Қўли гул ҳунармандлар томонидан ясалган ҳар бир буюм ўзига хосликка эгалиги ҳам шундан. Бинобарин, улардан халқнинг орзу-интилишлари, руҳияти ва тафаккури, ҳаёт фалсафаси, турмуш-тарзи ҳақида тўлиқ маълумот олиш мумкин.
Оддийгина бешикни олайлик. У шунчаки болани ётқизиб, ором беришга мўлжалланган жиҳоз эмас. Унинг кўриниши, шаклидан тортиб, безаклари ва ҳар бир деталигача аниқ вазифа, маъно-мазмунга эга. Ана шу жиҳатларнинг барчасини яхши билган, бешик билан боғлиқ анъана ва урф-одатларнинг мазмун-моҳиятини теран англаган устагина энг яхши бешикларни ясай олади.
Яккабоғлик моҳир ҳунарманд, бешиксоз уста Муродулла Қодиров ана шулар билан бирга бешик ясашда қўл сеҳри, юрак меҳри ҳам муҳим ўрин тутишини таъкидлайди.
- Устанинг озгина хатоси ҳам бешикда ноқулайлик бўлишига, бу эса ўз навбатида боланинг жисмоний ривожланишига салбий таъсир этишига олиб келиши мумкин, - дейди ҳунарманд. - Шу боис иш жараёнида аниқликка, буюмнинг мустаҳкам бўлишига ҳамда фақат табиий материаллардан фойдаланишга ҳаракат қиламан. Ясаган буюмингиз ҳақиқий санъат асари даражасида чиқса, ишдаги барча чарчоқлар унутилиб кетади. Бунинг учун доимо ўрганиш, изланишдан чарчамайман.
Бугун уста тол, тут, қарағай каби дарахтлар ёғочидан чиройли ва сифатли бешиклар ясаб, буюртмачиларга етказиб бермоқда. Қолаверса, турмуш ўртоғи ва қизлари бешикларга бежирим ёпинчиқлар, тўшама жиҳозларини тикиш билан банд. Бу эса оиланинг ушбу фаолиятдан манфаатдорлигини янада оширмоқда.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат