Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

01.02.2019


БИР ЕР УЧАСТКАСИ ИККИ КИШИГА БЕРИЛГАНМИ?

Ажабланманг. Ушбу саволни бекорга бермадик. Тағин ўзи ҳаммаси муҳайё бўлса,  нимаси ҳам муаммо бўларди, дейишингиз тайин. Ахир гувоҳи бўлиб турибмиз. Ҳеч нарсаси йўқ кенг яйдоқ майдонда 1 йил ичида бундайроқ бир заводни қуриб битказиб, ишга ҳам тушириб юборишаяпти.

Аммо ҳар доим ҳам бу иш осон битмаскан. Масалан, Қарши тумани шароитида аҳолига хизмат кўрсатувчи кичик бир объектни барпо этишга икки йил муддат ҳаммага ҳам кифоя қилмайди, чамаси. Нега, дейсизми?! Сабабини ҳозир билиб оласиз.

БИЗНЕС ЮРИТМАСА, ЕРНИ ОЛИБ НИМА ҚИЛАРДИ?

Маълумки, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ажратиладиган 1 гектаргача бўлган ер участкаси 2016 йил 1 январдан эътиборан очиқ танлов савдосига (ҳозирда эса электрон аукцион савдоси орқали сотиш тартиби амал қилади) қўйиларди. Худди шу йил охирида Қарши туманидан ҳам бир қатор ер участкалари танлов асосида сотувга чиқарилган. Жумладан, савдо якунларига кўра, Чаман ҚФЙ Мустақиллик қишлоғи ҳудудидан савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биноси қуриш учун мўлжалланган 8-сонли 2100 квадрат метр ер майдони фуқаро Ирода Ботировага сотилган. Яъниким, ушбу талабгорнинг тижорат таклифи ҳудудий танлов комиссияси томонидан маъқулланган ва ғолиб деб топилган. Бу эса ўша пайтдаги танлов комиссияси раиси, вилоят ҳокими ўринбосари Т.Рузиев 2017 йил 24 январда имзолаган 20/1-сонли баённомада ҳам акс этган.

Шундан сўнг кейинги жараёнга киришилган. Сотувчи, Қарши тумани ҳокимлиги номидан Ҳ.Турдиев ва харидор Ирода Ботирова ўртасида 2017 йил 22 февралда шартнома тузилган. Албатта, мазкур ҳужжатга асосан, томонлар тегишли ҳуқуқлар билан бир қаторда, муайян мажбуриятларни ҳам ўз зиммасига олишган. Хусусан, харидор тасдиқланган лойиҳадан четлашмаган ҳолда 3 йил муддатда бинони батамом қуриб битказиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширишга мажбур. Акс ҳолда, шартнома талаби бажарилмаган, келишув ўз кучини йўқотган ҳисобланади, ер эса туман захирасига қайтарилиши лозим бўлади.

Хўш, орадан шунча фурсат ўтиб, нима ўзгарди? Кўзда тутилган жой обод бўлдими, зарур инвестиция киритилдими, ваъда қилинган иш ўрни яратилдими? Афсуски, шу чоққача бирортаси бажарилмагани, ҳеч бир амалий саъй-ҳаракатга қўл урилмагани аён бўлди. Икки йилда бир иш қилмаган киши, бир йилда нимани уддаларди? Ўзи тадбиркор нега   сусткашликка йўл қўймоқда ёки бизнес юритгиси йўқми, ерни мақсадсиз олган, дерсиз. Албатта-да, у бўлмаса, буни эплайдиган бошқа биров топиларди.

ҚАРОР ЧИҚАРИШГА 2 ЙИЛ КЕТАДИМИ?

Гап нимада эканини билиш учун фуқаро билан гаплашдик. Шунда ҳаммаси бир қадар ойдинлашди. Унинг айтишича, рухсат берилмаса, қурилиш бошлаб бўлмаскан. Туман ҳокимининг ер ажратиш тўғрисидаги қарори ҳам 2018 йил 22 декабрда, салкам 2 йил деганда чиқибди.

