Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Руҳиддин АКБАРОВ

17.04.2018


БАРОТ КЕЧАСИНИНГ ФАЗИЛАТИ НИМАДА?

Шаъбон ойининг фазилати шундаки, ислом  дунёсида бу ойда кўплаб эътиборга молик воқеалар юз берган. Масалан, қибла Қуддуси  шарифдан Маккаи мукаррамага қараб айнан шаъбон ойида ўзгартирилган. Қолаверса, барча мусулмонларга муборак Рамазон ойида рўза тутиш ҳам ҳижратнинг иккинчи йилида шаъбон ойида фарз бўлган.

Шаъбон арабча сўз бўлиб, “бўлиниш”, “тарқалиши” дегани. Ривоят қилишларича, қадим замонларда одамлар йилнинг келиши, шароитга қараб яшаш жойларини ўзгартириб туришган. Масалан, қиш пайтида бир жойда, баҳор келиши билан бошқа жойларда тарқалиб яшашган. Шарқ халқларининг саккизинчи ойи одамларнинг ҳар томонга бўлиниш, тарқалиш вақтига тўғри келган. Шу сабаб бу ойга шаъбон деб ном берилган. 

Шарқ халқларида ҳар бир ойни кимгадир, нимагадир тегишли қилиб баён этиш ҳоллари учрайди. Масалан, ражаб ойи Аллоҳ таолонинг ойи, деб эътироф этилса, шаъбон - пайғамбар, рамазон эса барча кишиларнинг ойи дейилади. Шаъбон ойи муборак, хайр-баракага тўла ойлардан бўлиб, уни янада кўпроқ яхшилик қилиш билан ўтказиш фазилат ҳисобланади.       

Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси муборак кеча дейилади. Бу Қуръони каримда ҳам тилга олинган. Уламолар бу кечани барокатли санаб, “Барот кечаси”, шунингдек, шаъбон    ойида “Барот кечаси” борлигини ҳисобга олиб, бу ойни “Барот ойи” деб ҳам аташади. Барот ойида туғилган болаларга Барот деб исм қўйиш одати бор. Уламолар Барот кечасига Пайғамбаримиз (с.а.в.)га пайғамбарлик ёрлиғи, хабари берилган кеча, деб таъриф берадилар.

Кечанинг фазилати ҳақида ҳадисларда кўп ёзилган. Уларда айтилишича, ҳар йили Барот кечасида Аллоҳ таолонинг раҳмати Ер юзига муттасил ёғилиб туради. Агар  шу куни истиғфор айтилса, Аллоҳ таоло катта-кичик гуноҳларни мағфират қилади.

Бу йил шаъбон ойи деҳқончилик йил ҳисобининг савр ойига тўғри келди. Савр ўзбек тилида "бузоқ" деган маънони англатади. Маълумки,  қуёш ҳамал (қўй)  буржидан савр (бузоқ) буржига кириб келади. Савр буржидаги юлдузлар бузоқ шаклини эслатгани учун қадимда уни шу ном билан аташган. Савр ойи 21 апрелдан бошланади ва бу ойда қуёш тиккага келиб, кун узаяди. Кундузи ҳарорат кўтарилиб, оқшомлари оромбахш шамоллар эсади. Савр ойи,  халқимиз таъбири билан айтганда, сабр ойидир. Бунинг маъноси шуки, бу ойда дарахтлар ва ўсимликларнинг ўсиши бир оз секинлашгандай туюлади, аммо улар ҳаракатда давом этаётган бўлади. Эртапишар мевалар бу ойда халқимиз дастурхонидан ўрин олади.

Жорий йил амалдаги тақвимнинг 15 май куни шаъбон ойи тугаб, Рамазон ойи бошланади. Бу йил рамазон ойи деҳқончилик йил ҳисобининг савр ва жавзо ойларига тўғри    келаяпти. Бу ойларда рамазон рўзасини тутиш ҳам бир синов. Рамазон ойи аслида инсоннинг сабри-тоқатини синайдиган ойдир. Синов қанча машаққатли бўлса, ажри ҳам шунча катта бўлади.

Халқимиз шаъбон ойи ҳурматидан ўзаро меҳр-муҳаббатни кучайтирадилар. Ота-она, ёру биродарлар, хеш-ақраболар, касалманд, муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиш кўпайтирилади.

Шаъбон ойида қилинган хайрли амалларнинг ажри жуда улуғдир. Ушбу ойда солиҳ амалларни кўпроқ қилишга тарғиб этилишидан мақсад, кишиларнинг келаётган рамазон ойига жисмонан ва руҳан тайёрланиб бормоқларини таъминлаш ҳамдир. Бу билан нафслар раҳмонга итоат этишга чиниқади.

Аллоҳ барчамизни мана шу каби файзли  ойларда савоблар ила чиқмоқликни тақдир   айласин!

                             Руҳиддин АКБАРОВ,  Ўзбекистон мусулмонлари 

Report typo