Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • БИР ДАВЛАТ ЁКИ МИЛЛАТ ХАРОБ БЎЛАДИГАН БЎЛСА, ЭНГ АВВАЛО, ИЛМСИЗ ВА МАЪРИФАТСИЗ ҚОЛАДИ

Б.САЙФИЕВ

21.11.2024


БИР ДАВЛАТ ЁКИ МИЛЛАТ ХАРОБ БЎЛАДИГАН БЎЛСА, ЭНГ АВВАЛО, ИЛМСИЗ ВА МАЪРИФАТСИЗ ҚОЛАДИ

Сараланган сатрлар

Юртимизда нақ юз йил аввал қулоч ёйган жадидлар фаолияти ҳақида сўз бораркан, ушбу ҳаракат асосчиси Исмоил Гаспралини эсламаслик мумкин эмас.  1883 йилда ўзи асос солган ва Боғчасаройда чоп эттирган "Таржимон" газетаси орқали халқини маънавий жиҳатдан уйғотган ва Туркистон халқларига туртки берган ислоҳотчига ҳаётлик вақтидаёқ "Миллатнинг отаси" деган ном берилган эди.

Исмоил Гаспрали фаолияти бир-икки соатга жо бўладиган мавзу эмас. Бир нечта фактларнинг ўзиёқ унинг сиймоси ҳақида яққол тасаввур беради: у 10 ёшидаёқ ҳарбий мактабга ўқишга кирган, сўнг Москва ҳарбий билим юртида таҳсил олган, бу ерда "Московские ведомости" газетаси бош муҳаррири Иван Катков оиласида яшаган ва рус адабиётининг кўзга кўринган вакиллари билан кўришган. 1871-1874 йилларда Парижда ўқиган. Айрим манбаларга кўра, Франциядалик пайтида буюк рус адиби Иван Тургеневга котиблик қилиб, қораламаларини кўчирган. Шу орада Англия, Испания, Португалияда ҳам бўлган. Кейин Туркия, Литвага борган ва ҳар бир сафар дунёқарашида ўзгаришлар ясаган. 1879-1884 йилларда Боғчасарой шаҳри ҳокими вазифасида фаолият кўрсатган. Газета ва матбаачилик билан бирга, нефть савдоси билан ҳам шуғулланган. "Таржимон" газетаси 20 йил давомида Россия империясининг ягона мусулмон матбуоти бўлган. Гаспрали юртимизга ҳам бир неча бор келиб, таназзул сабаблари ва оқибатларига гувоҳ бўлган ҳамда ҳукмдорлар билан ислоҳ масаласида бир неча бор учрашган. Қизи Шафиқа Озарбайжон Республикаси биринчи бош вазири Насиббей Юсуфбейлининг турмуш ўртоғи бўлган...

Исмоил Гаспралининг янги усул мактаблари, яратган дарсликлари, турк оламидаги ислоҳотчилик ҳаракати алоҳида диққатга молик.

Қуйида жадидчилик ҳаракати асосчисининг "Дорур-роҳат мусулмонлари" китобидан  лавҳалар туркумладик. Китобдан "Фарангистон мактублари", "Дорур-роҳат мусулмонлари" ва "Оврупо маданиятига бетарафона бир назар" асарлари жой олган. Ишонамизки, кўп фикрлар ўйлашга, мушоҳада юритишга чорлайди.

*  *  *

Дунёда тўймаган ва тўймайдиган бир нарса борки, у - илм ва маърифат. Нақадар кўп олсанг ҳам, озга ўхшаб кўринаверади булар. Илм ва маърифат нури - олтин, қайси ўлкада чиқса ҳам, жумла дунёга қийматли ва мақбул.

*  *  *

Билиш ва ўрганиш борасида фарангларнинг ҳавас ва ғайратларига таажжубда қоласан киши. Қари, ёш, бой, фақир - ҳар ким ўқиш ва билиш тараддудида.

*  *  *

Сархуш бўлганлар ҳам бир-икки қадаҳдан бошлаб сархуш бўладилар. Шундай эмасми? Ҳаромнинг ози ва кўпи бўлмайди - ҳаммаси ҳаром.

