Бугунги кунда гиёҳвандлик балоси чегара, ўлчов, миқёс билмайдиган бир ҳолатга келди. Унинг касофати билан Ер юзида кўплаб инсонлар ҳаёт билан эрта видолашмоқда, соғлиғидан ажрамоқда, оилалар бузилиб, жиноятлар сони ортиб бормоқда. Хусусан, айрим ёшларда олдинига шунчаки кўнгилхушлик, оддий қизиқиш, болаларча эрмак билан бошланган бир тотиб кўриш истаги кейинчалик батамом ўрганиш, усиз тура олмаслик, уни топиш учун ҳар қандай жиноятдан тап тортмаслик каби улкан фожиага олиб келади.
Мутахассислар мазкур касалликда дастлаб аниқ аломатлар кўзга ташланмаслигини, хасталик авж олганда - белгилари яққол кўринганда эса уни даволаш ниҳоятда қийин кечишини ёки амалда умуман даволаб бўлмаслигини таъкидлайдилар. Унинг бутун даҳшати ҳам шунда. Гиёҳвандлар ўртасида битта шприц орқали бир неча киши наркотик воситани қабул қилиши ва айни шу йўл билан ҳам аср вабоси дея ном олган ОИТС тарқалаётгани хавфнинг нақадар ваҳимали эканини кўрсатади. Қолаверса, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда 450 миллион нафардан зиёд одамнинг руҳий ва хулқий бузилишга йўлиқиши ҳам айни шу иллат билан боғлиқ экан.
Гиёҳванд нима қилаётганини чуқур англаб етмайди ва оғуга руҳий тобелик пайтида қандай топшириқ буюрилса, шуни бажараверади. Айни шуни ҳисобга олиб, жиноятчи гуруҳлар уларни ўзларига қарам қилиб оладилар ва қабиҳ мақсадлари йўлида фойдаланадилар. Айниқса, диний экстремистик ва террористик тузилмалар учун бу усул кенг тарқалгани кўпчиликка маълум.
Энг ачинарлиси, бундай пайтда айрим ота-оналар ўз фарзанди ҳақида ёмон фикрга боргиси келмайди, шунинг учун наркотик модда истеъмол қила бошлаган боласи хулқидаги дастлабки ўзгаришларни шунчаки ёшлик шўхлиги ёки ўсмирлик даврининг ўзига хослигига йўйиб қўя қолишади. Гўё шу билан ўзларини овутишади. Афсуски, кўпчилик ота-оналар гиёҳванд моддалар истеъмолига ружу қўйган фарзандини тўғри йўлга қайтариш учун мутахассис ёрдами зарурлигини жуда кеч англайдилар ва вақтни ўтказиб юборадилар. Энг катта бало ҳам шунда.
Оғу қулига айланганларни даволашдан кўра, унга тобе бўлишнинг олдини олган минг карра афзал ва осон.
Демак, гиёҳвандлик муаммоси билан шуғулланадиган барча ташкилот ва уюшмалар кучи бирлаштирилиб, ёшларнинг бўш вақти мазмунли ўтказилса ва уларнинг бандлиги масаласи етарлича ҳал этилса, гиёҳвандликнинг зарарли таъсири ва аянчли оқибатларидан ўғил-қизларимизни асраш мумкин. Бунда нафақат ўз фарзандимиз, балки унинг атрофидаги ўсмирларга ҳам эътиборли бўлишимиз зарур. Ахир “бир болага етти маҳалла ота-она”, дея бежиз айтишмаган.
Шаҳриддин КАТТАБОБОЕВ,
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими масъул котиби