Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

02.10.2018


БЕЛОРУСЬ КОМПАНИЯСИ ДЕҲҚОНОБОДДА ПЕЧЕНЬЕ ИШЛАБ ЧИҚАРМОҚЧИ

Мисол учун, Беларусь республикасида фаолият кўрсатаётган йирик компания – “Слодыч” қандолат фабрикаси раҳбарияти келгусида вилоятимизда қизғин бизнес бошлаш истагида. Фабрика вакилларининг яқинда Деҳқонобод туманига амалга оширган ташрифи ҳам бу қизиқиш шунчаки эмаслигини кўрсатиб турибди. Ташриф асносида ишбилармонлар ҳудуднинг инвестициявий салоҳияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди. Делегация аъзолари мазкур тумандаги бир қанча ишлаб чиқариш қувватлари фаолияти билан танишди, инфратузилмани кўрди.

- Маълумки, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини кўпайтиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда, - дейди Деҳқонобод тумани ҳокими ўринбосари Бойбўри Ҳасанов. – Шу мақсадда ҳудудда зарур ишлар олиб борилаяпти. “Слодыч” қандолат фабрикаси вакилларининг ташрифини бу борадаги саъй-ҳаракатлар самараси сифатида баҳолаш мумкин. Улар биз билан яқин ҳамкорлик қилиш тарафдори. Россия ва Европада анча машҳур бўлган печеньени шу ерда ҳам ишлаб чиқаришмоқчи. Потенциал инвесторларга тайёр бино ажратиб бериш кўзда тутилган. Бу эса уларга ҳар томонлама маъқул келди. Туманимизга катта сармоя олиб кириб, яқин истиқболда замонавий ишлаб чиқариш линиясини ишга тушириш таклифи билан чиқишди.

Туман ҳокимлиги мутасаддисининг айтишича, айни пайтда Беларусь томони билан музокаралар давом эттирилаяпти. Айрим амалий масалалар ҳал этилиши лозим. Шундан сўнг юқори даражадаги қатнашчилар иштирокида ҳамкорлик меморандуми имзоланади.

Маълумот учун, 100 йилдан ошиқ тарихга эга “Слодыч” қандолат фабрикаси Беларусь мамлакатида ўз йўналишида етакчи саналади. Бозорнинг қарийб 30 фоизини эгаллаган. Компания ишлаб чиқараётган печенье тури эса 100 хилга етади. Маҳсулот Евроиттифоқ ва МДҲ мамлакатлари, АҚШ, Канада ва Хитойга ҳам экспорт қилинади. Фабриканинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 15 минг тоннани ташкил этади.

Бойбўри Ҳасановнинг қайд этишича, бироз аввал Деҳқонобод тумани ҳудудида яна бир чет эллик инвестор ўз фаолиятини йўлга қўйган. “Zaher Taher  Trading” МЧЖ номи билан рўйхатга олинган, афғонистонлик ишбилармон сармояси иштирокидаги мазкур хорижий корхона экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланади. Каврак плантацияси ва бодомзор барпо этиш тадбиркор режаларига киради. Бунинг учун у ҳудудга 200 минг АҚШ доллари миқдорида капитал олиб киришни мақсад қилган. Ҳозирда корхона туман ҳудудида табиий ўсаётган каврак ўсимлиги ширасини йиғиб, хориж бозорига чиқариш чорасини кўраяпти.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Report typo