Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Елена ПАРЕМБО

10.05.2024


БЕМОРГА ҚАРАШ - РАССОМЛИК ВА ҲАЙКАЛТАРОШЛИК КАБИ САНЪАТ

12 май - Халқаро ҳамширалар куни

Инсон ҳаётида тиббиётнинг ўрни беқиёс ва шу билан бирга одамлар саломатлигини муҳофаза этиш, уларни даволаш жараёнида соҳа ходимлари орасида ҳамширалар меҳнатини алоҳида таъкидлаш ўринли. Негаки, беморни даволашда шифокор бор билими ва қобилиятини ишга солса, ҳамшира ўз меҳри ва маҳорати билан инсонларга мадад бериб борган ҳолда ўзини намоён қилади.

Ҳозирги замон тиббиёт ҳамшираси давр билан ҳамнафас фаолият олиб бориши зарур. У шошилинч ҳолатлар  ва уларда шифокор кўригигача ҳамда у билан биргаликда  ёрдам бериш чораларини, асосий клиник  анатомик-физиологик кўрсаткичларни, лаборатор текшируви учун зарур материалларни тез, тўғри ва аниқ олиш ҳамда таҳлил учун жўнатиш, асосий дори воситаларини организмга юбориш йўлларини тез танлашни мукаммал эгаллаши лозим. Ҳамширалик иши халқ соғлиғини сақлаш тизимининг салмоқли таркибий қисми ҳисобланади. Унинг кўлами кенг, ўзи эса кўп қиррали бўлиб, тиббий санитария ишлари ва аҳоли саломатлигини сақлаш борасида атроф-муҳитнинг зарарли таъсиридан холи қилиш каби масалаларни ҳам қамраб олади.

Ҳамширалик касбининг пайдо бўлиш тарихи қадим-қадим замонларга бориб тақалади ва ҳамдардлик, ғамхўрлик, муҳаббат ҳисси каби инсоний туйғулар  билан узвий боғлиқдир.

"Беморларга қараш - рассомлик ва ҳайкалтарошлик каби санъат. Парвариш қилиш санъати энг олий санъат ҳисобланади", деган эди ҳамширалик иши асосчиси, Буюк британиялик меҳр-шавқат ҳамшираси ва жамоат арбоби Флоренс Найтингейл. У 1859 йилда ёзган "Парвариш ҳақидаги хотиралар" китобида ҳамширалик ишига биринчи бўлиб илмий аниқлик киритиб, бу тушунчага бемор тузалиши учун унинг атрофида қилинадиган барча хатти-ҳаракатлар мажмуидир, дея таъриф берган.

Ҳамшира фаолиятининг асосида бемор билан муносабат ётади. У инсоннинг касаллиги туфайли кечираётган азоб-уқубатларига ҳамдард ва  малҳам бўладиган ғамхўр инсонгина эмас, балки унинг қариндоши ва яқинлари билан юпатувчи суҳбат ва илиқ муносабат муҳитини ташкил этувчи меҳр-шафқат ҳамшираси ҳамдир. Ҳамшира ўз иш фаолиятида турли беморларга дуч келади ва шунинг учун ҳам ҳар бир касал одамнинг хасталиги оғир-енгиллигига қараб, унинг психологияси (руҳий ҳолати) - дунёқараши, маданияти, камгаплиги, андишалилиги, асабийлиги ва бошқа фазилат ва хусусиятларига қараб муомала усулларини ишлаб чиқиши, беморни юпатиши, хасталанган юрагига ботадиган хатти-ҳаракатларни қилмаслиги, юриш-туриши сокин, майин ва шу билан бир қаторда қатъийлиги билан таъсир кўрсатиш қобилиятига эга бўлиши керак. Флоренс Найтингейл ҳамширалик ишини санъат деб атар экан, бу санъат илмий ва амалий уйғунликни талаб қилади, дея таъкидларди. 

Ҳамширалик иши асосчиларидан яна бири америкалик Виржиния Ҳендерсондир. 1958 йилда унга Халқаро ҳамширалар кенгашида ҳамширалар иши ҳақидаги фикрини батафсил ифода этиш ва беморларни парвариш қилишнинг асоси бўлган ҳусусиятлар ҳақида китоб ёзиш таклиф этилди. Бу китоб "Беморларни парвариш қилишнинг асосий қоидалари" деб номланиб, 25 тилга таржима қилинган. 1961 йилда Ҳендерсон изоҳлаб берган "ҳамширалик иши" тушунчаси ҳозир ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. Унинг  таъкидлашича, ҳамширалик иши бемор учун ўз кучи, иродаси, соғайишига истаги каби заруратдир. Парваришни шундай амалга ошириш керакки, бемор тезроқ ўз мустақиллигини тиклай олсин. Бу касбнинг ҳақиқий эгаси доимий равишда - инсон  саломатлигини яхшилашда, касалликдан сўнг ва оёққа туриш жараёнида, ҳатто унинг ҳаёти сўнаётганда ҳам беморга ҳамдард бўлиши шарт.

