Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шерхон ҚОРАЕВ

31.03.2022


 БИНОИЙНИНГ ҚАТЛ ЭТИЛИШИ САБАБИ НИМА ЭДИ?

Одатда ўрта асрлар ҳукмдорлари шоирларга яхши муносабатда бўлиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган. Бинобарин, назм аҳли ўз шеърлари билан султонлар довруғини етти иқлимга ёйишга хизмат қилган. Ҳатто, Шарқ ўлкалари подшоҳлари бирор шаҳарни қамал қилса, ундан шоирлар, фозиллар, олимлар чиқиб кетишини сўраган.

Аммо Эрон шоҳи Исмоил Сафавийнинг саркардаси Нажми Соний 1512 йилда Қарши шаҳри аҳолисини қирғин қилганда мумтоз адабиётимиз ёрқин вакилларидан бири - шоир, тарихчи ва мусиқашунос Камолиддин Али ибн Муҳаммад Сабз Биноий (1453-1512)ни ҳам қиличдан ўтказган.

Нега, шундай бўлган? Бунга ўзи ҳам Хатойи тахаллуси билан озарбайжон тилида шеърлар ёзган шиалар шоҳи Исмоил Сафавий буйруқ берганмиди? Наҳот, бу қарори учун тарих уни қоралашини билмасди? Биноийнинг қатл этилиши сабаби нима эди?

Маълумки, Биноий Жомий ва Навоий адабий мактабида вояга етган. У шеърлар ёза бошлаганда дастлаб Ҳомий тахаллусини қўллаган. Мирзо Бобур Биноий шеърларига юқори баҳо бериб, шундай деган: "Биноий ҳирилик (ҳиротлик) тур. Ғазалида ранг ва ҳол бордур, девон тартиб қилибтур, маснавийлари ҳам бор. Бир маснавийси бор, мевалар бобида, мутақориб баҳрида, бемуҳассал нима дебтур, бекора қилибтур. Яна бир мухтасар маснавийси бор, хафиф баҳрида. Яна бир улуғроқ маснавийси бор, ул ҳам хафиф баҳрида, бу маснавийни сўнгралар тугатиб эди".

Дарҳақиқат, Биноий сермаҳсул шоир бўлиб, 3 та девон тузган.  У яна "Беҳрўз ва Баҳром" достони, "Мажмаъ ул-ғаройиб" ("Ажойиб воқеалар мажмуъи") қасидаси ҳамда "Шайбонийнома" ва "Футуҳоти хоний" ("Хоннинг ғалабалари") тарихий асарларини ёзган.

Шоир "Нўҳ ранг" ва "Савт ун-нақш" каби машҳур мусиқий асарлар ҳам яратган: "Бурунлар мусиқийдин бехабар экандур, бу жиҳаттин Алишербек (Навоий) таън қилур экандур. Бир йил мирзо (Ҳусайн Бойқаро) Марвға қишлай борғанда, Алишербек ҳам борур. Биноий Ҳири (Ҳирот)да қолур. Ул қиш мусиқий машқ қилур, ёзгача онча бўлурким, ишлар боғлар. Ёзда мирзо Ҳири келганда савт ва нақш ўткарур. Алишербек таажжуб қилиб таҳсин қилур. Мусиқийда тавр ишлар боғлабтур, ул жумладин бир нақши бор, "Нуҳранг"га мавсум. Бу тўққуз рангнинг туганиши ва нақшнинг яллоси  "Рост"тадур", дея ҳикоя қилинади "Бобурнома"да.

Истеъдодли ижодкор Биноийнинг Ҳирот адабий муҳитида ўз ўрни бўлган. Манбалар унинг Султон Ҳусайн Бойқаро саройи, Жомий, Навоий каби улуғ шоирлар, вазирлар ва бошқа зиёлиларнинг адабий мажлисларида иштирок этиб, ғазаллар ўқиганини тасдиқлайди. Хусусан, шоир ва тарихчи олим Шарафуддин Роқимийнинг "Тарихи томм" асарида ёзилишича, "Ўзи яна сўз қасри рукнларининг моҳир устоди эди. Қудрат қўли фалак корхонаси рангини тўкмагай, ундан бунёд асосли бинони бирор киши кўрмагай. Фитрат муҳандиси тўққиз тоқли фалак остида муқарнас ясашда бундайин маъно қоидаларидаги устодликни ҳеч ким эшитмаган. Лафз жузвлари устухонбандини унингдек чолоклик билан қўёлмасди. Байтлар қоидаси асосининг гулдастини ҳеч ким унингдек дастур билан боғламаган. Замонасининг фозиллари зумрасида Султон Ҳусайн Мирзо Кўрагон суҳбатида доимий бўларди".

