СЕҲРЛИ КВАДРАТЛАР
1868 йилда қадимий Рим манзилгоҳларидан бири - Коринумда олиб борилган қазишма ишларида археологлар нақ кроссвордни эслатувчи суратли тоштахтани топиб олишди.
Шунингдек, шунга ўхшаш сурат 1936 йили Помпей шаҳридаги қидирув ишлари вақтида устунда учраганди. Бу жумбоқнинг санаси милоддан аввалги 79 йил, дея қайд қилинган бўлиб, у ҳақиқатан кроссвордни эслатади. Ундаги сўзларни бир хил тарзда, яъни чапдан ўнгга ва ўнгдан чапга, пастдан юқорига ва юқоридан пастга ўқиш мумкин эди. Бироқ “замонавий” кроссворднинг ватани мақомига бирданига уч давлат – Буюк Британия, АҚШ ва ЖАР даъвогарлик қилаяпти.
Туманли альбион соҳилларида биринчи ақлий жумбоқлар XIX асрнинг ўрталарида пойтахт газетаси – “The Times” саҳифаларида пайдо бўлган, деб ҳисоблашади. Уларнинг муаллифи эса деярли ҳеч кимга таниш бўлмаган Майкл Дэвис деган инсон. У болалар учун содда бошқотирмани ўйлаб топганди: бунда бўш катаклар ҳарфлар билан шундай тарзда тўлдириладики, сўзлар горизонтал ва вертикал бўйича бир хил жойлашади. Аммо бир қатор тадқиқотчиларнинг тасдиқлашича, кроссвордларни биринчи бўлиб нашр этишдаги журъатсиз уринишни 1875 йили Американинг “St Nicholas Magazine” нашри амалга оширган. Аммо замонавий кўринишдаги кроссворд 1913 йилнинг 21 декабрида АҚШнинг “New York World” газетаси якшанба сонидаги иловасида пайдо бўлган. Бу кашфиётнинг муаллифи англиялик муҳожир, журналист Артур Уинн саналади. Гап шундаки, Уиннга газета бош муҳаррири рождествога қадар бир ой давомида нашрнинг янги намунасини тайёрлашни буюради, унга нафақат алоҳида газетхонлар, балки унинг бутун оила аъзолари қизиқиш билдириши керак эди. Шу онда Уиннинг ёдига ёшлигида бобосидан ўрганган сўзлар вертикал ва горизонтал шаклда тўлдириладиган ўйин, яъни “сеҳрли квадратлар” номи остидаги бошқотирма тушади. Журналист вазифани мураккаблаштира туриб, унинг ҳар бир сўзи фақат бир марта учрашса, бу жумбоқни янада қизиқарли қилади, деган қарорга келади. Газета нашрдан чиққач, таҳририят ўқувчиларнинг шу тарздаги топишмоқларни яна давом эттириш илтимоси битилган мактублари билан тўлиб-тошади. Қолаверса, шу билан бирга, Уиннга сўзларни ажратиш учун киритиладиган қоронғилашган катакчалар ғояси ҳам тегишли. Мазкур янгилик кўҳна дунёга тезда тарқала бошлайди.
КАТАКЧАЛИ ПОЛ
Кроссворднинг пайдо бўлишига доир яна битта талқин мавжуд. Ўтган асрнинг бошларида Жанубий Африка Республикаси пойтахти Кейптаунда истиқомат қилувчи Виктор Орвилл исмли кимса ҳалокатли тугаган йўл-транспорт ҳодисаси содир этгани учун шаҳар қамоқхонасида жазо ўтайди.
Бу орада ўтган уч йил жуда секин кечади, лекин маҳбус ҳужрасидаги полнинг тоштахтаси квадрат шаклида ёйилганига эътибор қаратади. Орвилл бекорчиликдан бўш катакларни кесишадиган сўзлар билан тўлдиришни бошлайди, кейин бу комбинацияни қоғозга кўчиради, сўзларга эса таъриф танлаб чиқади. Яқин-атрофидаги кишилар унинг бу ақлий ўйинини маъқуллаб, Викторга дуч келган газета таҳририятига ижод маҳсулини юборишни маслаҳат беришади. Жиддий ўйлаб кўргач, Орвилл шундай йўл тутади. Кейптаундаги газеталардан бирига бир нечта ўйин вариантларини жўнатиб, уларни “Бу ерга-у ерга квадрат бўйлаб” деб атайди. Аввалига бош муҳаррир маҳбуснинг бу янгилигига танқидий муносабатда бўлади, бироқ ходимлари жумбоқни жўшқин қизиқиш билан еча бошлаганини кўриб ўз газетаси саҳифаларида уларни барибир нашр қилишга қарор қилади. Ўз навбатида, бу қарори унга катта фойда келтиради. Орадан бироз вақт ўтгач, Орвилл кроссворд тузишга оид буюртмаларга кўмилиб кетади. Энг қизиғи, бу қобилияти ортидан келган гонорарлар муносабати билан у озодликка бадавлат инсон бўлиб чиқади.