Тарихга яна бир бор назар ташласак, ХIХ асрнинг охирида ҳамширалик ишига қизиқишнинг ортиши туфайли 1899 йилда Халқаро ҳамширалар кенгаши ташкил этилиб, 1900 йилда унинг низоми қабул қилинди  ва биринчи президенти этиб англиялик ҳамшира Безфарт Фенвик сайланди. Ушбу ташкилот ташаббуси билан 1971 йилдан бошлаб 12 май (Флоренс Найтингейл туғилган кун) Халқаро ҳамширалар куни деб номланган.

Барчага маълумки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда инсон саломатлиги олий даражага кўтарилиб, давлатимиз раҳбари томонидан соҳада меҳнат қилаётган ҳар бир тиббиёт ходимига катта эътибор ва улкан шароитлар, имкониятлар яратиб берилмоқда. Айтиш жоизки, бундай имконият ва ғамхўрлик соҳада меҳнат қилаётган ҳамшираларга ҳам тааллуқли бўлиб, бунга жавобан улар ўз билим ва тажрибаларини беморларни даволашга сафарбар этишмоқда.

Айни пайтда вилоятимизнинг барча даволаш профилактика муассасаларида 35 мингдан зиёд малакали, тажрибали, билимли ҳамширалар аҳолининг соғлиғини сақлаш йўлида фидокорона хизмат қилиб келмоқда. Уларнинг 4 минг 28 нафари олий, 3 минг 185 нафари биринчи ва 4 минг 219 нафари иккинчи малака тоифасига эга. Бугунги кунда ҳамшираларнинг кўпчилиги замон талаблари даражасидаги билим салоҳиятига, тажрибага эга бўлаётганлигини алоҳида таъкидлашни истардим. Айниқса, олий маълумотли ҳамшираларимиз барча муолажаларни бажара оладилар, янги технологиялар билан мукаммал ишлаб, беморнинг аҳволига баҳо бериб, касаллик белгилари асосида ҳамшира ташҳисини қўйиб, бемор муаммоси бўйича мустақил режа тузиб ишлай оладилар.

Бугунги кунда Президентимизнинг ҳамширалар меҳнатига эътибор ва ғамхўрлиги туфайли мазкур касб эгаларининг мавқеи янада кўтарилмоқда. Айниқса, "Устоз-шогирд" анъанаси асосида соҳа учун  янгича фикрлайдиган кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалаларининг ижобий тус олаётганлиги ҳам уларнинг салоҳияти янада юксалишига хизмат қилмоқда. Жаҳондаги илғор тажрибалардан келиб чиқиб, ¤збекистонда ўрта ва олий маълумотли ҳамшираларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш  бўйича ўзига хос тизим яратилган ва бу жараён узлуксиз такомиллаштирилмоқда. 2023-2024 йиллар давомида 7 нафар ҳамшира Туркия, Беларусь мамлакатларида малакасини ошириб келди. Шунингдек, ҳар йили 8 мингдан зиёд ҳамшира Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимларини малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази Қарши филиалида эгаллаган лавозими бўйича ўз малакасини оширади.

Ҳалқаро ҳамширалар куни арафасида кўп йиллар давомида тиббиёт соҳасида самарали фаолият кўрсатган фахрийларимиз - Косон тумани тиббиёт бирлашмасидан Гулбаҳор Ғиёсова, Қарши шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасидан Марзия Зарипова ва Насиба Мирзаева, Қамаши тумани тиббиёт бирлашмасидан Фарида Холбоева, Қарши тумани тиббиёт бирлашмасидан Моҳира Бекмуродова, академик Ё.Х.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиалидан Машҳура Исмоилова, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказидан Мавжуда Очилова, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказидан Ибодат Аминова, Яккабоғ тумани тиббиёт бирлашмасидан Бибихол Мойлиева, вилоят болалар сил касалликлар санаторийси фельдшери Абдураҳмон Якубов, Абу Али  ибн Сино номидаги вилоят сил касалликлар санаторийсидан Майсара Мейлиева, вилоят фтизиатрия ва пульмонология шифохонасидан Рўзибиби Бозорова, Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмасидан Насиба Қурбонова, Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмасидан Гулнора Фармонова, республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалидан Хафиза Юсупова, вилоят 1-сон асаб-руҳий касалликлар диспансеридан Мастура Раҳмонова, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиалидан Назокат Саидова, Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё вилоят минтақавий филиалидан  Лутфия Инатова ва бошқаларга фидойи меҳнатлари учун ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.

Эзгу ниятимиз халқ саломатлиги йўлида хизмат қилиш экан, давр талаб этганидек, бугунги кун ҳамшираси ўзининг меҳрибонлиги, касбига садоқати ва инсонларга бўлган самимий муносабати билан ажралиб туриши муҳим, деб биламан. Вилоятимиз тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган ҳамкасбларимни Халқаро ҳамширалар куни билан табриклар эканман, зиммаларидаги масъулият ҳақида ҳеч қачон унутмасликка ва     халқимиз соғлиғи учун астойдил меҳнат қилишга чақириб қоламан.

Елена ПАРЕМБО,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси

 

Report typo