ДХХ вилоят бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Касби туманида яшовчи шахс Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи фуқарони ўзининг танишлари орқали Миллий гвардия тизимига ишга киритиб қўйиш эвазига, ундан 2 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Бугунги кунда мамлакатимизда кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш бўйича давлатимиз раҳбари ташаббуси билан зарур чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамасдан, афсуски, бу борада ўз нафсини устун қўювчилар ҳам учраб турибди.
Хусусан, Қарши тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази бош ҳисобчиси “темир дафтар”га киритилган 3 нафар фуқарога 6 миллион 690 минг сўмдан, жами 20 миллион 70 минг сўм миқдорида субсидия маблағлари олишларида ёрдам беришини айтиб, эвазига 600 АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ва департамент ходимлари томонидан ушланди.
ДХХ матбуот хизмати хабарига кўра, ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.