Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

06.10.2020


БАНКНИ ТАЪМИРЛАШ БАҲОНАСИДА АРЧАЛАР ҒОЙИБ БЎЛДИ. ҚАЕРГА ВА НЕГА?

Савол туғилади

Дарахт кесиш учун бино таъмирлаш зўр баҳона-да. Раҳбарлар ҳам буни яхши билади ва ёнида улкан дарахтлар кўкка бўй чўзган иморатларни таъмирлашга рағбат кўрсатишади. Бундай ўйлаб қарасангиз, вилоятда бирор иморат дарахт кесмай "ремонт" қилинмаган экан. Ўзимиз ўтирган идора - Қарши шаҳридаги Журналистлар уйининг уёқ-буёғини оқлаш-кўклашга киришганларидан мамнун бўлиб ўтирсак, 40 йиллик чинордан маҳрум бўлиб ўтирибмиз-да... Кўзингиз олдида катта бир дарахтни бўлаклаб, мебелчилар олиб кетса ва бунга дарахт кесувчилар сурбетларча қараб ўтиришса, ёмон алам қилар экан лекин...

Бир муддат олдин Қарши тумани ҳокимлиги, туман солиқ идораси, халқ таълими бўлими бинолари таъмирланди, хиёбон барпо қилинди. Ўйлаганингиздек, бу ерда ҳам юзлаб дарахтлар, асосан арчалар қўпориб ташланди. Улар ўрнида экилганларининг эса бўй чўзишига ҳали анча-мунча қовун пишиғи борга ўхшаб турибди. Кесилган дарахтлар шунча ҳолга келгунича неча йиллар ўтмаган, не-не одамлар меҳнати сингмаган дейсиз. Нима, ўша дарахтлардан воз кечилмаса, "ремонт" қилинганига ҳеч ким ишонмасмиди?

Буниси майли, яқиндагина "Агробанк" туман филиали биноси ҳам таъмирланди. Тан олиш керак, иморат анча замонавийлашди, кўрган кўзни қувнатадиган бўлди. Балки ана шу ташқи гўзалликка маҳлиё бўлиб, кўпчиликнинг хаёлидан бу ерда аввал ўнлаб, юзлаб дарахтлар ўсиб тургани фаромуш бўлгандир?! Дарҳақиқат, шундай эди. Банкнинг олдини дарахтлар ўрмондай қоплаганди, бироқ ҳозир чиройли иморат бўй кўрсатдию, унинг олди тақир ердай бўлиб қолди.

Биз айни ўринда фалон санагача дарахт кесишга мораторий эълон қилинган, ундоқ-бундоқ, дея ҳуқуқий саводхонлик дарсини ўтмоқчи эмасмиз. Саволимиз шуки, туманда кесилган дарахтлар қани, қаерга кетди ва кимнинг буйруғи остида шу ишга жазм этилди? Туманда экологияга жавобгар ташкилот борми-йўқми ўзи?

Айтишларича, экологлар бу бўйича банк раҳбариятини жавобгарликка тортишга уринган, аммо ҳокимиятдагиларнинг оғзаки аралашуви билан (!) ҳаммаси "ёпди-ёпди" қилинган.

Демакки, кейинги гапни Қарши тумани ҳокимлигидагилар айтади...

Report typo