Қарши давлат университети тарих ва ижтимоий фанлар факультети тарих кафедраси ташаббуси билан “Замонавий ижтимоий-маданий жараёнлар ва тарих таълими - баркамол авлодни юксак маънавиятли шахс сифатида тарбиялашнинг муҳим омили” мавзусидаги Республика илмий-амалий конференцияда миллатимиз тарихи ва бугуни ҳақида гапирилди. Унга Ўзбекистон Миллий университети профессорлари ҳамда Қарши давлат университети ўқитувчилари ва иқтидорли талабалар таклиф этилди.
Конференцияда “Ўзбекистонда “пахта иши” қатағонлари ҳақида баъзи мулоҳазалар”, “Соҳибқирон Амир Темур ва араб олими Ибн Халдун” каби мавзулардаги маърузалар қилинди. Қайд этилган Соҳибқирон Амир Темур ва унинг давлатчилик тузуми ҳақидаги қизиқарли маълумотлар, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов асарларида миллий хавфсизликни таъминлашнинг назарий асослари тўғрисидаги бебаҳо фикрлар барчанинг эътиборини тортди.
- Тарих синовларидан ўтган ҳақиқат шуки, эзгу ғояларга, маънавий меросга, анъаналар ва замонавий талабларга асосланмаган ҳар қандай давлат тизими узоққа бормайди, - дейди мазкур факультет тарих йўналиши 1-босқич талабаси Акмал Сафаров. - Айни вақтда мустабид тузум даврида халқимизнинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури поймол этилгани, кўҳна тарихимиз ва муқаддас қадриятларимиз топталгани, маънавий қарамлик остида тақдиримиз жар ёқасига келиб қолганини асло унутиб бўлмайди. Биз бу бой ва қимматли меросимизнинг қадр-қимматини кўтаришимиз, уни кенг тарғиб қилишимиз шарт.
Шунингдек, анжуман иштирокчилари номоддий маданий мерос ва миллий маънавиятимизнинг тарихий асослари борасида ҳам сўз юритишди. Иштирокчилар шўъбаларга бўлиниб, турли мавзуларда фикр-мулоҳазалар алмашишни давом эттирди.
С.АЛЛАЁРОВА