- Тўғриси, жараён бунча чўзилади, деб ўйламагандим, - дейди И.Ботирова. - Икки томонлама шартномада ҳам айтилган, зарур ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилгач, ер ажратиш тўғрисидаги қарор расмийлаштирилиши керак, деб. Қачон эди уларни топширганимиз. Танлов предмети қиймати, яъни ер учун 15 миллион сўм ҳамда бошқа тўловларни ҳам қилиб бўлгандик. Масъуллар уни-буни баҳона қилиб, атай кечиктиришди. Бир қанча ташкилотлардан хулосалар олиб келишни ҳам сўрашди. Билсак, аслида улар керакмаскан. Фақатгина отангга бор, онангга бор, деб судрашгани қолди.

Дарҳақиқат, фуқаро ҳоким қарори чиқмаётганидан хавотир билдириб, бир неча бор мутасаддиларга мурожаат қилишгача борган. Жумладан, Қарши тумани архитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғига, натижа бўлмагач, туман ҳокимига хат йўлланган. 2018 йил 7 сентябрдаги мурожаатга ҳокимликдан 2018 йил 12 декабрь куни (эътибор беринг-а, икки ойдан ошиқ вақт ўтиб. Бу масъулларнинг ижро интизомига қандай муносабатда эканини ҳам кўрсатади) "ер майдони учун тегишли ҳужжатлар тайёрланиб, кўриб чиқиш учун туман ишчи комиссиясига тақдим этилди" мазмунида жавоб келган.

Маълум бўлишича, қарор қўлига теккан бўлса ҳам, айни пайтда фуқаронинг қурилиш қилишига ижозат йўқ экан. Аввал архитектура-режалаштириш топшириқномаси ва лойиҳа-смета ҳужжатлари вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси шаҳарсозлик кенгаши тасдиғидан ҳамда тегишли инспекция рўйхатидан ўтказилиши керак. Тадбиркор бу масалада яна қанча сарсон бўлиши эса бизга қоронғи.

ЭГАСИ БОР ЕРНИ ТАНЛОВГА КИМ ҚЎЙГАН?

Қизиғи, фуқаро ер участкасида қачон қурилиш бошлай олиши ҳали анча вақт мавҳум қолишини бошқа бир муаммо ҳам кўрсатиб турибди. Боиси, И.Ботированинг Президент виртуал қабулхонасига жўнатган мурожаатига 2017 йил 13 июнда вилоят архитектура ва қурилиш бош  бошқармаси бошлиғи ўринбосари Р.Шаймардонов имзоси билан қуйидагича мазмунда жавоб қайтарилган экан. Билдирилишича, туман ҳокимининг 2016 йил 21 ноябрдаги Х-2189/11-сонли қарори билан танлов савдосига қўйилган 8-сонли , Чаман ҚФЙ Мустақиллик қишлоғи ҳудудидаги 2100 квадрат метр ер участкаси 2009 йилда фуқаро Сардор Қодировга деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун мерос қилиб қолдириш ва умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан ажратилган бўлиб, туман ҳокимлиги захира ер фондига қайтарилмаган. Шу муносабат билан, Қарши тумани ҳокимлиги ва фуқаро И.Ботирова ўртасида тузилган шартномани бекор қилиш сўралган.

Ана холос. Демак, ер бошқа бировга тегишли бўлганлиги ойдинлашмоқда. Энди эса очиқ танлов савдосида қатнашиб, бизнес ташкил этиш учун муҳим заминга эга бўлдим, деб қувонган тадбиркорнинг аҳволини ўзингиз тасаввур қилаверинг. Табиийки, у ўзини ҳақ деб билади, қонунга хилоф иш тутмаган, ерни зўравонлик билан тортиб олмаган бўлса. Бунда уни айблаб ҳам бўлмайди.

