Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Феруза ҲАМИДУЛЛАЕВА

05.12.2017


БАРҚАРОРЛИК ВА ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛИ

Манбаларда маълумот берилишича, бизнинг ўлкада IХ асрдан бошлаб ислом динидаги сунна йўналишининг ҳанафий мазҳаби қарор топди. Унинг ўзига хослиги шундаки, ўзга динлар ва маҳаллий урф-одатларга нисбатан эркинлик бериши билан бошқа мазҳаблардан ажралиб туради. Бу таълимотни такомилга етказган ватандошимиз – Абу Мансур Мотуридий, Абул Мўъийн ан-Насафий ва Бурҳониддин Марғиноний каби алломалар мусулмонлар орасидаги ғоявий тарафкашликка барҳам бериш, ислом динининг “аҳли сунна вал - жамоа” йўли барқарор бўлиб қолишига катта ҳисса қўшдилар. Буюк ислом уламолари билан бир қаторда Марказий Осиё ҳукмдорлари ҳам бу йўлда курашдилар. Х аср ўрталарида ислом  дунёсида шиа йўналиши (Шимолий  Африка, Миср, Сурия, Ҳижозда – фотимийлар, Яманда – зайдийлар ва ҳатто аббосийлар пойтахти Бағдодда – бувайхийлар) устунликка эришган бир пайтда Марказий Осиёда тоҳирий, ғазнавий ва қорахоний ҳукмдорлар “аҳли сунна вал-жамоа” ақидасини қатъият билан ҳимоя қилган.

Абу Наср Форобий ўзининг “Фозил одамлар шаҳри” асарида ўзаро тотувлик ва ҳамжиҳатлик руҳи устуворлигини фозил шаҳарларнинг муҳим белгиси ҳамда уларнинг гуллаб-яшнаши, фаровонлиги ва бахт-саодати тантанасининг замини эканини таъкидлайди. Ўзаро кўмак, меҳр-мурувватнинг йўқлиги жоҳил шаҳарларнинг асосий хусусияти эканини айтиб, бу жиҳатни шундай мамлакатда фитна, фисқу фужур ҳукмронлигининг сабаби сифатида қайд этади. “Одамларга нисбатан уларни бирлаштирувчи асос инсонийликдир, шунинг учун ҳам, одамлар инсоният туркумига бирлашганликлари туфайли ўзаро тинчликда яшамоқлари лозим”, деган фикрлар ҳам буюк файласуфнинг ижтимоий ҳамкорликни жамият тараққиётини таъминловчи омиллардан бири деб ҳисоблаганини англатади.

Тарихга назар ташлаб, салтанат ишларини муросаю мадора, мурувват ва сабр-тоқат билан юритган буюк аждодимиз  Амир Темур фаолиятида ижтимоий бағрикенглик ғоя ва амалиёт бирлиги сифатида намоён бўлганини кўришимиз мумкин. Соҳибқирон эътиқод ва маънавиятнинг инсонлару давлат ҳаётида аҳамияти катталигини тўғри идрок этган. Шарафиддин Али Яздий Соҳибқиронни ҳақли равишда эътиқоди комил инсон сифатида таърифлайди. Энг муҳими, Амир Темур “аҳли сунна вал-жамоа” эътиқодига содиқ, диний ақидапарастликка қатъий қарши бўлган, ислом динини мутаассибликдан холи деб тушунган. Унинг комил эътиқоди бошқа динларни рад этиш ҳисобига бўлмаган ва шу жиҳатдан ҳам у нафақат ўз асри, балки ҳозирги замон кишиси учун ҳам намунадир.

Ўз мустақиллигини қўлга киритган Ўзбекистон ана шу тарихий анъаналарга содиқ қолган ҳолда жамиятда ижтимоий бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик руҳи устувор бўлишига қаратилган сиёсат олиб бормоқда. Истиқлол туфайли ўзлигимизни англадик, маънавий қадриятларимиз тикланди. Динга, исломий қадриятларга муносабат тубдан ўзгарди. Узоқ вақт давом этган мафкуравий тазйиққа қарамай, Ўзбекистон халқи авлоддан авлодга ўтиб келган  тарихий қадриятлари ва ўзига хос анъаналарини сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Буюк ҳурлик эса уларнинг ҳар томонлама ривожи учун кенг имкониятлар очиб берди. Энг аввало, асрлар давомида умуммиллий қадрият даражасига кўтарилган диний байрамлар – Рамазон ва Қурбон ҳайитларининг Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти  фармони билан дам олиш куни деб эълон қилинганини ва улар оммавий равишда, эмин-эркин нишонлана бошланганини таъкидлаш зарур.

