Хабарингиз бор, Қарши шаҳридаги “Геолог” ёпиқ спорт мажмуасида ташкил этилган 350 ўринли COVID-19 махсус тақсимлаш маркази шу йилнинг 3 сентябрь куни ўз фаолиятини бошлаган эди. Марказда айни пайтгача 246 нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатилди.
Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумот бермоқда.
Марказ бош шифокори Равшан Тўлаковнинг сўзларига кўра, беморлардан 150 нафари стационарга ётқизилган. 96 беморга амбулатор ёрдам кўрсатилиб, тегишли тавсиялар берилган. Стационардаги беморлар 16 нафарининг саломатлиги тикланиб, уйига жавоб берилди, 6 нафари вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ўтказилди. Айни пайтда бу ерда 122 нафар бемор стационар шароитда даволанмоқда. Уларнинг 4 нафари ўта оғир, 18 нафари оғир, 68 нафари ўрта оғир даражада. 22 нафар бемор кислород олаяпти, 8 нафар бемор сунъий нафас олдириш ускунасига уланган.
Марказда 21 врач, 30 нафар ўрта тиббиёт ходими, 16 нафар кичик тиббиёт ходими, 13 нафар хўжалик ишлари ходими фаолият олиб бораяпти.
Таъкидланишича, тиббий ёрдамни сифатли ташкил этиш учун барча имкониятлар яратилган. Марказ 1 та мобиль рентген, 1 та ультратовуш, 1 та дефибриллятор, 2 та ЭКГ, 5 та СПАП, 3 та ИВЛ ускуналари билан таъминланган. Клиник ва биохимик лабораториялар фаолият кўрсатмоқда.