Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шамс НУРОВА

08.02.2018


БИЛМАЙИН ЭКДИМ ГИЁҲНИ...

Бу иш билан яширинча машғул бўлган кишилар сирлари ошкор бўлгач, ҳар турли баҳоналарни қалаштиришади, аммо улар бир нарсани унутмасликлари лозим: қонун – барчага баробар, у баҳонаю важ-корсонларни ҳисобга олмайди.

Чироқчи туманилик Бўстон Самиева (исм-фамилия ўзгартирилган) ҳам худди шу тоифага кирадиганлардан. У ўз ҳовлисида қонунга хилоф равишда 2 туп каннабис ўсимлигини экиб парваришлаган. Унинг бу иши ички ишлар идоралари ходимлари ва маҳалла вакиллари иштирокида ўтказилган профилактик тадбир чоғида маълум бўлди. Самиеванинг айтишича, у ўзи экиб-парваришлаётган ўсимликнинг нима эканлигини то ички ишлар ходимлари айтмагунича билмаган. Ўтган йилнинг март ойи бошларида ўзи яшайдиган қишлоқ кўчасидан кетаётганида, эски рўмолчага тугилган ўткир ҳидли 5 дона уруғ топиб олганини, буларни шифобахш ўсимлик деб ўйлагани ва ҳовлисининг бир четига экиб қўйганини айтган. Гўё ўсимликни қуёш нуридан сақлаш учун беда боғламлари билан пана қилиб қўйган. Энди савол туғилади: нега ўсимликнинг аслида нима эканлигига хонадон соҳибаси қизиқиб кўрмади экан?

Хуллас, бу иши ноқонуний эканлигини билган Самиева ҳар қанча важ-корсон кўрсатмасин, суд олдида жавоб беришдан ўзга иложи қолмади. Суд ўз сўзини айтди. Яъни Бўстон Самиевага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Бироқ унинг илгари судланмагани, аёл киши эканлиги, қарамоғида 3 нафар фарзанди борлиги, қолаверса, айбига иқрор ва пушаймонлиги ҳисобга олиниб, ҳукм шартли равишда ижро этиладиган бўлди, яъни унга 1 йилу 6 ой синов муддати белгиланди.

Энди ҳамма гап унинг бошқа хатога йўл қўймаслигида...

Шамс НУРОВА

Report typo