Мавлоно Биноий истеъдодига Ҳазрат Навоий ҳам муносабат билдириб, жумладан, "Мажолис ун-нафоис"да шундай ёзган: "Бағоят қобилияти бор. Аввал таҳсилга машғул бўлди... Хатға ишқ пайдо бўлди. Оз фурсатда ободон битиди. Андин сўнг илми мусиқийға майл кўргузди. Адвор илми    билан бот ўрганиб, хили ишлар тасниф қилиб  адворда дағи рисола битиди... Бу сифати салби учун фақр тарийқин ихтиёр қилди ва риёзатлар ҳам тортти, чун пири ва муршиди йўқ эрди, ўз бошича қилғон учун ҳеч фойда бермади... Ҳар тақдир била бу матлаъ анингдурким:

Ба сурма ҳарки сияҳ, кард чашми ёри маро,

Басони сурма сияҳ кард рўзгори маро.

(Кимки ёримнинг кўзларини сурма билан қорайтирган бўлса, худди сурмадек менинг рўзғоримни қора қилди.)

Биноий Табризда, Султон Яъқуббек саройида ҳам бўлган. "Бобурнома"да унинг Оққуюнлилар салтанатига 1487 йилда борганлиги зикр этилади: "...Ироқ ва Озарбайжонга Яъқуббек қошиға борди. Яъқуббек қошида ёмон эмас эди, ҳарифи мажлис (суҳбатдош) бўлиб эди. Яъқуббек ўлгандан сўнг ул вилоятларда турмай Ҳирига қайтди".

Яъни Султон Яъқуб шоирни ўз саройида ҳарифи мажлис - суҳбатдош лавозимига тайинлайди. Адабиёт илми билимдони Зайниддин Восифийнинг ёзишича, Мавлоно Биноий Султон Яъқуб билан учрашуви ҳақида шундай ҳикоя қилган: "Табриз вилоятига яқинлашдик. Яъқуббек мулозаматига мушарраф бўлдик. Бу дилнавоз шоҳ деди: "Бизнинг диёрда сизларга нималар ёқди?" Мен: "Дарвеш Деҳакий суҳбатидан ўзга ҳеч нарса ёқмади", дедим. Дарвешни мадҳ ва васф қилдим. Шоҳ Деҳакийни ҳузурига чорлади.

(Мажлисда Деҳакий) Шоҳ билан учрашганда (йўлда ёзилган) ғазалини тақдим этди. Мажлисда юз чоғлик киши ўтирганди. Ғазални тинглаб, ҳамманинг кайфияти кўтарилди. Подшо сўради: "Ҳазрати Дарвеш фақирдан нене талаб қиладилар?" Дарвеш: "Подшоҳимизнинг умрини тилаймиз", деди".

Биноий Султон Яъқуббек ҳузуридаги ана шундай мажлисларда кўп маротаба иштирок этган. Унинг вафоти (1490 йил)дан икки йил ўтиб, Ҳиротга қайтган ва ижодини давом эттирган. Тарихчи Мирзо Муҳаммад Ҳайдар Дўғлатнинг ёзишича, "...Биноийдурки, булар ҳам фозил ва шоир эрдилар. Буларнинг Мир Алишернинг орасида (мажлисларда) ҳамиша баҳслар ўтар эрди. Ва ул зарофатки буларнинг орасида ўтибдур, машҳурдур.

Биноий айтибдурки, Мир Алишернинг бошиға зарофатнинг ҳавоси тушибдур. Мир Алишер ҳам зарофатлик бўлғайму деб. Мир Алишер айтибдурки, Биноий девона бўлубдур. Биноийни дорушшифоға олиб бориб даволанглар ва нухудоб беринглар, дебдур. Бу жиҳатдин Биноий қочиб Ироққа борубдур. Ироқда Султон Яъқуб тарбият қилубдурлар. Неча муддатда кейин яна ёниб Ҳиротға келибдур. Мир Алишер киши йибориб чорлаб олиб келибдур. Лутфу марҳамат бирла ошнолиқ қилибдурлар. Ва инъому эҳсон ҳам қилибдурлар. Ва ўтган воқеаға узр айтибдурлар. Ондин Мир Алишер сўрабдурки, Ироқ вилояти (Оққўюнлилар давлати) қандоқ жой экан, деб? Биноий айттиларки, ироқийларнинг бир қисми иши манга хўб кўриндики, улар асло туркий шеър айтмас эканлар. Мир Алишер айттиларки, сиз ҳануз ҳушёр бўлмаган экансиз,  мундоқ тааррузни тарк қилинг. Ошнолиқ ва ёрлиқ аросидаги иттиҳоднинг сўзини айтинг, рост сўз айтингки, менинг девонларимнинг орасида қайси матлаъни яхши кўрдингиз. Биноий айттики, халқ аросида ҳаммаға бу матлаъ марғубдурки:

Кўкаракимдур субҳнинг пироҳанидин чокрок,

Кифриким шабнам тўкулган сабзадин намнокрок.

Мир Алишер айттики, сиз ажаб эътирозчи одам экансиз, бу матлаъни мен Мавлоно Соҳибдин сотиб олиб эдим, бу жиҳатдин бу сўзни айтасиз, деди. Биноий айттики, манга мундоқ сўзни раво кўрманг, менинг сизда таарруз қилғали ҳаддим борму? Мен воқеани билмас эрдим. Мундин бўлак яхши матлаъларингиз ҳам бор. Бу матлаъ ҳам ондин яхшироқдурки:

Бошимиздин сояи сарви қаддинг кам бўлмасун,

Зоти покинг бўлмаса, оламда одам бўлмасун.

Мир Алишер айтти, бу матлаъ Мавлоно Лутфийнингдур. Сиз ҳаргиз тааррузни тарк қилмабсиз, деб яна икковлон озор юзидин жудо бўлишдилар".

Шундан сўнг Биноий Самарқандга кетади. У бу шаҳарда Навоийга бағишлаб "Мажмаъ ул-ғаройиб" қасидасини ёзган.

1492 йилга қадар Султон Яъқуббек Оққуюнли ва Бойсунқур саройида хизмат қилган Камолиддин Биноий Табриздан қайтгандан сўнг она юрти Ҳиротда уч йил туриб, Самарқандга келгач, дастлаб нақшбандия тариқатининг кўзга кўринган муршиди Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг иккинчи ўғли Хожа Қутбиддин Яҳё ва шаҳар ҳукмдори Султонали Мирзонинг хизматига кирган. 1496 йилнинг июль ойида шоир ва тарихчи олим Муҳаммад Солиҳ билан бирга Мирзо Бобур хизматига ўтган. 1500 йил июль ойида, яъни    Самарқанд Шайбонийхон томонидан эгаллангандан сўнг унга мулозамат кўрсатади ва унинг саройи  шоирига айланади.

Венгер сайёҳи Ҳерман Вамбери ўз асарларида Мавлоно Биноий тўғрисида қуйидаги маълумотларни келтириб ўтган: "Мулло Биноий ҳиротлик бир банно-меъмор ўғли бўлиб, Мир Алишер билан оралари бузулгунча Мирзо Ҳусайн Бойқаро саройининг илтифотига сазовор ҳолда яшаган. Кейинчалик Мовароуннаҳрга кетиб, Султон Маҳмуд саройи доирасида эътибор қозонган. Ниҳоят, 1500 йил Мовароуннаҳрда Шайбоний Муҳаммадхон уни сарой шоири қилиб олган".

Биноий Шайбонийлар давлатида катта обрў-эътиборга сазовор бўлган. Шайбонийхон унга ҳарбий юришлари тарихини ёзишни буюради. У Ҳиротни забт этгач, шоир ҳам она юртига қайтади. У 1510 йилдан эса Насаф (Қарши) шаҳрида яшай бошлаган.

1512 йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий Самарқанд ишқидан ёниб, шайбонийзода Убайдуллоҳ Султонга қарши жанг қилаётган Мирзо Бобурни қўллаб Мовароуннаҳрга Нажми Соний бошлиқ қўшин юборгани тарихдан маълум. Улар ўша йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Қарши шаҳрини қамал қилган ва қизилбош шиаларни душман сифатида қабул қилган аҳолини аёвсиз қиличдан ўтказган. Биноий ҳам ана шу қатлиомда шаҳид бўлган.

Ўшанда шоирга омонлик берилмаганининг сабаби Муҳаммад Шайбонийхонга бағишлаб, унинг ғалабалари тасвирланган "Шайбонийнома" тарихий асарини ёзганидир. Бундан кўринадики, дастлаб 1510 йилдаги жангда Шайбонийхонни ўлдириб, бош чаноғидан ўзига қадаҳ ясаттирган Исмоилшоҳ Сафавий бордию шоир Биноий қўлига тушса, душманини кўкларга кўтаргани учун унинг бошини олишни ният қилган. 

           Шерхон ҚОРАЕВ,

филология фанлари бўйича (PhD) фалсафа доктори

Report typo