Хусусан, хорижда ишлаб чиқарилган, сифатсиз ва арзон маҳсулотлар юртимизга олиб кирилишининг олдини олишда чекловлар жорий қилингани ҳам мамлакатимизда маҳсулот ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 1 июндаги “Жисмоний шахслар томонидан истеъмол товарларини олиб киришни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига чегарадош давлатлар (Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистон) ҳудудидан шахсий фойдаланиш учун бож тўламасдан олиб кириладиган истеъмол товарларининг чекланган миқдорий нормаси 10 АҚШ доллари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1996 йил 10 сентябрда давлат рўйхатидан ўтказилган “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарларни божсиз олиб киришнинг меъёрий нормалари”га асосан чегарадош бўлмаган давлатлар ҳудудидан эса 1000 АҚШ доллари миқдорида белгиланган.
Бундан ташқари, тижорат мақсадида олиб келинган бир хил турдаги буюмлар учун юқорида қайд этилган миқдорий нормалар қўлланилмайди.
Амалдаги қонун талабларига кўра, белгиланган меъёрдан ортиқча буюмлардан божхона тўловлари ундирилади.
Жорий йилнинг ўтган даврида чегарадош ва чегарадош бўлмаган давлатлардан белгиланган меъёрдан ортиқча олиб келинган товарларга нисбатан 75 та ҳолатда 93 миллион сўмдан зиёд божхона тўловлари қўлланилган.
Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, юқорида қайд этилган чегарадош ва чегарадош бўлмаган давлатлардан белгиланган меъёрлардан ортиқча олиб келинган товарларга ҳисобланган божхона тўловларини баъзи бир фуқаролар тўламасдан, товарларини қайтариб олиб чиқиб, фақат ўзларини сарсон қилишаяпти, холос. Сабаби, бугун мамлакатимиз тадбиркорлари томонидан ҳам барча турдаги истеъмол ва хўжалик товарлари ишлаб чиқарилиб, бу халқимизнинг эҳтиёжини тўла қондириши билан бирга, нархи арзонлиги билан ҳам кўпчиликка маъқул келаяпти.
Мисол учун, жорий йилнинг 8 сентябрь куни Туркманистондан Ўзбекистон Республикасига кириб келган фуқаро Гулбаҳор Абдираимова ўзи билан белгиланган меъёрдан зиёд бўлган 7 дона чойшаб олиб келган. Натижада мазкур товарларга ҳисобланган 435 минг сўмлик божхона тўловларини тўламай 11 сентябрь куни товарларини ўз юртига қайтариб олиб кетишга мажбур бўлган.
Яна бир ҳолатда, жорий йилнинг 14 сентябрь куни ушбу йўналишда Ўзбекистон Республикасига келган Рўзихол ва Чорша Маҳмудова ҳам ўзлари билан олиб келган 15 ўрамдаги 180 жуфт пайпоққа нисбатан ҳисобланган 475 минг сўмлик божхона тўловларини тўламасдан 17 сентябрь куни товарларини Туркманистон Республикасига қайтариб олиб кетишган.
Маълумки, тадбиркорлик фаолиятига берилаётган улкан имкониятлар натижасида барча турдаги сифатли ва ҳамёнбоп товарлар ўзимизда, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмоқда. Хориждан кириб келаётган арзон товарларнинг сифатига эса кафолат йўқ, бундан ташқари, аввал улардан кимлардир фойдаланган бўлиши эҳтимоли ҳам юқори. Демакки, бунинг ортида инсон манфаатлари, иқтисодий омиллар турибди. Шундай экан, мазкур чекловларни четлаб ўтишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Эркин ЭРГАШЕВ,
“Қарши-Керки” чегара божхона пости бошлиғи