Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 537 йиллигига
"Чўли Ироқ" оғушида...
"Чўли Ироқ"ни тинглаганмисиз? Найнинг навоси шундай маҳзун, шундай мунглики, юрак-бағрингни ўртаб ташлайди. Лекин бу ўрташ, вужудингга, руҳингга шундай ором олиб кирадики, бошингни бир маромда қимирлатаётганингни, кўнглинг ғуборлари қайларгадир бош олиб кетаётганини тўсатдан сезиб қоласан, руҳинг кўтарилади. Деразангдан кириб келаётган машина шовқинларинию, қўшни аёлнинг ароқхўр эрига шанғиллаётганини ҳам эшитмай қоласан. Бу мусиқа - ором, ором ҳадя этаверади. Ўз илдизларингдан сув ичиш қандайин ҳузур… Тўкил, эй, кўнгил! Бор-бўйингча тўкил!
"Чўли Ироқ"ни ҳар сафар тинглаганимда, негадир, Ватан ҳажрида куйиб ўтганлар ёдимга тушаверади. Онгимда эса бир фикр айланаверади: бу куйни Ватан соғинчида умр ўтказганлар яратган. Афсуски, бу фикрга асос топиб беролмайман. Балки мусиқашунослардан жўялироқ фикр чиқиб қолар. Билмадим… Билганим шуки, бу мусиқа Ватанни соғиниш нималигини англаган, барчамизга англатган ўша, буюк саркарда, истеъдодли шоир, фарзандларининг ардоқли отаси, ўзбекнинг улуғ, чин маърифатли фарзандларидан бири - Бобурни ёдимга солаверади.
Толеъ йўқки, жонимға балолиғ бўлди,
Ҳар ишники айладим, хатолиғ бўлди,
Ўз юртни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,
Ё Раб, нетай, не юз қаролиғ бўлди.
Андиша
Бобур ҳақида жуда кўп ёзилган, ёзилаяпти, бундан кейин ҳам, албатта, ёзилади. Буюк шахслар ҳақида ёзганимда бир андиша доимо кўнглимнинг бир четидан мўралаб қўяди: бу буюк зот ҳақида ёзишга кучим, иқтидорим етадими? Қош қўяман деб кўз чиқариб қўймайманми? Миллатдошларим ёзганларим ҳақида ўқиганда, мийиғида кулиб, ҳар кун эшитиб юрган гапларимиз-ку, дея таъна қилишмайдими?
Биров ҳақида бир-икки қоғозни қоралаб ташлаш - ҳеч нарса эмас. Фақат унинг ичида ҳарорат, бўлиқлик, энг асосийси, кўнгил юз кўрсатмаса, бундай ёзилдиқдан қандай наф? Ёзганимдан нима наф? Бу саволларнинг юки елкаларимни эзиб ташлайди. Яна уввос тортиб қадим мусиқа янграб турибди. Бас қил, эй, мусиқор! Бағрим куйиб кетди!
Куйи шундай бўлса, ғамнинг ўзига,
Қандай чидай олган экан одамзод?!
Ўша биз билган, биз қўлдан қўймай ўқиган Абдулла Орифнинг дардчил сатрлари. Бобур шунча ғамга қандай чидай олди экан-а?
