Унда халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутатлари, сайловни ташкил этиш ва уни ўтказишга кўмаклашувчи шаҳар комиссияси аъзолари, шаҳар ҳокимлиги масъул ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Қайд этилганидек, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари маҳалла институти фаолиятининг ташкилий асосларини янада мустаҳкамлаш, унинг аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш, давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишдаги ўрни ва ролини тобора юксалтиришга хизмат қилмоқда.
- Жорий сайловда ҳудуддаги 62 та маҳалла фуқаролар йиғинига раис ва уларнинг 930 нафар маслаҳатчисини сайлаш кўзда тутилган, - дейди фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи Қарши шаҳар комиссияси раиси Санжар Эргашев. – Сайловларнинг очиқ-ошкора ўтишини таъминлаш мақсадида мазкур жараёнга кенг жамоатчилик вакиллари жалб қилинмоқда. Ҳозирги кунда шаҳардаги барча маҳаллалар ҳудудида ишчи гуруҳи аъзолари белгилаб олинди, уларнинг фаолиятига доир услубий-амалий қўлланмалар тарқатилди.
Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган қатор масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Ф.САЙДАЛИЕВ.