- Ўтган муддат давомида ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, аҳоли ҳаёт даражаси юксалишига қай даражада ҳисса қўша олдим, деб ҳисоблайсиз? Бунинг учун қандай ислоҳотларга қўл урдингиз?
- Муайян туманга раҳбарлик қилиш ҳоким учун катта масъулият бўлиб, юртда кечаётган ислоҳотлар натижалари ҳудуд аҳолиси ҳаётида тўла-тўкис акс этиши унинг фаолияти, ташаббускорлиги билан чамбарчас боғлиқ. Шу нуқтаи назарда Касби аҳолиси ҳаёти фаровонлиги муттасил ошиб бориши учун, аввало ҳудуд имкониятларидан келиб чиқиб қандай тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқлигини мутахассислар, фаоллар иштирокида доимо таҳлил этиб борамиз, таклифлар ишлаб чиқилишини таъминлаймиз.
Шу асосда, туман аграр соҳага кўпроқ ихтисослашганини ҳисобга олиб, пахта ва ғаллачилик билан бир қаторда, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, пиллачилик, боғдорчилик, иссиқхона хўжаликлари, уларда етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш тармоқларини ривожлантириш доимий диққат эътиборимизда турибди.
Ҳудуддаги ободонлаштириш ишларини ҳокимлик биноси ва унинг ҳовлисидан бошладик. Бу ташаббус ён-атрофдаги корхона ва муассасаларга ҳам кўчгани туман маркази кўринишида акс эта борди. Замонавий фавворалар пайдо бўлди, тунги ёритиш чироқлари янгиланди, марказий кўчаларда пиёдалар учун йўлаклар қурилди, автомобиль йўллари таъмирланиб, тегишли меъёрлар асосида светофорлар ўрнатилди.
Албатта, бу ишлар аҳоли кайфиятига таъсир этмай қолмайди. Айниқса, учта маданият ва аҳоли дам олиш масканининг реконструкция қилиниб, замонавий тарзда жиҳозлангани улар бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун асқатмоқда ва одамларда ишга, яхши яшашга бўлган рағбат ошаяпти.
Туман марказидаги 18 гектар ҳудудни эгаллаган маданият ва истироҳат боғи ҳам бугун касбиликларнинг севимли масканига айланган. У қаровсиз ҳолга тушиб қолган бир пайтда, ҳашар йўли билан тўлиқ қайтадан ободонлаштирилди, боғ ичида сунъий кўл яратилиб, қайиқлар олиб келинди, болалар ва катталар учун турли аттракционлар ўрнатилди. Ташаббускор тадбиркорлар кўмагида хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилди. Шунингдек, боғ ўртасига мусиқали фаввора, амфитеатр қурилди. Энди аҳоли байрамларда, яхши кунларда шу масканга ошиқаяпти.
Аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш мақсадида ҳам ҳудудда қатор лойиҳалар амалга оширилаяпти. Хусусан, шу мақсадда кейинги уч йил ичида туман марказининг ўзида 2 та супермаркет, 1 та савдо мажмуаси қуриб фойдаланишга топширилди. Замонавий тўйхона, 2 та қурилиш материаллари бозори, 35 ўринга мўлжалланган хусусий диагностика ва даволаш маркази ва ўнлаб хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилди.
Тан олиш керак, яқин-яқингача тумандаги соғлиғидан шикояти бор кўпгина одамлар вилоят марказидаги тиббиёт муассасаларига мурожаат этишни маъқул кўришарди. Бунга бир томондан, ҳудудга Қарши шаҳри нисбатан яқин эканлиги сабаб бўлса, иккинчи томондан туман тиббиёт муассасалари ҳолати кўпчиликни қаноатлантирмас эди. Шундан келиб чиқиб, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар, болалар бўлимлари ва туғруқ мажмуаси тўлиқ таъмирланди. Иссиқлик тизими реконструкция қилиниб, ишга туширилди. Янги ва замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди, ишга малакали мутахассислар жалб этилди.
Айни пайтда ҳам тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли шифоатхонани таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда ва бунинг учун маҳаллий бюджетдан 1 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилган.
Бу каби амалий ҳаракатлар эҳтиёжманд аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, мактабгача таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш йўналишларида ҳам олиб борилмоқда. Мисол учун, Дўстлик ва Хўжакасби массивларида бунёд этилган 28 та уй кам таъминланган оилаларга топширилган бўлса, Тинчлик массивида 18 хонадонли 3 қаватли турар жой қурилиши давом этмоқда. Шунингдек, туман марказида 3 та сунъий қопламали мини футбол майдончаси, болалар ва ўсмирлар спорт мактаби базасида ёпиқ сув ҳавзаси қурилиб, ишга туширилди. Давлат шерикчилиги асосида ташкил этилган 14 та хусусий мактабгача таълим муассасасида бугунги кунда 607 нафар бола тарбияланмоқда.
