қамраб оладиган тарғибот усулларини татбиқ этиш даркор. Шунда оилаларни мустаҳкамлаш борасидаги ишларимиз самарали кечади.

Оилани мус­таҳкам қўрғонга айлантириш, Ватан, халқ, миллат орзу-умиди ва мақсадларини, келажагини асрашга ҳар биримиз масъул эканимизни унутмаслигимиз лозим. Чунки оила масаласи юрт ва миллат тақдирига дахлдор масаладир.

Шоҳиста БОЗОРОВА 

Report typo