*  *  *

Франция аҳолиси орасида ўқиш-ёзишни билмайдиган одам деярли йўқдир. Агар ёшлигида ўқий олмаганлар бўлса, улар қарилик чоғларида ҳам ўқишга рағбат қиладилар. Ҳар кун иш билан машғул бўлган фуқаролар учун "Якшанба мактаблари" мавжудки, французларда якшанба аҳли исломда "жума" мақомида бўлиб, якшанба кунлари дам олиш давомида икки-уч соат "Якшанба мактаблари"га бориб, ўқиш-ёзишни ўрганадилар. Бу мактабларда ўқиш мажбурий ва бепул. Муаллимларга маош ё жамоат тарафидан, ё хайрия орқали, ё давлат томонидан тўланади.

*  *  *

Бир французга сен французча билмайсан дейишлик сен жуда ёмон кишисан дейишдан ҳам оғирроқ. Нодон қолмоқ энг катта айб ҳисобланади. Нодон одамга на эркаклар рағбат қилар, на хотинлар муҳаббат. "Барча ёмонликнинг боши ва сабаби - нодонлик", дейдилар.

*  *  *

Булар мусулмон эмас, аммо кўп ҳоллари ислом қоидаларига асослангандек туюлади. Ўйлайманки, мусулмонлардан кўп сифатлар олганлар. Масалан, барчанинг ўқиш-ёзиш ва илм олиши "илм жумлага фарз" ҳукмига кўра одат... Бу қоида - ислом қоидаси. Лекин мусулмонлар орасида қўлланилмаганлиги сабабли французлар бунга камолан рағбат қилганлар. Юз мусулмондан ўн беши ўқир-ёзар, юз француздан ўн беш нодон топилмайди. Бундан ибрат олиш керак.

*  *  *

Эрта нима бўлишини ким билади? Бу борада олим билан нодон орасида фарқ йўқ.

*  *  *

Егани ҳалолдан касб қилинганда инсон ҳаром йўлдан қочиши шубҳасиздир.

*  *  *

Фаранглар ажойиб! Тошдан сув чиқармоқ ғайратидалар. Бир ўғри ё одобсизни тутадилар, қамайдилар, заррача заҳмат етказмай, тўра ва мирзадек асрайдилар, қамчи ва занжир ўрнига дарс ва тарбия бериб, нафс ва ярамас хулқларини тузатадилар, ҳунар ўргатиб, касбу корга йўллайдилар. Қандай улуғ адолат, қандай улуғ инсоният ва инсоф бу!

Агар фаранглар аҳли исломдан бўлсалар эди, энг яхши мусулмон бўлар эдилар. Аммо фарангларнинг қусур ва нохуш ҳоллари ҳам кўпдир.

*  *  *

Виждон кўздан нозик ва инсоф ақлдан ўткирдир.

*  *  *

Олим нодоннинг, билган билмаганнинг хўжайинидир.

*  *  *

Инсонларнинг ҳаракати, муҳаббати, муроди, матлаби ҳаммаси "фойда" қозиғига бойланган, "фойда" қозиғига келиб илинаверади. Аммо ҳар бир фойда ҳам ҳаққоният билан уйғун бўлавермайди.

*  *  *

Маърифат тарбияга; ақл ахлоққа; манманлик ва нафс ҳаққониятга ғолиб келмоқда! Молнинг кўплиги ва касрати, саноат ва ҳунарнинг тараққийси инсонларни саодатли қила олмайди. Саодати инсониянинг чашмаси биттадир. У ҳам бўлса ҳаққониятдир. Улум, таҳсил ва тарбия ҳаққоният ёйилишига хизмат қилмагунича инсон зоти  саодатдан йироқ қолаверади.

*  *  *

Испания - буюк имсол ва ибрат. Миллат ва халқ учун бойлик ва саодат олтинда эмас, иш ва ҳунарда эмиш. Мамлакатни тўлдирган олтинлар тугаб битди. Аммо олтини бўлмаган инглиз тупроғи халқининг маърифат ва ғайрати туфайли дунё хазинасига айланди. Испанлар борини еб-ичиб, оч қолдилар. Меҳнатсевар инглизлар эса жумлага ғолиб келиб, жаҳоннинг молини тўпладилар.

*  *  *

Инсон иши, инсон тартиби ҳеч қачон боқий бўлмайди. Чунки борлик ва йўқлик, тараққиёт ва таназзул сабаблари ўз ичимизда. Талафотимизга сабаб бўлган маънавий қувват вужудимиздадир. Тўғрилик ва нафсоният, ҳаққоният ва зулм, марҳамат ва ғаддорлик, танбаллик ва ғайрат, илмга муҳаббат ва жаҳолатга майл, мардлик ва олчоқлик, баҳодирлик ва қўрқоқлик - барчаси инсонга хос. Шундайки, ушбу ҳолларнинг қай бири ғолиб келса, инсоният ана шунга мувофиқ яшайди... Инсонлар хуш ахлоқли, хуш қилиқли бўлсалар, жамият ва ҳаётлари давомли бўлиб, тараққий этар, саломат ва саодатҳол бўлурлар. Акс ҳолда, ичидан чириган олмадек бир-бир тўкилиб инқирозга юз тутади.