Давлат ва дин муносабатларининг яна бир асосий хусусияти бу диннинг сиёсатга аралашмаслигидир. Зеро, ҳар қандай дин, биринчи ўринда маънавий-ахлоқий жиҳатни ўз ичига олади. Ҳеч қайси дин ўзида халқнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётнинг барча жиҳатларини қамраб олишга даъвогарлик қилмайди. Акс ҳолда у дин бўлмай қолади. Ҳар қандай диний эътиқод каби ислом ҳам барча даврларда, шу жумладан, даҳрийлик кенг тарғиб этилган шўро тузуми замонида ҳам ижтимоий муносабатлар ва маънавий-руҳий ҳаётга ўз таъсирини ўтказиб турган муҳим омиллардан бири бўлиб қолаверган. Ижтимоий муносабатлар ва маънавий-руҳий ҳаётнинг уйғунлиги эса ҳар қандай жамиятнинг ички сиёсий барқарорлигини белгиловчи асосий омиллардан экани сир эмас. Шу нуқтаи назардан қараганда, дин ва сиёсат ўртасидаги муайян боғлиқликни инкор этиб бўлмайди. Бунинг сабаби эса ислом  халқимизнинг онгу шуури ва менталитетига шу қадар сингиб кетганидадир.

Ҳозирги глобализм даврида юзага келган энг катта хатар - халқаро терроризм билан уйқашиб кетган диний экстремизм эндиликда умумбашарий муаммога айланди. Унинг ечими бир мамлакатнинг қўлида эмас, балки халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни талаб қилади. Худди мана шу омил боис жаҳоний ташкилотлар томонидан бу масалага жиддий аҳамият қаратилган. ЮНЕСКО Бош конференциясининг 1995 йил 16 ноябрдаги 28-сессиясида “Бағрикенглик тамойиллари тўғрисида”ги Декларация қабул қилинди. Шу кундан эътиборан 16 ноябрь санаси Халқаро бағрикенглик куни сифатида бутун дунёда, шу жумладан, мамлакатимизда ҳам кенг нишонлаб келинади. Бағрикенгликдан асосий кўзланган мақсад инсониятни тинчлик ва осойишталикни сақлашга ундашдир. Мазкур декларацияда таъкидланганидек: “Бағрикенглик бўлмаса тинчлик бўлмайди, тинчликсиз эса тараққиёт ва демократия бўлмайди”.

Бу декларацияни маъқуллаган Ўзбекистон ҳукумати диний бағрикенглик сиёсатини олиб бормоқда. Республикамизда исломдан бошқа диний конфессиялар ҳам эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда. Фуқароларнинг миллати, ирқи, динидан қатъи назар тенг ҳуқуқлилиги қонун орқали кафолатланган. Буни диёримизга очиқ қалб билан келаётган ҳар бир меҳмон ўз кўзи билан кўрмоқда ва эътироф этмоқда.

Дин соҳасида оламшумул аҳамият касб этган уламоларнинг меросини ўрганиш, аждодларимиз томонидан кўп асрлар мобайнида яратиб келинган ғоят улкан, бебаҳо маънавий ва маданий  меросни тиклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ҳам мамлакатимизда динга бўлган муносабатнинг самимий ва шаффофлигини яққол ифодалаб, диний бағрикенглик тушунчаси билан чамбарчас боғланади.

Ижтимоий ҳаётни ислоҳ қилиш ва янгилаш жараёнида маънавий қадриятларнинг қудратли қатламлари ҳам очилди. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳага оид қатор фармон, қарор ва фармойишлари қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этди. Уларга кўра, Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Нажмиддин Кубро, Имом ат-Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳрор Валий каби мутафаккирларимизнинг юбилейлари ўтказилди. Улкан ва бой маданиятимизнинг узвий қисми бўлмиш ислом назарияси, тарихи, фалсафаси, ҳуқуқшунослиги, маданияти ва ахлоқи масалаларини чуқур ўрганиш илмий тадқиқотларда марказий ўрин эгаллай бошлади. Айни пайтда, эски масжид, мақбара ва зиёратгоҳлар таъмирланиб, янгилари бунёд этилаётгани, диний билим юртлари тармоғи кенгайтирилиб, сифат ва савияси такомиллаштирилганини ҳам алоҳида қайд этиш зарур.

“Мамлакатимизни демократик тамойиллар, илм-фан ютуқлари, юксак технологиялар асосида модернизация қилиш билан бирга, муқаддас динимизни, миллий ўзлигимизни асраб-авайлаб яшашни мақсад қилиб қўйганмиз”. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг бу фикрлари бугунги кунда ҳаётий воқеликка айланмоқда.

Эътироф этиш лозимки, халқаро ҳамжиҳатлик йўлида ҳар бир инсон, жамоа ва миллатлар башариятнинг турли-туман маданиятлардан иборат эканини англаши ва буни ҳурмат қилиши жуда муҳимдир. Бағрикенгликсиз демократия асослари ва инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаб бўлмайди. Тинчликсиз тараққиёт ва демократия бўлмагани каби, бағрикенгликсиз тинчлик ҳам бўлмайди.

Феруза ҲАМИДУЛЛАЕВА,

Қарши санъат коллежи ўқитувчиси

 

Report typo