Шундай экан, бугунги кунда дориворлик хусусиятига эга ушбу гиёҳларни нафақат табиий ҳолда ўстириш, балки плантацияларда кўпайтириш, улардан замонавий технологиялар асосида дори воситалари тайёрлаш, зарур кўринишда қадоқлашни кенг йўлга қўйиш, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни жадал маҳаллийлаштириш ҳисобидан аҳолининг мавжуд эҳтиёжини тўлақонли қондириш долзарблик касб этмоқда. Президентимизнинг жорий йил октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айни шу мақсадга қаратилгани аҳамиятлидир. Бу эса тиббиётда ҳам арзон, ҳам тез таъсир кўрсатиш, самарали даволаш имконини берувчи маҳаллий дори воситалари тури ортишига хизмат қилади.
Айтиш жоизки, вилоятимизда мавжуд бу борадаги улкан салоҳият, ҳали тўла фойдаланилмаган имкониятлар истиқболда соҳада юқори самарадорликка эришишни кафолатлайди. Чунки манбаларда ёзилишича, воҳамизда минг турдан ортиқ ўсимлик ёввойи ҳолда ўсади. Шундан 200 дан кўпининг дори-дармонлик хусусияти аниқланган. Уларнинг айримлари замонавий тиббиётда, бир қанчаси халқ табобатида ишлатилмоқда. Дорихоналардан ҳам бугун табиий иқлим-шароитимизда ўсган кўпгина гиёҳларни топиш мумкин.
Мисол учун, вилоятимиз ҳудудида учрайдиган лимон ўти, мутахассисларнинг эътироф этишича, нафас ва юрак-қон томир тизими, жигар фаолиятига ижобий таъсир этиб, овқат ҳазм бўлишини яхшилайди. Ана шундай ўсимликлардан яна бири қичитқи ўт эса турли бактерияларни ўлдирувчи, яллиғланишга қарши, ўт ҳайдовчи сифатида қўлланилади. Табиатнинг яна бир “табиби” – зубтурум гиёҳи экстракти яра-жароҳатларнинг битиши ва тўқималарнинг эт олишини тезлаштиради.
- Вилоятимиз ҳудудида ўсувчи қатор доривор гиёҳлар асосида турли хил дори-дармонлар ишлаб чиқариш борасида катта тажриба тўпланган, - дейди олий маълумотли фармацевт Азамат Азатов. - Масалан, бузноч (ўлмас ўт) - кўп йиллик ўсимлик. Табобатда унинг гул саватчалари кенг ишлатилади. Асосан Китоб тумани Ҳазрати Башир, Варганза, Омонқўтан қишлоқларининг қир-адирларида, Деҳқонобод тумани Чўчқар тоғ тизмаларида ўсади. Ўсимлик гулларидан тайёрланган қайнатма ёки дамламадан халқ табобатида гепатит, холецистит, нефрит, гастритни даволашда фойдаланилади. Замонавий тиббиётда эса бузноч ўтидан тайёрланган препарат меъда-ичак йўли ва буйрак касалликларида ўт суюқлигини ҳайдайдиган, яллиғланишга, бактерияларга қарши таъсир кўрсатадиган восита сифатида қўлланилади.
Маълумки, мутахассислар кимёвий препаратларни узоқ вақт мобайнида узлуксиз равишда қабул қилиш инсон организмида нохуш ўзгаришларни, аллергик касалликларни келтириб чиқаради, дея уқтиришади. Шифобахш гиёҳлар ўз ўрнида қўлланилса, бемор учун мутлақо зарарсиздир. Шунинг учун бўлса керак, доривор ўсимликларга ва улардан табиий ҳолда олинадиган доривор препаратларга талаб ва эҳтиёж дунё миқёсида ошаётгани кузатилади.
- Даволаш жараёнида табиий гиёҳларнинг самараси тезда сезилади, - дейди “Геолог” санаторий-профилакторий бош шифокори Шаҳноза Ҳайитова. – Масалан, биргина “пол-пола” номи билан бизга таниш бўлган дориворни олайлик. Бу восита пешоб ҳайдовчи, буйрак пуфагидаги тошларни эритиш, танадаги модда алмашинувини яхшилаш хусусиятига эга. Унинг асосини эса қизил дўлана, лимон ўти, қирқ бўғим, ловия пўстлоғи, қалампир ялпиз, тирноқгул, чилонжийда ташкил этган. Эътиборлиси, ана шу каби дориворлик хусусиятига эга гиёҳлардан тиббий муассасаларда кейинги йилларда фойдаланиш кенгаймоқда.
Дарҳақиқат, доривор гиёҳларни тўғри қўллай олсак, айрим кимёвий асосга эга дори воситалари бермайдиган натижага эришиш мумкин. Ана шу нуқтаи назардан уларни қайта ишлаш ва замонавий талабларга мос шакл ва кўринишда истеъмолга киритиш эса давр талаби. Эътиборли жиҳати, “Қашқадарё дори-дармон” АЖ, “Китоб фарм” , “Азиз-М”, “Ал-Насафий кафолат фарм” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан ва бошқа ишлаб чиқариш корхоналарида аллақачон бу талабдан келиб чиқиб иш олиб борилмоқда.
- Ҳозирда жамиятимизда 4 турдаги доривор гиёҳни қайта ишлаш асосида маҳсулот тайёрланаяпти, - дейди “Китоб фарм” МЧЖ мутахассиси Ҳайрулла Бобомуродов. – Зарур хомашёни ўрмон хўжаликларидан олаяпмиз. Далачой, тирноқгул, кийик ўти, наъматак мевасини турли ўрам ва миқдорда қадоқлаяпмиз. Қайта ишланаётган аксарият доривор ўсимликлар ёввойи табиатда ўсади. Тирноқгул ўсимлиги эса Яккабоғ туманидаги махсус плантацияларда етиштирилмоқда. Бу маҳсулотларни нафақат касалликларда, балки ҳар бир одам профилактика мақсадида ҳам қўлласа бўлади.
Бугун мамлакатимизда доривор ўсимликларни кўпайтириш, ўзимизда йўқ турларини хориждан келтириб ҳудуд иқлим-шароитига мослаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу гиёҳларни қайта ишлаш саноатини ривожлантириш бўйича муҳим лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган. Бу ишлар аҳоли саломатлигини янада яхшилаш, юртдошларимизни ўзимизда ишлаб чиқарилган арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш, келгусида уларни хорижга экспорт қилишни йўлга қўйиш учун қулай шароит ҳозирлаши билан муҳимдир.
Сожида АЛЛАЁРОВА