Унда вилоят ҳокимлиги тизимидаги корхона ва ташкилотларнинг масъул вакиллари қатнашди, йиғилишда ишчи гуруҳ томонидан “Обод қишлоқ” дастури доирасида 2018 йилнинг 17 август кунидан бошлаб 10 кун давомида Миришкор туманида олиб бориладиган тадбирлар муҳокама этилди. Ҳар бир масъул ходимга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Таъкидланганидек, ҳудудлар ободлигига эришиш, янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлаш, ҳудудларда йиллар давомида тўпланиб қолган ва оддий одамларнинг тинкасини қуритаётган муаммоларга ечим топиш бугун мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатнинг асосини ташкил этади.
Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 27 июндаги “Обод маҳалла” дастури тўғрисида”ги фармонлари, ушбу дастурларнинг ижросини таъминлаш тўғрисидаги тегишли қарорлари бу борада дастуриламал бўлди. Ушбу ҳужжатларга асосан мамлакатимиздаги ҳар бир шаҳар ва тумандаги иккитадан қишлоқ ва маҳаллаларда ободонлаштириш, қурилиш, таъмирлаш, аҳоли муаммоларини ҳал этишга қаратилган ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, депутатлар, сиёсий партиялар, маҳалла институтлари вакиллари ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан шакллантирилган гуруҳлар бевосита уйма-уй юриб, аҳолининг муаммоларини ўрганишмоқда, қайсидир томонлама унга ечим топишга ҳаракат қилишаяпти. Бироқ, олиб борилган мониторинг натижалари кўрсатмоқдаки, бу ўрганишларнинг ҳеч бири кутилган самарани бергани йўқ. Аксарияти номига, ҳисобот учун қилинган. Бир эмас, бир нечта гуруҳлар борган, ўрганган ҳудуддан яна ўнлаб, юзлаб муаммолар чиқиб келмоқда. Шу боис, шахсан Давлат раҳбарининг топшириғига асосан шакллантирилган ишчи гуруҳ бу гал бир туманни танлаб олиб, ундаги ҳолатни миридан-сиригача ўрганади. Бу борада вилоятимиздан Миришкор тумани танлангани ҳам бежизга эмас. Унда ҳам ечимини кутаётган муаммолар бисёр.
Туманда ўрганиш жараёни 4 та сектор тизимида, ҳар бир маҳалла учун алоҳида битта гуруҳ ташкил этган ҳолда ўтказилади. Гуруҳлар ўша маҳалла фаоллари билан биргаликда туман, вилоят ва республика даражасидаги масъул корхона ва ташкилотлар вакилларидан шакллантирилади. Ўрганиш жараёнида маҳалла ҳудудидаги барча хонадонга, корхона ва ташкилотларга бирма-бир кириб чиқилиб, махсус саволлар анкетаси тўлдирилади. Ҳудуддаги жиноятчилик ҳолати, нотинч, моддий ёрдамга муҳтож оилалар, бўш турган объектлар, ижтимоий муассасалардаги шарт-шароит, уй-жой, кадастр, паспорт, нафақа, тиббий хизмат масалаларидан тортиб, аҳолини, хусусан, тадбиркорлар, ёшларни қийнаб келаётган муаммолар – барча-барчаси рўйхатга олинади. Йиғилган маълумотлар ҳар куни ишчи гуруҳнинг туман ва вилоят штабларида жамланиб, республикага узатилади. Жойида ёки туман ва вилоят миқёсида ечим топиш мумкин бўлган муаммолар дарҳол ҳал этилади, мураккаб муаммоларнинг паспорти шакллантирилиб, ҳал этиш чоралари кўрилади. Тегишли йўл харитаси ишлаб чиқилади.
Йиғилишда ишчи гуруҳ аъзоларига Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида олиб борилган ўрганиш жараёнининг видеоролиги қўйиб берилиб, ишни қай тартибда ташкил этиш масалалари тушунтирилди. Агар ўрганиш ўтказилган маҳалладан кейинчалик рўйхатга олинмаган яна бирор муаммо чиқса, бевосита ўша гуруҳ аъзолари жавоб бериши, ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган ҳар бир ходим интизомий, маъмурий жазога тортилиши бўйича огоҳлантирилди.
Ж.БОЙМУРОДОВ