Шахс
Бобур, аввало, ўз жамиятининг ҳақиқий Шахси эди. Ўн икки ёшда тахтга ўтира олиш, парчаланиб кетган бўлса-да, давлатни бошқариш учун қанча сабот, қанча ақл, қанча иқтидор кераклигини такрорлаб ўтиришим шарт бўлмаса керак. Мана, мен ўн икки ёшимда нима қилардим? 4-синфда ўқийдиган, катта танаффусни бир қўлида нон, бир қўлида китоб билан ўтказадиган, олган "5"ини онасига кўрсатишга шошадиган мурғаккина бола эдим, холос. На ташвишни билардим, на элнинг ғамини. Энди ўйлаб кўринг, сиз ким бўлгансиз? Мен таъна қилмоқчи эмасман. Йўқ! Шунчаки, Бобурнинг ўрнига ўзингизни қўйиб, ўйлаб кўришингизни хоҳлаяпман. Бундан ташқари, Бобур яшаган даврни кўз ўнгингизга келтириб кўринг: Ватан пароканда, оға инига ғаним, ҳокимият учун қирғинбарот жанглар авж олган, кимга ишонишингни билмайсан… Бир қарасанг, тоғанг устингга қўшин тортиб келади, бир қарасанг, амакиваччанг. Тинчлик йўқ, ҳаловат йўқ, савдо ишлари издан чиққан, ҳар бир бек ўзига ҳоким. Бунданам баттари, сиз ўн икки ёшдасиз. Суянадиган тоғдай отангиз йўқ. Яна сизнинг мурғак кўнглингизда шу Ватанни бирлаштириш, ривожлантириш орзуси тинимсиз саваб турибди. Таҳликали, ўзинг ёрдамга муҳтож паллаларда улуғ мақсадлар йўлида курашиш, одамнинг Шахс бўлиб тарбияланишида муҳим омилдир. Бобур шу эзгу ниятларни амалга оширишда ўзида куч топа олгани билан ҳам жуда қадрлидир. Юртдан бадарға бўлиш, ўз душманингга ўз опангни хотинликка бериш, хиёнатлар, сарсон-саргардонликлар Бобурнинг БОБУР бўлишида, қанчалик ачинарли бўлмасин аҳамиятлидир. У бошқаларга ўхшаб айш-ишратга кўнгил қўйиб кетмади. Ўзида ва ўзига ишонганларда куч топа олди. У ҳақда ёзганда тошириб-кўпиртириш шарт эмас. Тарихий ҳақиқатларнинг ўзиёқ етиб ортади. Бобур - таъзим қилишга арзийдиган ШАХС.
Саркарда
Тарихий китобларни варақлаб кўрсанг, кўп улуғ саркардаларга дуч келасан. Александр Македонский, Ганнибал, Атилла, Цезарь, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Наполеон. Тарихий қайдларда ёзилишича, Александр Македонский, Цезар, Наполеон ўз жангчиларининг деярли барчасини номма-ном билишган. Ғаними римликлардан она юрти Карфагенни жон-жони билан ҳимоя қилган, оддий аскарлари билан эски ёпинчиғига ўраниб ухлаган, қорувуллик қилган Ганнибал, Римдай улуғ давлатни тор-мор этиб ташлаган хунлар йўлбошчиси Атилла, юрт шони, қони учун жон олиб, жон берган Жалолиддин Мангуберди, "Жанги лой"дан ўзга мағлубияти йўқ, тактик жангларнинг моҳир устаси бўлган, улуғ саркарда Амир Темур ва аскарлари билан қорда ҳам кўмилиб, тонг оттирган, ўн икки минг қўшин билан юз минглик қўшинни енга олган Бобур. Бобурнинг ҳарбий иқтидори санаб ўтганимиз улуғ саркардалардан ортиқ бўлса ортиқдир, асло, кам эмас.
Оғир мағлубиятлар, аёвсиз жанглар Бобурни ҳақиқий қўрқмас, жасоратли Шер этиб тарбиялайди. Шайбонийлардан тўлғамани, мўғуллардан суворийларни ишлатишни, афғонлардан порохли милтиқни, бобокалони Темурбекдан эса тактик сирларни ва баҳодирликни ўрганган, ҳар бир Темурийдаги шеримардликни ўзида мужассам этган Бобур ғоятда иқтидорли саркарда эди. Бобосидаги бу ҳислатлардан улги олган Акбаршоҳ, Салимшоҳ, Шоҳжаҳон, Аврангзеб Оламгир каби бобурий шоҳлар Ҳиндистонни ўз даврининг улуғ давлатига айлантира олишди. Бу юртнинг ривожига улуғ боболари каби ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшишди. Айниқса, Акбаршоҳдаги саркардалик қобилияти Бобурдан ўтган десак, асло хато бўлмас. Қонида бордан тортиб ололмайсан.
Шоҳ
Бобур Ҳиндистонда Бобурийлар салтанатига асос солгач, кўпчиликка ўрнак бўларли шоҳлик қилди. Турли диндаги элатларни бирлаштириш, уларни ақл билан идора этиш, тинч-тотув яшатиш учун катта салоҳият талаб этилади. Бобурда маърифат, инсониятга бўлган чексиз меҳр, иймон-эътиқод, ақл, куч етарли даражада бўлганлиги боис ўзидан кейинги авлодларга ҳам маънавий, ҳам моддий, улкан мерос қолдира олди.
