Ишлаб чиқарувчилар ҳам буни пайқашган шекилли, энди егулик харидоргирлигини оширишнинг бошқа йўлини топишибди. Қадоқ ичига турфа ўйинчоқлар солиб, болаларни шу орқали қизиқтиришни ният қилишибди.
Бозор ва дўкон пештахталарида чиройли қадоқдаги турли ширин маккажўхори ва тузли нон қаламча (хрустяшки)ларининг аксариятида бу ҳолатни кузатиш мумкин. Мисол учун, “Незнайка” маҳсулоти ичидаги елим аскарча кишини бир зум ўйлашга мажбур қилади. Маҳсулот номидан ҳам маълумки, болаларни ялқовликка, билимсизликка чақиради.
Ишбилармоннинг нияти нима эканлигини билмадигу, бизга аёни, болаларимизнинг қўлларига совуқ қуроллар ушлашни ўргатиб, бошқаларга “ҳужум”га ўтишни тарғиб қилмоқда. Бу ҳолатга ишлаб чиқарувчидан изоҳ сўраб, аниқлик киритиш имкони бўлмади.
Бизни ўйлантираётган саволларга жавоб топиш мақсадида қадоқда кўрсатилган масъулларининг телефон рақамига қўнғироқ қилиб боғлана олмадик. Қадоқдаги маълумотларнинг етарли эмаслиги эса шубҳангизни янада оширади. Кўрсатилган манзил бўйича Қарши шаҳар Ўзбекистон- 231 “д” - уйга борганимизда, ҳозирда бу ерда қурилиш ишлари олиб борилаётгани, илгари ҳам бу ерда бундай цех бўлмаганини билдик. Ишлаб чиқариш цехи, жойи ноаниқлигидан маҳсулотнинг истеъмолга яроқлилигига шубҳа қиласиз.
Бундан кўриниб турибдики, истеъмолчи сифатида ҳуқуқларимиз бузилмоқда. Соҳа ходимларининг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 11-моддасида ишлаб чиқарувчи (ижрочи)нинг кафиллик мажбуриятлари белгилаб қўйилган. Унда ёзилишича, дори-дармон, озиқ-овқат ва маиший кимё товарларида уларнинг ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати ҳамда сақлаш шартлари кўрсатилган бўлиши, сотувчиларга ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган, яроқлилик муддати ўтган товарларни қабул қилиш ҳамда реализация қилиш ман этилади. Шунингдек, Қонуннинг 6-моддасида “Ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт” эканлиги белгилаб қўйилган. Мазкур талабдан келиб чиқиб, ҳар бир истеъмолчи товар сотиб олаётганда харид қилаётган товар тўғрисида сотувчидан тўғри ва тушунарли маълумот (мувофиқлик сертификати ҳам ушбу маълумотлар сирасига киради) тақдим этилишини талаб қилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
- “Незнайка”нинг сертификати йўқ, ташлаб кетишади. Биз сотаверамиз, - дейди Қарши шаҳридаги “Орзу” бозорида шундай маҳсулотлар билан савдо қилаётган сотувчилардан бири.
Демак, бозор хоҳлаган одам хоҳлаган нарсасини сотиши мумкин бўлган жой. Ҳайрон қоласан киши, агар деҳқон ўз ҳовлисида етиштирган икки челак зардолини бозорга олиб чиқса, албатта бозор маъмурияти, яъни чекчининг эътиборидан четда қолмайди. Ундан ҳақ ундирилади. Аммо, неча йиллардан бери керакли маълумотларга эга бўлмаган, айтиш жоиз бўлса, ноқонуний товарлар сурункали сотилаётгани бозор маъмурияти эътиборини тортмагани шубҳали. Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, бозорда сотилаётган нарсалар қаердан ва ким томонидан келтирилаётгани билан мутасаддиларнинг иши йўқ.
- Ҳақиқатдан “Незнайка” маҳсулоти қадоғида стандарт талаблари бузилган, - дейди вилоят синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси раҳбари Улуғбек Амирқулов. – Ишлаб чиқарилган вақти ноаниқ, яроқлилик муддати эса кўрсатилмаган. Қадоқда меъёрий ҳужжат рақами ҳам йўқ. Ичига солинган ўйинчоқ ҳақида эса маълумот берилмаган.
