Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

ДИЛФУЗА

24.04.2018


БЕОЗОРНИНГ ДИЛОЗОРИ

- Шунчалар  ҳам бўз бўламанми, бир қуш қўнмас баргларим шалвираб турса. Тиканларим номигагина бор, ҳеч жонни оғритмас... Нега?

- Исминг жисмингга бирам моски, одам боласи сенга билиб "латтатикан" деб ном қўйган. Мен эсам зинҳор ундай эмас, сенинг аксингман, - дея чақиртиканак ғоз кериш қилиб ўзини кўрсатмоқчи бўлибди.

- Одам боласи менга яқинлаша олмайди, тегиб кўрсин-чи, "ширингина жони ачишади", дийдасига ҳалқа-ҳалқа ёш қалқиганини ўзи сезмайин қолади.

- Бунчалар дилозор бўлиб яралмасанг экан бу дунёда, тавба!

Эртаси кун саҳарлаб бу жойдан из олганча одам боласи сўқмоқ оралаб кетар чоғда, оёғига нимадир ўралашди. Бу ҳолдан бехабар латтатикан не кўз билан кўрсинки, қаватида гердайиб тургувчи мақтанчоқ дилозордан асар ҳам йўқ эди.

БОЛАРИ

Минг бир дардга даво бўлмиш асалнинг тиним билмас болари томонидан не машаққатлар эвазига тайёрланишини ҳеч тасаввур қилганмисиз? Бу митти   ҳашаротнинг бир кунда 10 километрлаб йўл босишию юзлаб турли ўсимликлардан нектар йиғиши игна билан қудуқ қазишдан-да ўн чандон оғирроқ юмуш эканлигини-чи? Бу худдики биз челакни узоқ масофадан ангишвонада сув ташиб тўлдирмоқчи бўлгандай гап. Болари билан таққослаганда биз учун бу ҳам анча енгил вазифа. 

 

Болари бизнинг наздимизда фақат эзгулик, гўзаллик шайдоси. У Аллоҳнинг беғубор бир фариштамисол хилқати, тоза, пок, бағрида ғубори йўқ ҳашарот. Бутун умри давомида гард инмаган анвойи гуллар узра парвоз қилиб, улар атрофида парвона бўлади.

Гоҳида беихтиёр бундай манзарага тикилиб унга маҳлиё бўлиб қоласан киши. Унинг "виз-виз" дея тинмай қанот қоқишидан ўзгача завқ туясан. Гўёки, у чин ошиқдек ўз забонида киши билмас алёр ўқиётгандай... Шундан бўлса керак, арининг учар йўли самога, қўнар жойи чаманга боғланган. Тиним билмай ишлайди, инсонга ширин таом ҳадя этади. Не қийинчиликлар эвазига тайёрланган бу неъматнинг минг дардга даво, танга малҳам бўлишини ҳисобга олсак, у атайлаб инсон учун меҳрибонлик, ғамхўрлик қилаётгандек. Боларининг аъмоли шунчалар буюк эса-да, умри қисқа. Наилож, у табиатан шундай яралган. Аммо боларининг шу қисқа умри ҳечам бесамар кетмайди: қилган иши фақат наф келтиради, эзгулик қилиш - гулу гиёҳларни чанглатиш эвазига уларнинг ҳаётини узайтиради, ҳосилдорлигини оширади, йиққан асали эса инсонга шифо.

Ўзгаларга наф келтиришни олдига мақсад қилиб қўйган, бу ишни саодат деб билганларни шу тиним билмас миттигина боларига қиёслайман: яшайдию ҳаётини фақат ўзи учун эмас, ўзгалар бахти учун ҳам сарфлайди. Қанийди ҳамма ҳам унга ўхшаса. 

 

ДИЛФУЗА

Report typo