Маълумки, Касби қадимий аҳоли манзилларидан бўлиб, туман ҳудудидаги мавжуд тарихий обидалар, қадамжо ва зиёратгоҳлар ҳам шундан дарак бериб туради. Уларни асраш, келгуси авлодларга безавол етказиш асосий вазифамиз бўлгани ҳолда, туризмни, унинг негизида меҳмонхона бизнесини ривожлантириш олдимизда турган режаларимизда бор. Энг муҳими, бу борада ҳам амалий ҳаракатларни бошлаганмиз.
Қисқаси, барча амалий саъй-ҳаракатларимиз натижаси ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожланишида, аҳоли ҳаёт даражаси юксалишида ўз аксини топмай қолмаяпти. Албатта, бу катта ютуқ. Янаям холис баҳони халқ беради.
- Охирги марта қайси қишлоқ аҳолиси учун сайёр қабул ўтказдингиз ва унда айтса арзигулик қандай муаммолар ҳал бўлди? Умуман, аҳоли вакиллари тўғридан-тўғри ҳокимга мурожаат қилиши учун “йўл” очиқми?
- Ҳудуддаги маҳалла ва қишлоқларда бўлиб, у ерларда яшовчи аҳоли билан мунтазам мулоқотни йўлга қўймас эканмиз, уларни давлатдан, раҳбарлардан рози қилиш имконсиз. Қолаверса, бизга қўйилган талаблардан бири ҳам шу – қаерда бўлмайлик, фуқаро мурожаатига қулоқ тутишимиз, у қўяётган масалага ечим топиш чорасини кўришимиз шарт. Шундай экан, уларни олдиларига бориб тинглаш ёки ҳокимликда қабул қилишда ҳеч қандай муаммо бўлиши мумкин эмас ва бунга йўл қўймаймиз ҳам.
Бевосита мурожаатлар мазмунига келсак, бугунги совуқ об-ҳаволи кунларда кун тартибига энг кўп чиқаётган муаммолардан бири бу аҳоли ва юридик шахсларни электр энергияси ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш масаласидир. Албатта, ушбу масалани туман доирасида тўла-тўкис ечиш имконсиз. Шу боис ушбу йўналишларда хизмат кўрсатувчи вилоят ташкилотлари билан биргаликда муаммо ечими юзасидан иш олиб борилаяпти.
- Кейинги вақтларда ҳокимлик вакиллари, хусусан ҳоким ўринбосарларининг коррупция билан боғлиқ жиноятлари тез-тез содир бўлмоқда. Шунга йўл қўймаслик учун Сиз томонингиздан қандай чоралар кўрилмоқда ва улар самара беради деб ўйлайсизми? Дейлик, кейинги 3 йилда ҳокимлик аппаратида коррупция билан боғлиқ бирор жиноят юз бермайди, деб ишонч билан айта оласизми?
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қарорига асосан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини амалга ошириш, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида туман ҳокимининг тегишли қарори қабул қилинган. Ушбу қарор юзасидан ҳокимликда алоҳида йиғилиш ўтказилиб, коррупция билан боғлиқ жиноятларга йўл қўймаслик юзасидан ҳар бир раҳбар ва ходимлар қатъий огоҳлантирилган. Улардан коррупцияга қўл урмаслик, таъмагирлик қилмаслик юзасидан кафолат хатлари олинган.
- Сиз учун тадбиркор ким? Шахсан аралашувингиз билан шу йилда қанча тадбиркорнинг қандай муаммоси ҳал қилиб берилди?
- Маълумки, ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, аҳоли ҳаёт даражаси юксалишида соғлом ишбилармонлик муҳитининг шакллангани муҳим ўрин тутади. Шундан келиб чиқиб, тадбиркорларни, уларнинг истиқболли лойиҳаларини кенг қўллаб-қувватлашга жиддий эътибор қаратганмиз. Зеро, бугун тадбиркор деганда ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам ўйлайдиган, солиқ тўлаш орқали давлатга ҳам нафи тегадиган замонамизнинг илғор одамлари кўз олдимизда гавдаланади. Улар янги иш ўринлари яратиш борасида ҳам етакчи.
Шу маънода тумандаги фойдаланилмай турган 5 та бўш бино “ноль” харид қийматида муайян лойиҳалар ташаббускорларига берилди ва уларда ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилди. Жумладан, шундай объектлардан бирини олган “Оғабек” МЧЖ мулкдорлари ҳудудда муқобили бўлмаган том ёпқич материаллари ишлаб чиқаришни бошлади.
