Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Фирдавсий ЖАББОРОВ

12.03.2019


БИР КУНДА 48 ТА МУАММО АНИҚЛАНДИ

Бу борада вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан ҳам тегишли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда ишлар олиб борилмоқда.

Шунга мувофиқ, бошқарма бошлиғи раҳбарлигидаги 4-сектор таркибига кирувчи Шаҳрисабз туманида уйма-уй юриш орқали аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилинди, ҳудуддаги ечимини кутаётган, одамларни  қийнаб келаётган кўплаб муаммолар аниқланди.

- Маҳалламизда иқтидорли болалар, хусусан, санъатга қизиқадиган ёшлар жуда кўп, - дейди тумандаги Амир Темур маҳалласида яшовчи Ойгул Муҳиддинова. - Уларнинг истеъдодини рўёбга чиқаришимиз керак. Агар маҳалламизда битта мусиқа мактаби очилса, фарзандларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни санъатнинг сирли оламига ошно қилишга яқиндан ёрдам берган бўлардик.

Эътиборли томони, аксарият аҳоли вакиллари томонидан нафақат ўзи ёки оиласига тегишли, балки маҳалла, туман ижтимоий ҳаёти билан боғлиқ муаммолар ўртага ташланди.

Мисол учун, туманнинг Сойбўйи қишлоғида яшовчи фуқаро Илҳом Самадов ҳудуддаги 32-мактабни кенгайтириш, мавжуд мактабгача таълим муассасасини таъмирлаш, қишлоқдаги трансформатор, симёғочларни янгилаш масаласида мурожаат қилди.

Шаҳрисабз тумани 8-умумий ўрта таълим мактаби директор ўринбосари Шарофат Эшқобилова эса қишлоқда бирорта ҳам кутубхона мавжуд эмаслигини айтиб, агар битта кутубхона ташкил этилса, бу нафақат ёшлар тарбиясига, балки оилавий китобхонликнинг ривожланишига ижобий таъсир этишини билдирди.

- 4-сектор таркибига кирувчи Шаҳрисабз туманида 15 минг 947 хонадон, 19 минг 396 та оила бўлиб, уларда 75 минг 211 нафар аҳоли истиқомат қилади, - дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Қудратали Маматисаев. - Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ўтказилган уйма-уй юриш тадбирлари натижасида айни вақтга қадар юздан зиёд турли муаммолар аниқланган. Хусусан, бугунги сайёр қабулда  21 нафар фуқародан 48 та муаммо бўйича мурожаат келиб тушди.

Ўзбекистон Республикаси  Президентининг 2019 йил 8 январдаги тегишли қарори ҳамда 2019 йил 17 январдаги "Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижроси юзасидан ўтказилган сайёр қабулда аксарият муаммолар жойида ҳал этилган бўлса, қолганлари бўйича "йўл хариталари"  белгиланиб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.      

Фирдавсий ЖАББОРОВ

 

Report typo