ЖОСУСЛИК САРОСИМАЛАРИ
Бу воқеа 1944 йилнинг майида Буюк Британияда бўлиб ўтганди. Контрразведка ходимларидан бири “Daily Telegraph” газетасида нашр этилган кроссвордни ечаётганида ғайритабиий воқеага дуч келади. Кроссворддаги навбатдаги савол - “АҚШдаги штатлардан бири”ни ўқий туриб сергак тортади. Негаки, жавоб “Юта” эди.
Кейинги куни унинг хавотири жиддий тус олади. Чунки навбатдаги кроссвордда “Миссуридаги қизил танли ҳинду” саволининг жавоби “Омаха” эди. Контрразведка ходими янги кроссвордда “Барча нарсани қўлга кирита оладиган катта одам” (жавоби – “подшоҳ”), кейинроқ “Британия ва у бир ва ягона нарсага эгалик қилади” (жавоби – “Нептун”) саволларини кўрганида ваҳимага тушиб бошлиғи томон ошиқади. Гап шундаки, мазкур воқеа яқиндагина Европага иттифоқчиларнинг қўшинлари тушган даврда содир бўлганди. “Подшоҳ” номли мазкур операциянинг бошланиш вақти этиб 1944 йилнинг 6 июни белгиланганди. Боз устига, бу номни Черчиллнинг ўзи ўйлаб топганди. Бу операциянинг бир қисми ҳарбий-денгиз кучлари ҳаракатларига бағишланган бўлиб, “Нептун” деган кодли ном олганди, десантларни туширадиган икки жой эса Нормандия қирғоқлари, яъни “Омаха” ва “Юта” мос равишда белгиланганди. Дарҳол кроссворднинг муаллифини аниқлашди. Лондон яқинидаги шаҳарчада истимоқат қиладиган Леонард Сидни Доу исмли мактаб ўқитувчиси контрразведка ходимларида диққатга сазовор ҳеч қандай таассурот қолдирмади. Энг ажабланарлиси, у бу каби кроссвордларни 20 йилдан бери газеталар учун тузиб келарди. Барча воқеалар қуйидагича хотима топди: контрразведка ходимлари Доу билан суҳбат вақтида махфийлик важидан ундан нимада шубҳаланишаётганини айтишмади, ўқитувчи эса уни нега тутиб туришганини ҳеч қанақасига тушуна олмади. Охир-оқибатда иттифоқчиларнинг қўшини белгиланган жойларга муваффақиятли тушиб олгач, “бу шунчаки тасодиф” деган қарорга келинди.
Таъкидлаш жоиз, бу Британия контрразведка ходимларининг кроссвордларга ягона қизиқиши эмас. Юқоридаги воқеадан икки йил аввал айнан “Daily Telegraph” газетасида қуйидаги эълон пайдо бўлади: “Ажиб жентльменлар клуби” кроссвордни энг тез ечадиган билимдонлар танловида қатнашишни таклиф қилади. Беллашув таҳририятнинг Флит-стритдаги биносида шанба куни кечқурун ўтказилади”.
Кейинчалик мазкур беллашув қатнашчиларидан бири, ўшанда кичикроқ банк ходими сифатида фаолият юритган Стенли Седжуик ҳаётидаги туб бурилиш ҳақида сўзлаб беради. Унинг гапига қараганда, беллашув олдидан иштирокчилар (улар жами 30 нафарга яқин бўлган) алоҳида-алоҳида столларга ўтиришган, сўнг уларга топшириқларни тарқатишган. Ҳакам секундомерни қўшиб, “старт” командасини бергач, қатнашчилар вазифаларни ечишга киришишди. Ғолибга барча бўш катакларни тўлдириш учун атиги саккиз дақиқа кифоя қилади. Седжуик эса бу беллашувда бешинчи ўринни қўлга киритади. Эътиборлиси шундаки, у бу натижани бор-йўғи бир сўзни қоғозга туширишга улгурмагани учун қайд этади. Шундан сўнг ташкилотчилар танловнинг барча иштирокчиларига миннатдорлик билдириб, уларни бир финжон қаҳвага таклиф қилишади. Шу билан барчаси тугагандек туюлади, аммо кутилмаганда воқеа давомийлик касб этади.
Бир ҳафтадан кейин Седжуик мудофаа вазирлигига чақирилиб, у ерда бўлиб ўтган қисқа суҳбатдан сўнг Британия разведкаси бўлими – Ҳукумат алоқаларини шифрловчи мактабда хизмат қилишга таклиф олади. Мактабдагилар немисларнинг “Энигма” код машинаси ёрдамида қўлланган шартли белгиларни фош этиш билан шуғулланарди. Уларнинг таркиби асосан математиклардан иборат бўлиб, эндиликда мактаб маъмурияти улар сафига интеллектуал-кроссвордчиларни қўшишга қарор қилади.
Муаллиф: Сергей УРАНОВ.
Рус тилидан Азизбек НОРОВ таржимаси