Туман ҳокимининг бевосита аралашуви билан ечилган тадбиркорлар муаммоларига келсак, улар илдизида фаолиятни йўлга қўйиш учун бино ёки ер ажратиш сўрови мужассам. Хусусан, Бахтиёр Носировга қуёнчиликни йўлга қўйиш учун, Шерзод Қувватовга совуткичли сиғим учун, Қаҳрамон Ниёзовга балиқчилик учун, Абдусамат Қувватовга хусусий даволаш корхонаси учун, Муродулло Собировга паррандачилик хўжалиги ва иссиқхона ташкил қилиш учун, Элёр Майдоновга кичик ўйингоҳ ташкил қилиш учун, Акмал Тариевга пена блок ишлаб чиқариш учун ер ёки бино ажратилиши таъминланди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
- Сиз вилоятдаги туман, шаҳар раҳбарлари орасида Олий Мажлис Сенати аъзоси бўлган ягона ҳокимсиз. Ушбу ваколат дорасида туман учун қандай ташаббус қила олдингиз?
- Сенатор сифатида бирор масала юзасидан ваколатли идора ва ташкилотларга сўров юбориш кўтарилган мавзу юзасидан аниқ жавоб олиш ва ечимни тезлаштиришда қўл келади. Масалан, туман марказидаги бир неча йиллардан буён қаровсиз ҳолатда бўлиб келган маданият ва истироҳат боғини ободонлаштириш, ҳудуддаги Қамаши қишлоғида автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчаси ташкил қилиш ва яна шунга ўхшаш муаммолар айнан сенаторлик сўровидан кейин ҳал этилган.
- Туманда меҳнатга яроқли фуқаролар сони қанча? Доимий иш билан банд бўлмаган аҳоли Сиз учун муаммоми ёки имконият?
- Етарлича ишчи кучининг мавжудлиги аслида катта имконият. Фақат ундан фойдалана билиш керак. Ваҳоланки, зарур ишчи кучи бўлмаса, халқ хўжалигининг ҳеч бир соҳасида фаолият кутилган даражада бўлмайди. Мана қаранг, катта завод бўлсаю унда ишчи кучи етишмаса, нима бўлади? Бинобарин, Жанубий Корея, Япония, Германия каби ривожланган давлатлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида бежизга меҳнат мигрантлари кучига таянилмайди.
Бироқ, бизда ҳозирча бошқача ҳолат. Ишчи кучига нисбатан таклиф этаётган иш ўринларимиз кам. Натижада ишсизлик муаммо сифатида гавдаланаяпти.
Касби мисолида олсак, бугун туман аҳолиси сони 189 минг нафарга яқинлашган. Шундан меҳнатга яроқли фуқаролар сони 109 минг 699 нафарни, иқтисодий фаол аҳоли 85 минг 155 нафарни, ишга жойлашишга муҳтожлар 7 минг 957 нафарни ташкил этади. Ҳозирда уларнинг 1436 нафардан ортиғи ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жойлаштирилиб, бандлиги таъминланди.
- Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 мартдаги қарори асосида танланган намунали ҳудудлар қаторида Касби тумани ҳам бўлиб, ҳар бир деҳқон хўжалиги ва аҳоли хонадонларида 100 бошдан парранда боқиш, лимон, унаби ва грек ёнғоғи экиш кўзда тутилганди. Қарор ижроси қандай таъминланди ва натижаларни республика миқёсида намуна қилиб кўрсатса бўладими? Аҳолининг қанча қисми қамраб олинди?
- Ушбу қарор ижроси юзасидан алоҳида тадбир ишлаб чиқилиб, режали асосда иш олиб бордик. Натижада 297 та хонадонда кичик иссиқхоналар ташкил этиш ва лимон кўчати сотиб олиш учун фуқароларга 1 миллиард 781 миллион сўм, 239 та хонадонда 100 бошдан парранда боқишни йўлга қўйиш учун 688 миллион сўм тижорат банклари кредит маблағлари ажратилиши таъминланди. Ўтган даврда ҳудудда бу борада амалга оширилган ишларни ўрганиш учун келган Республика ишчи гуруҳи томонидан ҳам бу саъй-ҳаракатларимиз яхши баҳоланди.
- Ҳоким учун энг муҳими бу...
- Одамларни рози қилиш учун бир зум ҳам ҳаракатдан тўхтамаслик, ана шунинг учун ҳудудда амалга ошириш лозим бўлган ислоҳотлар, амалий ишларни вақтида илғай билиш ва рўёбга чиқариш чорасини топиш, энг муҳими, оддий кишилардан узоқлашиб кетмаслик ҳоким фаолияти учун жуда зарур.
Суҳбат вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати кўмагида уюштирилди.