Анжуманда соҳанинг малакали мутахассислари - "Ponseti" халқаро ассоциацияси аъзоси Хушнуд Рустамов, понсетиист-шифокор, Тошкент педиатрия тиббиёт институти илмий маркази вакили Отабой Ниёзметов, травмотолог-ортопед Шокир Жўраевнинг туғма маймоқликда Понсети усулини татбиқ этишнинг муҳим жиҳатларига доир маърузалари тингланди.
- Туғма маймоқлик энг кўп учрайдиган ортопедик касалликлардан бири бўлиб, ўрта ҳисобда, туғилган ҳар 1000 боладан 4 нафарида учрайди, - деб қайд этди Хушнуд Рустамов. - Унинг пайдо бўлиш сабаблари борасида аниқ хулосага келинмаган, лекин баъзи ҳолатларда қариндошларда кузатилгани, она ҳомиладорлик даврида касаллангани, жароҳат олгани каби ҳолларда юзага келиши кўрсатилади. Энг афсусланарлиси, фарзандларнинг туғма маймоқ бўлиб дунёга келишида калтабинларча фақат аёллар айбдор саналиб, оилаларнинг бузилиши ҳолатлари ҳам кўп учрамоқда.
Мутахассисларнинг қайд этишларича, замонавий тиббиёт бу касалликни қисқа муддатда, самарали даволаш имконига эга. Бу нуқсонни даволаш бўйича ўтган аср ўрталарида асли испаниялик ва АҚШда истиқомат қилган шифокор Игнасио Понсети ўз усулини таклиф этган. Мазкур усул 3 босқичдан иборат бўлиб, дастлаб боланинг оёғига бармоқлар учидан то соннинг юқори учлигигача тизза 90 даража букилган ҳолда этапли гипс боғламлари қўйилади. Маймоқликда Ахилл пайи калта бўлгани ҳисобга олиниб, 2-босқичда шу пай узайтирилади. Амалиёт маҳаллий оғриқсизлантириш остида, терини кесмасдан ва чок қўймасдан бажарилади. Бунда терида чандиқ қолмайди. Мазкур тадбирдан сўнг 3 ҳафтага гипс боғлами қўйилади.
3-Брейс босқичида беморлар оёғига махсус мосламалар тақилади. У касаллик қайталаниш хавфини камайтириш учун хизмат қилади. Бунда дастлабки 3 ой беморлар суткада 23 соат давомида Брейс тақишлари зарур. Бола катта бўлиши билан, мослама тақиш давомийлиги камайтириб борилади. Беморлар мустақил юргач, Брейсларни фақат уйқу даврида тақиш тавсия килинади. Беморлар 5 ёшга тўлгунча ушбу қоидага қатъий риоя қилишлари талаб қилинади.
Анжуманда мутахассислар томонидан мазкур янги стандарт усулининг афзалликлари махсус тақдимотлар асосида батафсил шарҳланди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.
Н.ХЎЖАЕВ
Суратларда: анжумандан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.