Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Нозима ОРИПОВА

01.02.2018


БИЛДИРИЛГАН ИШОНЧНИ АЛБАТТА ОҚЛАЙМИЗ

Ўтган қариб бир йил ичида ушбу таълим муассасаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Мактаб биноси олдида эл севган шоирнинг ҳайкали қад кўтарди. Янги ўқув йилидан бошлаб, ушбу илм даргоҳида 150 нафар ўғил-қиз она тили ва адабиёт фанларидан чуқурлаштирилган тарзда таълим ола бошлади. Президентимизнинг 29 январда мактабимизга қилган ташрифи эса мактаб ўқитувчию ўқувчиларини қувонтирди.

Аввало, Президентимиз мактабимизнинг ўқув хоналари, бинонинг биринчи қаватидан жой олган 200 дан ошиқроқ экспонат жамланган Абдулла Орипов музейи билан яқиндан танишиб, ўқув сифатини таъминлаш, музейни такомиллаштириш юзасидан ўзининг қимматли маслаҳат ва тавсияларини берди.

Юртбошимизнинг мактабимиз ўқувчилари билан қилган мулоқоти ғоят сермазмун ва самимий тарзда кечди. Ўқувчиларимиз мамлакат раҳбари билан бўлган суҳбат чоғида Президентнинг ҳар бир сўзини, болаларга аталган маслаҳат ва ўгитларини диққат билан тинглашди.

- Президентимиз мен билан бирга Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг "Имтиҳон" шеърини ёд ўқидилар, - дея ўз хурсандчилигини изҳор қилади мактабнинг 6-синф ўқувчиси Азизбек Ражабов. - Бу мени жуда қувонтирди ва Юртбошимиз ташаббуси билан очилган шундай мактабда ўқиётганимдан бениҳоя фахрландим. Мактабда аъло баҳоларга ўқиб, келажакда у киши айтгани каби билимли, етук шахс бўлишга ваъда бераман.

 Президентимиз она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Муқаддас Абдужабборова раҳбарлигида 10 нафар ўқувчи иштирокида ташкил этилган мушоира дарсини ҳам кузатди. Республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият бошлаган Ибройим Юсупов, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Муҳаммад Юсуф номидаги мактаблар ўқувчилари билан ўзаро онлайн мулоқот тарзида ўтказилган ушбу машғулотда Президент болаларнинг шеър айтишувларини мароқ билан тинглади ва дарс охирида ўқувчиларга ўз совғаларини топширди. Айниқса, Юртбошимизнинг "Сиз давлат мадҳиясини яратган шоир номи берилган мактабда ўқияпсиз. Мен сизларда Абдулла Ориповнинг Ватанга бўлган муҳаббатини, она халқини севишини кўрмоқчиман. Абдулла Орипов умрининг охиригача ватанини куйлади. Сизнинг ҳам қаламингиз уники сингари ўткир бўлсин!" дея таъкидлагани ўқувчиларимизни руҳлантирди. Улар Президентимиз айтганидек, истеъдодли, комил инсонлар бўлиб етишиш, эл-юртига манфаати тегадиган, шу юрт, шу Ватан номини дунёга ёядиган етук шахслар бўлиб камол топишни кўнгилларига тукканлар. Бу ниятни уларнинг ёниб турган кўзларидан, дарсларда ўзгача шижоат ва ғайрат билан иштирок этаётганликларидан ҳам билиш қийин эмас.

Билдирилган ишонч, яхши тилак кишини янги марралар сари бошлайди. Ишонамизки, Президентимизнинг вилоятимизга бўладиган янаги ташрифини мактабимиз жамоасининг катта ютуқлари билан қарши оламиз.

Нозима ОРИПОВА,

мактаб-интернат директорининг ўқув-тарбия ишлари бўйича ўринбосари

Report typo