Банан таркибида углеводларнинг каттагина захираси мавжуд. 100 грамм қуритилган бананнинг калорияси 346 кКалга тенг. В1, В2, В3, В9, А, РР, С, Е каби дармондорилар, кальций, калий, натрий, магний, фосфор, мис, темир, рух каби микроэлементларга бой. У қондаги шакар миқдорини тезда кўтаради. Бу меванинг кундалик истеъмол рационига киритилиши буйрак ва жигар хасталикларида, камқонликни даволашда ёрдам беради. Атеросклероз, гипертония, депрессияни енгишда самарали восита саналади. Шунингдек, жиғилдон қайнаши, қабзиятда шифо бўлади. Асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатиб, уни тинчлантиради ва уйқуни меъёрлаштиради. Банан истеъмоли қонда серотонин ишлаб чиқарилишини кўпайтиради. Антисептик ва буриштирувчи хусусиятга эгалиги боис ошқозон шиллиқ қавати ва оғиз бўшлиғи яллиғланишида, энтерит, ошқозон-ичак ярасида даво бўлади.
Юрак қон-томир тизими хасталикларидан азият чекувчиларга бананни кўп истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Тромбофлебит, юракнинг ишемик касалликлари билан оғриган, шунингдек, яқиндагина инфаркт ёки инсульт ўтказган кишилар банан истеъмол қилмаганлари маъқул.
АНОР
Анор – бўйи 6 метргача етадиган бута дарахт бўлиб, шохлари тиканакли, барглари майда-майда, гуллари қўнғироқсимон кўринишга эга.
Анор меваси таркибида С, В6, В12, Р дармондорилари мавжудлиги аниқланган. У клетчатка, минерал моддалар ва кальций, магний, калий, марганец, фосфор, йод, темир ҳамда натрий сингари микроэлементларга бой. Анор шарбатида 8 фоиздан 20 фоизгача шакар (глюкоза ва фруктоза), 10 фоизгача лимон, олма, вино ва бошқа органик кислоталар, шу билан бирга, кўп миқдорда фитонцидлар, азот ва ошловчи моддалар, танин, хлор ва бошқа тузлар мавжуд.
Анор яхши чанқовбосди мева саналади. Иштаҳани очади, қонда эритроцитлар ҳосил бўлиши ва гемоглобин ишлаб чиқарилишини таъминлайди. Иммунитетни мустаҳкамлаб, асаб тизими фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Қонни кўпайтиради ва унинг айланишини яхшилайди. Кексалар ва жарроҳлик операциясини бошидан ўтказган кишиларга фойдаси катта. Унинг гули ва мевасидан тайёрланган настойка қадимдан қон кетишини тўхтатувчи бебаҳо восита ҳисобланади.
Анор шарбати юрак, ўпка, жигар хасталикларида самарали шифобахш восита сифатида тавсия этилади. Аёлларнинг климакс даври билан боғлиқ хасталикларини даволашда ва депрессияни енгишда фойдали. Анор шарбатини мунтазам истеъмол қилиш саратон хасталигига чалиниш хавфини камайтиради. Бу шарбат нурланиш хавфи юқори жойларда ишловчи ва шундай ҳудудларда яшовчилар учун бебаҳо неъматдир. Атеросклероз, цинга, ошқозон-ичак касалликларини даволашда, шунингдек, шамоллашда анор шарбати тез таъсир кўрсатадиган шифо воситаси. Бронхиал астма ва камқонликни даволашда ҳам анор шарбатини мунтазам истеъмол қилиш тавсия этилади.
Манбалар асосида ХУРШИДА тайёрлади.