Элчи ташриф давомида айрим тадбиркорлик субъектларининг фаолияти билан яқиндан танишди. Хусусан, "Санам" МЧЖда ишлаб чиқарилаётган текстиль маҳсулотлари унда катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, элчи жаноблари Қарши давлат университетида бўлиб, ушбу ўқув муассасаси ректори Баҳодир Шоимқулов ва талабалар билан суҳбатлашди, олий ўқув юртида яратилган шароитлар билан танишди.
Икки кун давомида Мосуд Маннан Қарши шаҳридаги кўпгина диққатга сазовор жойларни бориб кўрди. Жума намозини Кўк Гумбаз жомеъ масжидида маҳаллий намозхонлар билан бирга адо этди.
- Қаршига биринчи бор келишим, - дейди фавқулодда ва мухтор элчи. - Бироқ қадимий Қарши шаҳрининг тарихи, қиёфаси ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали яқиндан таниш эдим. Ҳудуд ўзининг тарихий аҳамиятини сақлаб қолган ҳолда замонавий қиёфа касб этиб боряпти экан. Бу эса мамлакатингиз қудратини ўзида мужассам этаётганлиги билан ҳам аҳамиятли.
Эслатиб ўтиш жоиз, Мосуд Маннан бир вақтнинг ўзида Бангладеш Халқ Республикасининг Қозоғистон, Қирғизистон ва Афғонистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимида ҳам фаолият юритади.
Б.ҲАЛИМОВ