Савдо ишлари ва солиқларни тартибга солди, маънавий ҳаётни жонлантирди, давлатни иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамлади, қўшни давлатлар билан алоқаларни яхшилади. Энг муҳими, барча жабҳада барқарорликка эришди. Фарзандларига ўзидан кейин давлатни бошқаришда қўл келадиган йўлларни ўргатди. "Бобурнома"ни ёки Пиримқул Қодировнинг "Юлдузли тунлар"ини ёхуд Хайриддин Султоннинг "Саодат соҳили"ни ўқиб кўринг. Барчасига ўзингиз яна бир карра гувоҳ бўласиз. Айниқса, ўғли Ҳумоюнга юборган мактубларида, фикримизнинг яққол исботини кўрасиз. Мактублари ва асарда давлатни бошқаришда, аввало, адолат муҳим эканлиги қайта-қайта таъкидланади. Чунки одил бўлмаган шоҳдан халқнинг ихлоси қайтишини Бобур жуда яхши билган. Адолат тамойилини Бобур улуғ бобоси Амир Темурдан олганлигига ҳеч қандай шубҳа қилмаймиз. Зеро, "Темур тузуклари"да Амир Темур, давлатни бошқаришда ўндан тўққизида адолатга, ўндан бирида эса шамширга таянганини айтиб ўтади. Нафақат айтиб ўтади, балки бутун умри мобайнида шу қоидасига амал ҳам қилади. Айниқса, ўғли Ҳумоюнга бағишлаб, 1521 йилда ёзган "Мубаййин ал-закот" асарида солиқ ишларини қай йўсинда тартибга келтириш ҳақида керакли маслаҳатларни ёзиб қолдирган.
Давлатни адолат билан бошқарган, нуфусига шафқатли бўлган, маърифатли давлат раҳбари Бобур шоҳ сифатида ҳам ҳурматга лойиқдир.
Маърифатпарвар Шоир
Бобурнинг тенгсиз иқтидори мени доимо ҳайратга солиб келади. Давлат юмушларидан, юришлардан, шунча ташвишлардан ортиб, қалам тебрата олганига, очиғи, тан бераман. Тасаввур қилинг, бир ёқда давлат юмушлари, бир ёнда жангу жадал, бир ёнда туганмас ташвишлар ичида яшаб шундай улкан маънавий мерос қолдириш учун одам қандай катта кучга, қандай улкан кўнгилга эга бўлиши керак!
Бобурнинг ёзган асарларига эътибор қилинг: умри мобайнида ёзган "Бобурнома", шеърий асарларини ўзини мужассам этган "Кобул девони" (1519 йил), "Ҳинд девони" (1528-1529 йиллар), солиқларни тартибга солиш ҳақидаги асари "Мубаййин" (1521 йил), аруз вазни ҳақида "Мухтасар" (1523-1525 йиллар) номли асарлари бизгача етиб келган. "Ҳарб иши", "Мусиқа илми" номли асарлари эса ҳозиргача топилгани йўқ. Бундан ташқари, Бобур мусиқа билан шуғулланиб, "Чоргоҳ" мақомига "савт"лар битди, Хожа Аҳрор Валийнинг "Волидия" асарини шеърий йўл билан ўзбекчага ўгирди. Уни машҳур қилган рубоийлари ҳақида сўзласам ортиқча, менимча. Бир маърифатли одам қилиши мумкин бўлган ишни, ортиғи билан уддалаш шунча бўлар-да!
Унинг шеърияти ҳақида сўзлаш учун илмим озлик қилиши аниқ. Бундан ортиғига кучим етмаслиги ҳам аниқ. Шундай экан, бу улуғ шоирнинг бир рубоийсидан келтирсак-да, сўзимизни якунласак:
Аҳбоб, йиғилмоқни фароғат тутунгиз,
Жамъиятингиз борини давлат тутунгиз.
Чун гардиши чарх будурур, Тенгри учун
Бир-бирни неча куни ғанимат тутунгиз.
Адҳам АРСЛОНОВ