*  *  *

Жаноби Ҳақнинг барча ҳикматлари ниҳоятда улуғ, лекин энг улуғ ҳикмати, балки, инсонга берган ақлдир. Ақл қуввати ила дарёлардан осон кечилиб, ер остида яшириниб ётган нарсалар кашф этилиб, қазиб олингани сингари, бу муқаддас қувват, яъни ақл жуда кўп дарду хасталикларга дори ва дармон бўлмоқда. Шундай бўлса-да, мурод Худоники, инсон бир восита, холос. Ҳар ҳолда, маълумот ва камолотдан куч олган ақл инсон учун бахт ва саодат чашмасидир.

*  *  *

Саломат ҳол учун Аллоҳдан қўрққандек ёлғондан қўрқиш керак, жаҳаннамдан қочгандек ёмон фикрлардан қочиш керак, жаннатга бўлган муҳаббатдек инсонларга муҳаббат қўймоқ керак...

*  *  *

Бир давлат ёки миллат хароб бўладиган бўлса, энг аввало, илмсиз ва маърифатсиз қолади. Шу ҳолда қўй сингари фаҳмсиз-идроксиз ўз бошларини ўзлари узатиб тураверадилар. Нима қилсинларки, кўзлари боғлиқ.

*  *  *

Фикр эркинлигига суяниб шуни айта оламанки, Оврупо маданиятининг саодатбахшлигига ва ундан бошқа бирор маданият бундай бўлмаяжаги иддаосига асло ишонмайман. Агар инсонларнинг кўражак сўнгги яшаш тарзи ва сўнгги маданияти бу бўлса, инсоният ниҳоятда толесиз экан! Агар бу маданиятдан яхшироқ порлоқ бир маданият майдонга келмайдиган бўлса, инсон ўғли роҳат ва саодатдан, севги ва ҳаққониятдан бебаҳра қоладиган бир махлуқ экан!

*  *  *

Бир маданият соясида инсонлар нақадар роҳат ва омонликда яшасалар, у маданиятнинг даражаси шу қадар юксак ҳисобланади. Биз маданиятнинг порлоқлигини катта қишлоқлар, ибодатхоналар, қалъалар, револьвер ва тўплар билан ўлчайдиганлардан эмасмиз. Маданиятнинг ўлчови ҳар кимнинг ундан истифодасидир. Бошқа мезонни қабул эта олмайман!

Миср маданиятдан қолмиш пирамидалар, тиктошлар бир кишининг нафсига ва кайфига миллионларча одам ўғлининг асир бўлганлигига далолат этадилар.

*  *  *

Бир қарашда Оврупонинг ҳаёт ва маданияти ғоят башанг, зийнатли ва гўзал бир аёлга ўхшайди. Бироқ бироз диққат этсангиз, шуни пайқайсизки, бу аёлнинг тишлари ясама, сочлари улама, бўлиқ тиқмачоқ, кўкси пахтаванд... Ва у ҳарир либослар ечилгудек бўлса, қийқимлар ва ямоқлардан тикилгани аён бўлиб қолади...

*  *  *

Оврупо кекса бир чолдир, тажрибаси кўпдир. Улуғ ёшига ҳурматимиз бор. Тажрибасидан ўрганамиз. Лекин хатоларини такрорламаймиз. Мактабларини, университетларини бизлар ҳам қурамиз. Аммо ақлларимизни қанча ёритсак, юракларимизни ҳам шунча "ҳаққоният" билан тўлдирмоққа ҳаракат қиламиз. Оврупода нимани кўрсак, ёш боладек олишга югурмаймиз. Эсли-ҳушли инсонлардек: "Бу нимадир? Оқибати нима бўлади? Виждон ва ҳаққониятга уйғунми?" - дея ақл тарозисига тортиб оламиз. Оврупо маданияти мулоҳазасиз қабул қилавериш мумкин бўлган бир нарса бўлса эди, бу маданиятга Оврупонинг ярми душман бўлмас эди.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo