Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Банк раҳбари дарахтлар кесилганини тан олди, бироқ бунга рухсат берувчи ҳужжатларни тақдим этолмади

20.10.2020


Банк раҳбари дарахтлар кесилганини тан олди, бироқ бунга рухсат берувчи ҳужжатларни тақдим этолмади

“Qashqadaryo” газетасининг 2020 йил 6 октябрдаги сонида “Банкни таъмирлаш баҳонасида арчалар ғойиб бўлди. Қаерга ва нега?” сарлавҳали мақола чоп этилган, унда бир неча йил олдин Қарши тумани ҳокимлиги, давлат солиқ инспекцияси, халқ таълими бўлими бинолари таъмирланиши баҳонасида кўплаб дарахтлар кесиб ташлангани, қолаверса, “Агробанк” туман филиали биноси ҳам қайта таъмирдан чиқарилгач, унинг ёнидаги арча дарахтлари ғойиб бўлиб қолгани тилга олинганди.

Аввало, шуниси қизиқки, мақола чоп этилгач, тегишли мутасаддилар муаммо қолиб, муаллифнинг ким эканига қизиқиб қолишди. “Дарахтлар кесилганига кўп бўлган экан, нега энди ёзади?” деган эътирозлар ҳам бўлди. Хўп, ўша дарахтлар нега кесилган ўзи, деган саволни ҳеч бир мутасадди ўзига бериб кўрмади чоғи.

Айтиш керакки, бирор масалага қачон эътибор қаратиш ва унда ўз номини ёки тахаллусини кўрсатиш – бу журналистнинг ҳуқуқи. Қарши туманидаги кўздан ғойиб бўлган дарахтлар эса журналистнинг назарига энди тушибдими, бунинг учун уни маломат қилиш ноўрин. Бордию муаллиф дарахт кесилаётганига гувоҳ бўлганида, индамай ўтиб кетмасди албатта...

Хуллас, газетада чоп этилган мақола вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари томонидан ўрганилибди. Мазкур жараёнда “Агробанк” Қарши тумани филиали  раҳбари ҳақиқатан хам қурилиш вақтида бино олд тарафидаги дарахтлар қонуний тартибда махсус рухсатномалар олинган ҳолда кесилганини билдирибди. Аммо буни исботловчи бирор ҳужжат кўрсатилмагани ажабланарли.

Натижада тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, туман прокуратурасига тақдим этилган.

Ўйлаймизки, прокуратура ходимлари банк биноси олдидаги кўплаб дарахтлар қаёққа ва қай тариқа гум қилинганига ойдинлик киритишади...

Report typo