Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

15.12.2023


БИР ХИЛ, БИР ХИЛ...

Нуқтаи назар

Болалик китобларимизда “Қишин-ёзин бир хил кийимда” деган топишмоқ бўларди. Мана, ёшимиз улғайиб, кўриб-кузатаяпмизки, жавоби аниқ ушбу топишмоқ ҳали-ҳануз аҳамиятини йўқотмайди, ўзга кўриниш, шакл-шамойилда намоён бўлаверади...

Биласиз, ҳар йили вилоят мусиқали драма театри ёнидаги хиёбонда Қарши шаҳри бош арчаси ўрнатилади. Мақсад – аҳолига байрамона кайфият улашиш, айниқса, болажонлар завқу хурсандчилиги учун ҳисса қўшиш, улар хотирасида унутилмас таассуротлар қолишига эришиш. Бунинг учун озмунча маблағ сарф этилади дейсизми – биргина байрам арчаси безаклари учун неча юз миллион сўм йўналтирилишини ҳаммаям ўйлаб ўтирмайди. Аммо...

Неча йилдирки, бу ерда бир хил манзара – ўша арча, ўша безаклар, ўша ясама Қорбобо ва ўша эскирган сценарий. Ҳаммаси бир хил, бир хил...

Куни кеча шаҳардаги супермаркетлардан бирининг ёнида безатилган байрам арчасини кўриб, роса ҳайратландим. Ўзига хос безаклар, узоққа чўзилган тунги чироқларни кўриб, гўё эртакларнинг сеҳрли оламига тушиб қолганга ўхшайсиз. Шу сабаб ҳам одамлар суратга тушган, бахтли лаҳзаларини видеога муҳрлаган, фарзандларига ўйинчоқларни кўрсатган. Мана бўларкан-ку, дейсиз.

Театр ёнида эса “эски тос, эски ҳаммом”. Ўтган йилларнинг айнан такрори бўлгани етмагандай, ўша безаклар ҳам дид билан танланмаган, беўхшов нарсалар илиб ташланаверган, ижодий ёндашув сезилмайди. Санъаткорлар иштирокида концерт бўлмаса-ку, бу ерга биров ўзи хоҳлаб бориши қийин. Боргандаям жуда гўзал манзарага гувоҳ бўлади, деб бўлмайди.

Ўйлаб қоласан киши: нима, йилда бир марта ўтадиган байрам учун Янги йил арчасини бутунлай ўзгача, ижодий ёндашган ҳолда безатиш, байрамни янгича руҳда нишонлаш имкони йўқми? Номига арча бўлса, бўлди, одамлар расмга тушиб кетаверади, деб кимдир ўйлаётган бўлса, хато қилади. Арча безатиш, байрам тадбирларини ўтказиш бюджет ҳисобидан амалга оширилаяптими, одамлар яхши манзара, чиройли байрам, дастур кутишга ҳақли.

Ҳалиям кеч эмас, масъуллар одамлар безиган арчадан, сценарийдан воз кечиб, янгилик киритишларига вақт етарли. Ҳар ҳолда улар шунга масъул этилган, одамларни бездиришга эмас...

НАСРИДДИН

 

 

 

Report typo