Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

15.02.2019


БИР ЙИЛДА 1000 ТА ТАЙЁР УСКУНА ИШЛАБ ЧИҚАРИЛАДИ

Бу дегани, воҳамизда хорижда ишлаб чиқарилган илғор технологияларга талаб ҳамон юқори. Ҳатто бултур фақат шу мақсад учун сарфланган валюта ҳажми аввалги йилга қараганда 50 миллион долларга кўпайган. Сабаби тушунарли, албатта. Ҳудудда бундай қувватларни, замонавий дастгоҳларни тайёрлаш ҳанузгача деярли ўзлаштирилмаган. Ички имкониятлар эса ишга солинмасдан келмоқда.

Бироқ охирги пайтда мазкур соҳага тадбиркорлар эътибори бироз бўлса-да, кучайган. Воҳамизда хориж тажрибаси асосида тайёр технологик ускуналар ишлаб чиқаришни кўзда тутувчи бир қанча лойиҳа рўёбга чиқарилаётгани ҳам шунга далолатдир.

Мана, бир мисол. Китоб туманида жорий йилнинг иккинчи чорагида йирик қувват ишга тушиши кутилмоқда. Янги ташкил топган "Erkan machinery" Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонасида йилига 1000 дона тайёр ускуна ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Қўлланиш соҳаси эса омихта ем ишлаб чиқариш ва донни қайта ишлаш тармоқларидир. Ушбу лойиҳа қиймати 2 миллион АҚШ долларига баҳоланган бўлиб, ички ҳамда ташқи бозорга импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулот етказиб бериш имкониятини яратади. Албатта, ташаббус юқори иқтисодий-ижтимоий аҳамиятга эга. Хўш, ҳозир унинг амалга ошиши қандай   кетаяпти?

- Завод барпо этиш учун туманимиз ҳудудидан 3 гектардан зиёд ер ажратиб берилган, - дейди қўшма корхона раҳбари Алижон Эшқобилов. - Бино ва иншоотлар қурилиши аллақачон якунланган. Дастгоҳларнинг асосий қисми келтирилган. Уларни монтаж қилиш ишлари давом этаяпти. Фақат шу харажатлар учун 1 миллион АҚШ доллари йўналтирилди. Қурилиш ишлари зарур талаблар асосида бўлиши таъминланди. Умуман олганда, лойиҳа доирасида 90 фоиз иш бажарилди. Жиҳозлаш тугалланса, дарҳол ишлаб чиқаришга киришамиз.

Тадбиркорнинг билдиришича, лойиҳага киритилган тўғридан-тўғри хорижий сармоя миқдори ҳам оз эмас. Туркиялик ишбилармонлар қарийб 500 минг АҚШ доллари атрофида инвестиция йўналтиришга рози бўлган. Ушбу инвестиция асосан технология ва зарур эҳтиёт қисмлар кўринишида ўзлаштирилмоқда.

Ўзи тайёр ускуна ишлаб чиқариш бўлса, унга кетадиган қисмлар тўлиғича четдан олиб келинар, дейсиз. Биз ҳам шундай фикрга боргандик. Аммо корхона раҳбари тайёр маҳсулот таркибида маҳаллий деталлар улуши 50 фоиздан кам бўлмаслигини қайд этиб, гумонимизни аритди. Яъни ускунанинг айрим қисмлари шу ерда ишлаб чиқарилади ва бунга имконият ҳам етарли. Фақат мураккаб деталларгина Туркиядан келтирилади. Эътиборлиси, бу билан чекланмай, келгусида маҳаллийлаштириш жараёнини фаол давом эттириш мақсад қилинган. Корхона тўла қувват билан ишлай бошлагач, 20 нафар мутахассис доимий иш ўрнига эга бўлади.

Вилоятимизда импорт ўрнини босувчи маҳсулот тайёрлашнинг кенг йўлга қўйилиши қимматли валютани тежашга, унинг ташқи бозорга ҳам чиқарилиши мумкинлиги эса, аксинча, валюта тушуми кўпайишига хизмат қилади. Бу маблағлардан келажакда янада унумли фойдаланиш имконияти кенгаяди.

М.ШУҲРАТОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Report typo