14 декабрь куни Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сўзлаган нутқини катта қизиқиш, эътибор билан эшитдик. Президентимиз аввало яқинда мамлакатимизда бўлиб ўтган муҳим воқелик, яъни сайлов жараёнига тўхталиб, сайлов сиёсий партиялар ўртасида соғлом рақобат ва кураш руҳида, миллий қонунчилигимиз талабларига, сайлов бўйича умумэътироф этилган халқаро стандартларга тўла мос ҳолда, эркинлик ва очиқлик асосида ўтганини таъкидлаб ўтди.
Айтиш керакки, мазкур жараёнда дунёдаги нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, 46 та давлат кузатувчиларининг иштироки, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тўлақонли миссияси биринчи марта юртимизга ташриф буюриб, сайлов жараёнларини кузатиб боргани ҳаммамизга ғурур бағишламоқда. Бўлиб ўтган сайловда халқимиз ўзининг хоҳиш-иродасини, юксак сиёсий онги ва фаол фуқаролик позициясини ёрқин намоён этгани, бу эса ўз навбатида, эл-юртимизнинг ўз тақдири ва келажагига қандай катта ишонч ва масъулият билан қараётганини яққол ифода этиши Президентимиз томонидан яна бир бор эътироф этилди.
2017 йил мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганидан барчамизнинг хабаримиз бор, албатта. Мана, йигирма беш йилдирки, Ўзбекистон Республикаси “Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари – олий қадрият” тамойилига содиқлигини намоён этиб келмоқда. Бир пайтлар хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликлари ҳимоясини таъминлаш борасидаги тажрибасини ўрганган бўлсак, бугунги кунга келиб бошқа давлатлар биздан андаза олаяпти, десак асло муболаға бўлмайди.
Инсон манфаатларини таъминлаш учун эса аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яқиндан билиш асосий мезон ҳисобланади. Бунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак.
Биз бундан кейин ҳам ана шу масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, истиқлол туфайли қўлга киритилган улкан муваффақиятлар кўламини янада кенгайтириш, халқимизнинг ҳаётини юксалтириш, асосийси, ҳамма жабҳада ҳамиша адолат тамойилларини қарор топтириш она Ватанимиз олдидаги энг муқаддас бурчимиз эканини ҳеч қачон ёддан чиқармаймиз.