Қашқадарё ва дунё
Шу йил январь ойининг иккинчи ярмида Германиянинг пойтахти Берлин шаҳрида Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича XV Глобал форум ва "Яшил хафталик-2023" кўргазмаси ўтказилади. Бу нуфузли халқаро тадбирларда Қашқадарёдан инвестициялар ва ташқи савдо соҳаси мутахассислари - вилоят ҳокимининг ўринбосари Ўткиржон Қодиров ва тегишли бошқарманинг бўлим бошлиғи Фазлиддин Утаганов иштирок этиши назарда тутилган.
Вилоят ҳокими Германиядаги форум ва халқаро кўргазмага Қашқадарё делегациясининг сафари билан боғлиқ харажатларга маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилар экан, мазкур сафар икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча келишувларга эришиш, ҳамкорлар фаолияти билан яқиндан танишиш ва истиқболли лойиҳаларни шакллантириш бўйича музокаралар олиб бориш учун амалга оширилаётганини алоҳида қайд этди. Бунга вилоят маҳаллий бюджетининг 2022 йил захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан 51 миллион 140 минг сўм ажратилиши белгиланди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича Глобал форум (Global Forum for Food and Agriculture Berlin, GFFA) - бу Германия Федерал озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда унинг бир қатор ҳамкорлари томонидан ўтказиладиган халқаро конференция бўлиб, унда ҳар йили соҳага оид энг долзарб мавзу ва муаммолар муҳокама қилинади.
2023 йил 18-21 январда бўлиб ўтадиган XV GFFA форумида "Озиқ-овқат тизимларини ўзгартириш: жаҳоннинг кўплаб инқирозларга жавоби" масаласи кўриб чиқилади. Ушбу мавзу халқаро ҳамжамият ўз олдига 2030 йилгача барқарор ривожланиш жабҳасида қўйган мақсадлардан бири - глобал очликни бартараф этиш билан боғлиқ бўлиб, форумда бизнес, сиёсат, илмий доиралар ва фуқаролик жамиятининг қарийб 2 минг нафар вакили иштирокида қуйидаги саволларга жавоб изланади:
Қандай қилиб аксилинқироз озиқ-овқат тизимларини яратишимиз мумкин?
Қандай қилиб иқлим учун мақбул озиқ-овқат тизимларини яратишимиз мумкин?
Қандай қилиб биологик хилма-хилликни сақлаб қолишимиз мумкин?
Қандай қилиб глобал озиқ-овқат тизимларини ташкил этиш йўлида ҳамкорликни яхшилашимиз мумкин?
Глобал форумнинг сўнгги - учинчи кунида қишлоқ хўжалиги вазирларининг жаҳондаги энг йирик норасмий конференцияси ўтказилиб, унинг якуни бўйича дунёнинг 70 га яқин мамлакатлари вазирлари томонидан қўшма сиёсий коммюнике қабул қилиниши кутилмоқда.
Ўз навбатида "Яшил хафталик" (International Green Week, IGW) - бу озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва боғдорчилик маҳсулотларининг халқаро кўргазмаси бўлиб, унда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан келган ишлаб чиқарувчилар ўз товарларини рақобат синовидан ўтказиш ва сотиш, шунингдек, компаниялари мавқеини ошириш учун иштирок этишади.
Биринчи "Яшил ҳафталик" қарийб бир аср олдин - 1926 йилда Немис қишлоқ хўжалиги жамияти аъзоларининг учрашуви ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмасини бир вақтда ўтказиш ғояси асосида ташкил этилган эди. 1990 йилда Ғарбий ва Шарқий Германиялар бирлашгач, мазкур тадбир миқёси ва мавқеи сезиларли даражада ошиб, унинг доирасида "Немис пишлоғи" сингари махсус шоулар уюштириладиган бўлди. 2005 йилдан бошлаб "Яшил ҳафталик" дастури 250 дан ортиқ лекция, семинар ва симпозиумдан иборат. Жорий йилда бу халқаро кўргазма 20-29 январь кунлари ўтказилиб, ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари, қишлоқ ҳудудлари учун кўнгилочар тадбирлар, органик маҳсулотлар, ферма воқеалари, қайта тикланувчи ресурслар, халқаро озиқ-овқат маҳсулотлари ва кўча овқати каби тематик бўлимлардан иборат бўлади.
Ўз мухбиримиз