Идора мутахассислари ёрдамида ушбу маҳсулотни ишлаб чиқарган корхона ҳақида маълумот олишни мақсад қилган эдик. Аммо айнан ушбу маҳсулотни ишлаб чиқариш учун “тадбиркор” мувофиқлик сертификати олмаган. Фаолияти расмийлаштирилмаган. Топганимиз, бошқа шу турдаги маҳсулот “Вкус-няшка” учун олинган мувофиқлик сертификати бўлди. Унда ёзилишича, идора мутахассислари йилига бир маротаба, вилоят синов ва сертификатлаштириш давлат корхонаси инспекцион назоратни даврийлик билан амалга ошириши керак. Мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддати 2017 йилнинг 15 март санасигача этиб белгиланган бўлса-да, ҳозирда бу ишлаб чиқарувчи фаолияти тўхтаганми ёки давом этаяптими, бу ҳақида маълумотлар мавжуд эмаслиги кишини ўйлантиради. Демак, ишлаб чиқарувчи ва сертификатловчи давлат идораси ўртасида алоқа йўқ. Ёки расмий ҳужжат-сертификатда ёзилганлари аҳамиятсиз. Назоратчи агар инспекцион назоратни вақтида амалга оширганида биз ушбу корхона фаолияти ҳақида зарур маълумотларга эга бўлар эдик. Айнан шу ишлаб чиқарувчи билан ишлайдиган назоратчини тополмаганимиз ҳаммасидан ошиб тушди. Улуғбек Амирқуловнинг айтишича, ҳозир тадбиркорнинг фаолиятига аралашиб бўлмайди...
Тўғри, тадбиркор фаолиятига аралашиб бўлмайди. Бироқ, шу маҳсулотни ишлаб чиқараётган аслида ҳам тадбиркорми? Қолаверса, қачонки тадбиркор ишлаб чиқараётган маҳсулот стандарт ва гигиеник талабларга жавоб бера олганда, ишлаб чиқариш меъёрларига амал қилинганда ёки бўлмаса, ундан инсонлар саломатлигига зарар етмаслигига кафолат бўлганида, яъниким, фаолияти қонуний бўлса аралашилмайди. Ваҳоланки, биздаги маълумотларнинг деярли барчаси тадбиркор фаолиятига шубҳа уйғотади.
Қўлимга тутқазилган вилоят давлат санитария-эпидемиология назорат марказининг санитария-гигиена лабораторияларида белгиланган тартибда назоратдан ўтказилган “хрустяшка”нинг истеъмолга яроқлилиги ҳақидаги жавобни ўқиб, сергак тортдим. Гарчи хатда маҳсулот Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган 0283-10-сонли “Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигига бўлган гигиеник талаблар” санитар қоидаларига мувофиқлиги ҳақида ёзилган бўлса-да, маҳсулот қадоғидаги ишлаб чиқариш ва сақлаш муддатларининг йўқлиги ва бошқа стандарт талаблари бузилганидан унинг қачон ва қай ҳолда ишлаб чиқарилгани мавҳумлигича қолмоқда. Майли, маҳсулот истеъмолга яроқлидир, аммо бу каби егуликлар айнан болаларни ўзига тортиши боис унинг қандай ишлаб чиқарилгани ҳақида қайғуриш фарзандлари саломатлиги учун беэътибор бўлмаган ҳар бир кишига бегона эмас.
Дарҳақиқат, бугун тадбиркор учун қулайлик ва имкониятлар эшиги кенг очилган. Ишлаб чиқараётган маҳсулоти ишбилармоннинг юзи бўлиб, дунёқараши, жонкуярлиги, ўз ишига масъулият билан ёндашишини кўрсатади. Унда қонун талаблари асосида истеъмолчини хабардор қилувчи барча маълумотлар акс этса, олам гулистон.
- Аввало ота-оналар фарзанди нима еяётгани ҳақида хабардор бўлиши керак. Айнан мен фарзандларимга ишлаб чиқарилган санаси, таркибига оид маълумотлари бўлмаган егуликларни сотиб олишга рухсат бермайман, - дейди Қарши туманидаги 34-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Гулноз Бобоқулова. - Чунки бу каби “ўлик” маҳсулот қоринни вақтинча тўйдириши мумкин, аммо организм учун керакли моддаларни бера олмайди. Болаларда гижжаларнинг кўпайишига ҳам мана шундай егуликлар сабаб бўлаяпти.
Бозор тўла маҳсулот. Сифатли, сифатсиз – аралаш. У ердан нима харид қилиш эса ўзимизга боғлиқ. Келинг, яхшиси, харидимиз соғлиғимизга, маънавиятимизга зарар етказмаслигига эътибор берайлик.
Сифат сертификатисиз маҳсулотлар эса ҳар биримизнинг хонадонимизга кириб бориши мумкин. Бозор маъмурияти ва тегишли идоралар раҳбарлари ўз ишларига виждонан ёндашиб, айниқса, сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилишига ҳамда сотилишига барҳам беришса, келажак авлод саломатлиги учун қайғурган бўларди. Ахир, уларнинг ўзлари ҳам истеъмолчи-ку.
Шунингдек, оилада ёшларимизга савдо маданиятини, саломатлигимиз учун фойдали ва тўйимли маҳсулотларни харид қилишни ўргатайлик. Шунда бозор ва дўконларимизда сифатсиз, муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотлари бўлмайди. Саломатликка зиён етказувчи егуликлар сотилишининг олди олинади.
Сожида АЛЛАЁРОВА