Эътиборлиси, С.Қодиров ва унинг яқинлари билан суҳбатлашганимизда, улар ернинг биринчи эгаси эканини тасдиқлашди.

- Бу ердан анча йилдан бери фойдаланиб келамиз, - дейди деҳқон хўжалиги аъзоси Ў.Бобоқулов. - Шу пайтгача ерда деҳқончилик қилиб, фойда кўрганмиз. Бир қисмига ўт экиб, қолганида помидор етиштириб турганмиз. Кейин танловга қўйилганини билиб қолдик. Қўлимизда ҳужжатимиз бор. Эгаси биз бўлсак. Мутасаддилар қаерга қарашган ўзи? Тадбиркор келиб, бино қураман, дейди. Ўртада жанжал ҳам келиб чиқаяпти. Шунча пайт қонуний ишлатиб турган ерни бериб қўйиш кимга ҳам ёқади?

Ушбу фуқарога тегишли ҳужжатлар ҳам жойида. Ўшанда Қарши тумани ҳудудида ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш комиссияси ер ажратишга ижобий хулоса берган. Мазкур масала туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи, ўша вақтдаги Хонобод, ҳозирги Чаман ҚФЙ раиси (бу инсон ҳозиргача шу вазифада ишлаб келмоқда) билан келишилган.

Шу ўринда савол туғилади. 2016 йилда танловга қўйиш чоғида мазкур ер аслида деҳқон хўжалигига қарашли экани нега эътиборга олинмаган? Белгиланган тартибга кўра, бу масала тегишли ташкилотлар томонидан обдан ўрганилиши, шундан сўнггина рухсат этилиши керакмасмиди? Маҳалла раиси, бошқа тегишли масъуллар билмасмиди шуни?

КИМГА ИШОНИШ КЕРАК?

Кўрсак, билганлар бор экан. Фақат улар шу чоққача ўзини ошкор қилишга шошилмаган кўринади. Қарши тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Ж.Рустамов 2019 йил 18 январь куни тақдим этган маълумотнома билан танишсак, бунга амин бўламиз. Ўрганиш ўтказган бу мутасадди ҳам танловга қўйилган, Чаман ҚФЙ Мустақиллик қишлоғи ҳудудидаги ер туман ҳокимининг 2009 йил 6 ноябрдаги Х-568/11-сонли қарори билан фуқаро С.Қодировга деҳқон хўжалиги қилиб берилганини, қарор ҳали ҳам ўз кучида эканини уқтиради. Ер кодексининг 23-моддасига кўра, "эгаликдаги, фойдаланишдаги, ижарадаги ва мулк қилиб берилган ер участкасини бошқа шахсларга бериш (реализация қилиш)  фақат шу участка белгиланган тартибда олиб қўйилган (сотиб олинган)дан кейин амалга оширилишини" ҳам эслатиб  ўтади.

Маълумотномада қўшимча қилинишича, ерни танловга қўйишдек "эҳтиётсизликка йўл қўйган" ташкилот туман архитектура ва қурилиш бошқармаси экан. Хўп, "ер тузувчилар" билар экан, вазият шу даражага етишига нега жим қараб турган, ўз вақтида огоҳлантирмаган?

Бошқа бир маълумот эса ҳар қандай кишини янада сергак торттиради. Бу сафар у фуқаро И.Ботирова мурожаатига асосан Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Б.Раҳимов томонидан берилган. Бу ташкилотнинг биз кўраётган масалага қандай дахли бор, дейсизми? Мана, нега? Хатда айтилишича, "... фуқаро Ирода Ботировага қишлоқ хўжалиги харитасининг 84-контуридан жами 2100 квадрат метр ер майдони ажратилган бўлиб, ушбу ер Ф.Ражабов сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидаги хўжаликлараро Д-9 коллекторининг кўмилиб кетган қисми эканлиги аниқланди. Ўлчов ишлари ўтказилганда, танланган участка узунлиги 70 метр, эни 30 метр, шундан 7 метр коллектор юқори қисми кенглиги, 23 метр қисми эса коллектор иккала томони муҳофаза майдонини ташкил этди".

