Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

30.03.2021


Бильярдхонадаги ошкора қотиллик қиссаси

Хабарингиз бор, бир неча кун муқаддам Чироқчида бильярд ўйнаш учун навбат талашишдан жанжал келиб чиққани ва бу бир кишининг ўлими билан якун топгани ҳақида хабарлар эълон қилинди.

Мазкур ҳолат бўйича Чироқчи тумани Пахтаобод маҳалласида вилоят ИИБ бошлиғи Ш.Сотволдиев иштирокида муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди. Унда туман секторлари раҳбарлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими вакиллари, фаоллар иштирок этди.

Ички ишлар вазирлигининг “Постда” нашри ёзишича, машъум жиноят содир этилган 15 март куни кеч соат 20:00 ларда Пахтаобод қишлоғида жойлашган бильярдхонада қўшни Чимқўрғон қишлоғилик И. шу қишлоқда яшовчи Ж. билан навбат талашиб жанжаллашади. Икковлон бир-бирини ҳақорат қилгач, Ж. уйига кетади. Йўл-йўлакай аччиқ устида ҳақоратларни ўзича таҳлил қилиб, ошхона пичоғини олади-да, яна бильярдхонага қайтиб келади. Кейин И.ни ташқарига чақириб олиб, “Сен нима учун онамни сўкдинг?!” дея қўлидаги пичоқни унинг чап кўкрагига икки марта санчади. Пичоқ зарбидан ерга йиқилган И. шифокорлар кўрсатган тиббий ёрдамга қарамай, дунёдан кўз юмади.

Атрофдагилар икки йигитнинг бир-бирини ҳақоратлаб, пичоқлашишгача бўлган ҳолатини томоша қилиш ўрнига, муросага келтириш чораларини кўрганида, бири қотилга айланмаган, иккинчиси эса бевақт оламдан кўз юммаган бўларди. Албатта, жиноятнинг юзага келишида бильярд ўйинини ташкил этган фуқаронинг ҳам айби бор. Ҳали тадбиркорлик мақомини олмасдан, қурилиши тугалланмаган бинода бильярд ўйини ташкил этган фуқаро икки маротаба солиқ органлари томонидан огоҳлантирилган. Қолаверса, маҳалла фуқаролар йиғини томонидан ҳам бир неча бор огоҳлантирилганига қарамасдан, фаолиятини давом эттирган.

Муҳокамада жиноятнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки уларнинг барвақт олдини олиш лозимлиги уқтирилди. Жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва унга шароит яратган омиллар юзасидан мутасадди идоралар ва маҳалла фаолларининг хатти-ҳаракатлари муҳокама қилинди.

Report typo