Маълум бўладики, ер участкасининг муайян қисми аввал зовур бўлган ва кейин кўмилиб кетган. Коллекторнинг маълум қисми қолдирилган, қолгани сув истеъмолчилари уюшмаси ҳисобидан чиқарилиб, 2017 йилда туман захира ер фондига қайтарилгани таъкидланади маълумотда. Яъни ушбу ҳудуд шу вақтгача   туман ҳокимлиги захирасида бўлмаган. Унда бу ер қандай қилиб аввал деҳқон хўжалигига ажратилиб, кейин танловга қўйилган, деган савол очиқ қолади, албатта.

Хуллас, икки ташкилот икки хил гапни айтаяпти. Қай бирига ишонишни ҳам билмайди киши. Яна бир томони, ер участкаси С.Қодировга тегишли экани тўғрисидаги қарорда 86к контур, И.Ботировага тегишли ҳужжатда 84-контурда жойлашган, деб кўрсатилган. Бу ҳам бир чигалликдан  бошқа нарса эмас. Мазкур ҳолат орқали Қарши туманида ер ресурсларидан фойдаланилиши аҳволи қандай эканига баҳо бериш мумкин, назаримизда.

ҲАММАСИНИ СУД ҲАЛ ҚИЛСИНМИ?

Юқорида қайд этганимиздек, бир ерга даъво қилаётган икки тарафни ҳам айблаш буткул нотўғри бўлади. Чунки иккаласида ҳам рад этиб бўлмайдиган ҳужжат бор, қонунга зид иш қилган жойи йўқ. Бири деҳқон хўжалиги юритиб, рўзғоримни бутлай, дейди. Бошқаси салмоқли сармоя киритиб, ҳудудда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектини  бунёд этиш ниятида. Ушбу вазиятда ҳар икки томон манфаатига путур етса ҳам, адолатдан бўлмайди.

Ҳар иккисини ҳам тадбиркор деб ҳисобласак, демак, маҳаллий ҳокимият ишбилармонларни шундай қўллаб-қувватлар экан-да? Боши берк кўчага киритиб қўйиб, уларга муаммо яратиб. Ахир шу эмасми тадбиркор фаолиятига очиқ-ойдин тўсқинлик қилиш?! Бундай ҳолатлар хусусий мулкдорларда бизнес бошлаш иштиёқи сўнишига, ҳафсаласи пир бўлишига олиб келмайдими?  Аҳоли ёппасига тадбиркор бўлиб кетмаётганига, ишбилармонлар тез суръатда кўпаймаётганига шу эмасми сабаб? Тадбиркор сони ошиши бюджетга тушум ортиши, янги иш ўринлари очилиши, пировардида ҳудуд жадал ривожланишига хизмат қилади-ку ахир. Буни мутасаддилар унчалик хоҳламайди шекилли?! Ёки бу ерда бошқа мақсад борми?

Хўш, туман ҳокимлиги бу борада қандай чора кўрди, масалани қай йўсинда ҳал этди, ўз хатосини тўғрилай олдими, дерсиз. Афтидан, ҳокимликда ўтирганларга бунақа "бош оғриғи" умуман керакмасга ўхшайди. Бўлмаса, осон йўлдан боришмасди.

Ҳоким томонидан 2019 йил 21 январда йўлланган хат мазмуни тўла шунга ишора қилади. Эмишки,  энди ҳоким ўзи қабул қилган қарорни бекор қилолмайди, томонлардан бири путур етган манфаатини ҳимоя қилиш учун ҳоким қарори юзасидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Нима, жавобгарликдан очиқчасига қочишми бу? Бир ер учун икки киши ёқавайрон бўлиб низолашсину, мутасаддилар томошабин бўлсин экан-да. Хўш, бу қачонгача давом этади?! Шундай экан, бу мавзуга ҳали яна қайтамиз.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Report typo